Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МЎМИН ФАРОСАТЛИ ВА БЕОЗОР БЎЛМОҒИ КЕРАК

МЎМИН ФАРОСАТЛИ ВА БЕОЗОР БЎЛМОҒИ КЕРАК

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилган оятида: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби Сизларга (ҳам) рўза фарз қилинди, шоядки тақводор бўлсангиз”, деб рўзанинг асосий фазилати ва хусусиятини баён қилган. “Бақара” сураси, 183-оят.

Демак, рўзани фарз қилинишидан асосий мақсад – рўзадорни тақво аҳлидан бўлиши экан!

Тақво нима?

Тақво – Аллоҳ таолонинг розилиги ва марҳаматидан маҳрум қиладиган сўз ва амаллардан тийилмоқ, шунингдек, уларни вожиб қилувчи сўз ва амалларга талпинмоқдир.

Тақво Аллоҳ таоло билан бўладиган ибодатларда бўлгани каби бандалар билан бўладиган муомалаларда ҳам ўз аксини топмоғи даркор.

Хўш, тақводор бўлмоқ учун бандалар билан қандай муносабатда бўлмоқ керак?

Расулуллоҳ алайҳис салом айтадилар:

“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни хўрламайди ва ҳақоратламайди”. Имом Муслим ривояти.

Расулуллоҳ алайҳис саломни аввалдан дўстлари бўлган Иёз ибн Ҳимор ал-Мужошаъий розияллоҳу анҳу айтади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ менга камтар бўлишларингизни ваҳй қилди! Токи, бирор кимса бошқасига манманлик қилмасин. Бирор кимса бошқасига зулм қилмасин”. Имом Муслим ривояти.

Мана кўринг, мусулмонлар ўзаро бир-бирлари билан қандай муносабатда бўлишлари керак…

Демак, рўзани фарз қилинишидаги асосий ва ягона мақсад – банда ўзини ҳар қандай ёмонликлардан асрамоғи экан!

Рўзадорнинг сўзи ширин, амали солиҳ, қалби пок ва ризқи ҳалол бўлмоғи керак!

Агар у инсонлар билан аёвсиз муомалада қилса, сўзи ёки амали билан уларга озор берса рўзасидан савоб тополмагай. Топгани фақатгина очлик ва ташналик бўлади халос.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи рўзадорлар борки, улар учун рўзасидан очликдан ўзга насиба йўқ. Баъзи тунларини бедор ўтказувчилар борки, улар учун бедорлигидан уйқусизликдан ўзга насиба йўқ”, дедилар”.

Жанобимиз алайҳис салом бошқа бир насиҳатларида:

“Ким ноҳақ (яъни, ботил) сўзни, унга амал қилишни ва жаҳолатни (нодонликни) тарк этмас экан, унинг емоқ ва ичмоғини тарк этмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқдир (яъни, у учун ажр йўқдир), дедилар. Имом Бухорий ва Абу Довудлар ривояти.

Мавжуд ҳолат:

Сир эмаски, бугун юртимиз масжидлари жуда ҳам гўзал. Улардаги жамоа ва ибодатлар эса унданда гўзал. Масжидларни намозхонлар сафи билан тўлиб-тошиб туриши, уларнинг олдида автоуловларни қатор-қатор туриши кўзни қувонтиради албатта. Буларнинг барчаси юртимиздаги диний эркинликнинг ёрқин далолатидир.

Бироқ, бу борада жуда ҳам диққатга молик масала ҳам бор. У ҳам бўлса масжидга келаётганлар автоуловларини белгиланган жойларда тартибли жойлашларидир. Зеро, мўмин кишини мана шу тартибда йўл тутиши унинг юксак фаросат ва гўзал хулқ соҳиби эканлигига далолат қилади. Одатда масжид посбонлари оддий ва соддагина ходимлар бўлишади. Шунинг учунми, айримлар уларнинг мазкур масаладаги кўрсатмаларига итоат қилгиси келмайди чоғи, автоуловларини ўзларига қулай бўлган жойларда, яъни – масжидлар ёки уларга туташ хонадонларнинг асосий кириш қисмида ёхуд йўл усти мисол таъқиқланган ўринларда қолдириб намозгоҳга кириб кетишади, бу ҳам камлик қилгандек, масъуллар кўрсатмасига итоат этиш ўрнига улар билан қўпол муносабатда бўлишади. Табиийки, бу ҳолат кўпчилкининг кўнглини хира қилади.

Аслида, мўминнинг тақвоси шу мисол онларда синалади. Бу онда биргина “Бош устига, эшитдик, бажарамиз ва итоат этамиз”, десак кифоя. Натижада, нафсимизга ғолиб чиқамиз, рўзани ҳурмат қилиб, унинг аҳлига айланиб, қиёмат куни унинг шафоатига мушарраф бўламиз.

Акс ҳолда, фахр, манманлик ва итоатсизлик қилган бўлиб, оқибатда Аллоҳнинг ўзигагина муносиб бўлган, ўзгаларга эса иллат ҳисобланган, жаннатга киришимизга тўсқинлик қилувчи иллатга мубтало бўламиз.

Фахр, манманлик ва итоатсизлик иллатлари кибрнинг “самараси” ҳисобланади. Зотан, мутакаббир кимса ўзини ҳаммадан устун ҳисоблайди, бошқаларга мумкин бўлмаган ишларни ўзи учун мумкин, деб ҳисоблайди ва ҳеч кимга итоат қилмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди”. Имом Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти.

Мақсад ва ибрат:

Сиз жаннат билан башорат берилган зот – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни яхши кўрасизми?

Қиёмат куни ўша киши билан бирга туришни хоҳлайсизми?

У киши билан жаннатга бирга киришни истайсизми?

Ундай бўлса, ўша кишининг гўзал сифатлари билан сифатланмоғимиз керак!

Қайси сафатлари билан, дейсизми?

Кунларнинг бирида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жамоага хутба ўқиётган эдилар. Хутбаларида бир масалага доир маълум ҳукмни баён этдилар. Шу онда қавм орасидан бир аёл: “Эй мўминларнинг амири! Айтганингиз ҳақиқатга хилоф-ку (яъни, ҳукмни нотўғри баён этдингиз)!”, деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қанақасига?”, дедилар. Аёл унга жавобан Қуръон оятларидан оятларни келтириб, сўзининг исботини келтирди.

Биласизми, Умардек киши шу онда қандай иш тутдилар?

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у аёлнинг сўзларини дарров мулоҳаза қилдилар ва иккиланмасдан шундай жавоб қилдилар:

“Умар хато қилди! Аёл тўғри топди!”.

Субҳаналлоҳ! Ўйлаб кўринг, мўминларнинг амири, шаҳарнинг раҳбари, қаршиларида қанчалаб улуғ саҳобалар, кўпдан кўп жамоа турган Умар ибн Хаттоб  розияллоҳу анҳу ушбу сўзни осонгина айта олдилар…

Аёлнинг сўзи тўғри ва ҳақ бўлганини осонгина қабул қилдилар…

Адашганларини ҳам осонгина эътироф этдилар…

Пайғамбаримиз алайҳис салом кибр иллатини: “Кибр – ҳақ (сўз)ни қабул қилмаслик ва халқни ҳақорат қилиш (менсимаслик), дея таърифлаганлар.

Камтар инсон ҳақ сўз ва кўрсатмани дарров қабул қила олади. Ҳатто уни ёш бола, аёл киши ёхуд фақир кимсадан эшитса ҳам.

Масжид масъулларининг кўрсатмаларига риоя қилиш вожиб ҳисобланади. Зотан улар Аллоҳ таолонинг байти ва унда ибодат қилувчиларнинг хавфсизлиги ва тинчини муҳофазаси учун масъул ҳисобланишади.

Қолаверса, автоуловларни масжидлар ёки уларга туташ хонадонларнинг асосий кириш қисмида ёхуд йўл усти мисол таъқиқланган ўринларда қолдириб кетиш кутилмаган кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин ва бўлмоқда ҳам.

Ўзгаларга озор бермаслик, уларни ноқулай ҳолатларда қолдирмаслик вожиб амал эканлигини асло унутмайлик!

Эслатма!

Одатда жаннатга киришни намоз, рўза, закот ёки ҳаж мисол ишлар билангина ҳисоб-китоб қилиб юрамиз…

Бу нотўғри!

Биз Аллоҳ таолонинг розилиги ва жаннатини ғазаб ўрнини бағрикенглик билан, мунофиқлик ўрнини самимийлик билан, жазолаш ўрнини кечирим билан, зулм ўрнини марҳамат, табассум ва камтарлик билан алмаштириш орқали ҳам топишимиз мумкин!

Унутмайлик, олдимиздан чиққан ҳар қандай ҳолат биз учун Аллоҳнинг розилигини топиш ва жаннатига сазовор бўлиш учун нақд ва қулай фурсат!  

Аллоҳим, хилқатимизни чиройли қилганинг каби хулқимизни ҳам чиройли қилгин! Амин!

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

НУРАЛИ Мавланов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan