Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Мудҳиш хунрезлик…

Мудҳиш хунрезлик…

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Бугунги глобаллашув жараёнида инсоният олдидаги муаммолар аввалги шаклу шамойили ва хусусиятини ўзгартириб, янгича маъно-мазмун касб этган ҳолда қаршимизда намоён бўлмоқда. Барчамизга маълумки, терроризм ва экстремизм бутун дунёни ташвишга ва хавотирга солаётган ана шундай муаммолардан биридир. Ҳозирги кунда мусулмон оламида содир бўлаётган воқеа – ҳодисалар инсонни чуқур қайғуга солади. Ислом оламини ларзага солаётган мудҳиш хунрезликлар ҳақидаги хабарлар кишининг ғам – қайғуга ботишига сабаб бўлмоқда.

Ана шундай ҳар бир мўмин-мусулмонни ғамга солган, беихтиёр кўзларидан дардли ёшларнинг оқишига сабаб бўлган ҳодиса куни кеча Янги Зеландияда содир бўлди. Қуролланган террорчилар Аллоҳнинг уйида фарз ибодатини адо этаётган мусулмон биродарларимизга қарата ўта ваҳшийлик билан, намойишкорона ўқ узишди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу хунрезлик натижасида 100 дан ортиқ киши жабрланди, 50 нафарга яқини жон таслим қилди.

Бу хабар нафақат мусулмонларни, балки бутун дунёни ларзага солди.

Бу бутун мусулмонларнинг, жамийки уммати Муҳаммадийнинг мусибатидир. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Шу муносабат билан барча мўмин-мусулмон биродарларимизга чуқур таъзия изҳор қиламиз, вафот этганларга шаҳидлик даражаси берилишини, уларнинг оила аъзолари, яқинлари ва бутун дунё мусулмонларига сабри жамийл ато этишини Аллоҳдан сўраб, дуолар қилиб қоламиз. Аллоҳнинг уйи ҳисобланмиш масжидда, яна мусулмонлар учун муқаддас ойлардан бири саналадиган Ражаб ойида, муборак жума кунида, фарз ибодатини бажараётган инсонларга нисбатан ана шундай ваҳшиёна қотилликни намойишкорона содир этганларни қандай аташ мумкин?! Уларнинг ҳаракатлари қайси дин таълимотларига, қайси эътиқод қоидаларига, қайси миллатнинг қадриятларига тўғри келади?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир (Моида сураси, 32-оят).

Ҳадиси қудсийда эса бундай келтирилади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий).

Аллоҳ таолонинг душманига айланган киши қанчалар бадбахтдир.

Яратганнинг қаҳрига учраган кимса икки дунёда ҳам хорлик ва азоб-уқубатдан бўлак нарса топмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши, мусулмон кишининг ўлдирилишидан енгилроқдир”, дея марҳамат қилганлар (Имом Насаий).

Дарҳақиқат, мусибат сабаб юракларимиз қаттиқ оғриди, қалбимизга маҳзунлик инди, дилларимиз ҳасратга ботди. Аллоҳ таоло золимларга кифоя қилиб, мазлумларга нажот берсин! Мусибат аҳлига сабр-қаноат, матонат, ирода ато этиб, чеккан азиятларини юксак ажру – савоблар билан мукофотласин!

Роббимиз қилаётган дуоларимизни қабул қилиб, Юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, осойишталик, аҳиллик, тотувлик ҳукм суришини таъминласин!

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!

Тошкент вилояти матбуот хизмати