Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мўминлигимиз мезони

Мўминлигимиз мезони

Аллоҳ таъолонинг муқаддас китобида мўмин бандалар учун мезон бўлмиш бир муборак сура бор. Номи ҳам уларнинг номидан олинган: “Мўминлар”.

Сура Маккада нозил бўлган. Аввалги ўн бир оятида Аллоҳга иймон келтирган бандаларнинг сифатлари баён этилади. Хўш, ўша сифатлар бугунги мўминларнинг хулқидан қанчалик жой олган? Агар улар бизда тўла ҳолда топилса, алҳамдулиллаҳ, ҳақиқатдан мўминмиз. Мабодо бўлмаса-чи?!

Аллоҳдан бизни чин мўминлардан қилишини сўраган ҳолда баъзи оятларни ўқиймиз.

“Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир” (2-оят). Намозда бўйин эгиб, хокисорлик ва хушу билан туриш – Аллоҳнинг бандага жуда ҳам яқин эканлигини ҳис этган ҳолда, қалбни Унгагина боғлаб, холис туришдир. Шунда қалб тин олади, ибодатдан лаззат топади, руҳ хотиржам бўлади, аъзолар, бутун жасад тинчланади. Банда намозида нима ўқиётганини, кимнинг ҳузурида туриб, кимга руку, сажда қилаётганини ёдда тутса, васваса ва бекорчи ўй-хаёллар ундан даф бўлади.

“Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир” (3-оят). Яхшилик, фойдаси бўлмаган сўз-амаллар беҳуда, бемаънидир. Агар киши тилига эгалик қила олса, тезда нафсига ҳам эгалик қилиши, шубҳасиздир.

Абу Умома ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё ва камчилик имоннинг икки шохчасидир. Уятсизлик ва сергаплик нифоқнинг икки шоҳчасидир”, деганлар (Термизий, Ахмад ривояти). Демак, чиройли гапираман деб ўзини чечан кўрсатиш, ҳар қандай баҳсда ютиб чиқиш учун керагидан ортиқча сўзлаш, мўминга хос сифат, иш эмас.

Мўминга хос хислат – рост, қисқа ва тушунарли қилиб сўзлаш. (Аллоҳнинг динини ҳимоя қилишдаги мунозара бошқа гап).

Бу айтганларимиз мўминнинг бор-йўғи икки сифати ҳақида эди. Мўминнинг қолган сифатларини ҳам диққат ила ўрганмоғимиз ва уларни ҳам касб этмоғимиз лозим.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби Х.Холбоев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan