Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мўмин ва неъмат

Мўмин ва неъмат

Осонгина эришиш натижасида кўз ўрганиб, оддий нарсадек туюлиб қолган нарсаларнинг – кўраётган кўз, эшитаётган қулоқ, ҳаракатланаётган оёқ-қўл, ейилаётган озиқ-овқатлар, нафас олинаётган тоза ҳаво, эгалик қилинаётган уй-жой, машина сингари санаб-саноғига етиб бўлмайдиган барча неъматларнинг соҳиби Аллоҳ эканлигини фақат мўминларгина идрок этадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Наҳл сураси, 18-оят).

Юқоридаги ояти каримада Роббимиз билдиргани каби, Аллоҳ ҳалол қилган беҳисоб неъматлардан мўминлар баҳраманд бўлиб, унинг шукрини қиладилар. Лекин баъзи жоҳил кимсалар каби уларга алданиб, охират ва Қуръон хулқи билан яшаш масъулиятини унутмайдилар. Шу сабабли Аллоҳ ато этган давлат, шуҳрат, иқтидор сингари синов учун берилган вақтинчалик неъматлардан кибрланиб кетмайдилар. Қуръон билан хулқланган мўмин учун мол-мулк, шуҳрат сингари дунё неъматлари Аллоҳга яқинлашиш ва шукур этиш учун бир восита, холос. Мўминнинг асосий мақсади фақат ҳаёти давомида фойдаланадиган уй-жой, машина, кийим-кечак каби буюмларга эга бўлиш эмас. Бинобарин, ўлим келганда бу дунёда орттирган нимаси бўлса ҳам, ундан айрилади. Шу ҳақиқатни англаган мўмин киши дунё ва унинг зийнатларига алданиб қолмайди. Балки буларнинг ҳақиқий соҳиби бўлмиш Яратганга шукрона қилади. Ваҳоланки, баъзилар шукур этиш учун оламшумул ҳодисалар юз беришини ёки улкан муаммолари ҳал бўлишини кутадилар. Ҳаёти, соғлиғи, нафас олаётган мусаффо ҳавоси, баҳраманд бўлаётган қуёш нури каби санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматларга беписанд карайдилар. Аллоҳ берган туҳфаларни қадрламайдилар, шукрини қилмайдилар. Уларнинг қадрини қўлдан бой бергандагина тушуниб етадилар.

Берилган неъматларга кибрланмай, улар учун миннатдор бўладиган бандаларига Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«…Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрона (неъмат)  қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бандалар ўз эҳтиёжлари учун берилганидан ортганини, давлатининг ортиқчасини хайр-эҳсон, нафақа қилишлари керакки, сахийлик ҳам мўмин кишининг сифатларидандир. Шунингдек, инсонлар бу орқали биродарлик, тенглик бурчларини адо этиб, Аллоҳ розилигини топиш бахтига эришадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни неъмат қадрини билувчи ва унга шукур қилувчи бандаларидан қилсин!

 

Бекобод тумани бош имом-хатиби

Анвар Рисбоев