Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мўминнинг фаросати ёхуд уношини яхши кўрган раҳбар

Мўминнинг фаросати ёхуд уношини яхши кўрган раҳбар

Бир ҳожи акамиз ҳикоя қилиб бердилар.

Қайноталари 1960 йиллар бир туманда катта раҳбарлардан бири экан.

Хизмат юзасидан гоҳ-гоҳида қишлоқларга, раисларни текшириш учун чиқиб турар эканлар. Шу мавзуда қишлоқдаги раҳбарлар билан гаплашганларида, уларнинг тушликка нима овқат қилдириб қўяй?,-деган саволларига: «Уноши қилдириб қўйинг», -деб жавоб берар эканлар. Шу сабаб ҳамма қўл остидагилар катта раҳбар уношини яхши кўрадилар деб, қаерга борсалар уноши қилишадиган бўлишибди. У киши ҳам қаерга борсалар, мақтаб-мақтаб уноши билан тушлик қилиб келарканлар. Раҳбарга ёқди, деб улар ҳам хурсанд бўлиб қоларкан.

Шу-шу у кишининг энг севимли овқати уноши бўлиб кетибди.

Бу воқеани гапириб бераётган ҳожи ака айтадилар: «Тақдир тақозоси билан шу катта раҳбарга куёв бўлдим. Кунлардан бирида уйларига бориб, суҳбатлашиб ўтирарканман таом мавзусида гап очилди.

Мен қайнотамга: «Сиз жуда ҳам уношини яхши кўраркансиз»,-дедим. У киши нимага шама қилаётганимни сезиб, гап бошлади:

«Йўқ, ўғлим, мен уношини сиз ўйлаганчалик яхши кўрмайман»,-дедилар. Ажабланиб қараб турганимни кўриб, гапларини давом этдилар:

«Болам, ўша биз раҳбар бўлиб ишлаган вақтда озиқ-овқатлар ичида энг қиммати гўшт, уни топиш ҳам муаммо эди. Энг камхарж овқат уноши эди. Жойлардаги раҳбарлар ҳам юқоридан келган текширувчиларни асосан уйида меҳмон қилдирар, имкон қадар гўштли таом тайёрларди. Мен эса борган жойимда бирор хонадонни ҳижолат қилмай, ортиқча ташвишга қўймай деб, уноши қилдирар эдим. Шу сабабли мени уношини яхши кўради, деб тушунишарди»,- дедилар…

Бу жавобни эшитаётган ҳожи ака шундай инсонга қуёв бўлганидан ич-ичидан севиниб кетибдилар. Яратганга ҳамдлар айтибдилар.

Ҳа азизлар, бу исломнинг тарбияси, мўъминнинг фаросати эди.

Миршавкат Музаффар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan