Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Мубтадаа(ҳаётида биринчи бор ҳайз ёки нифос кўраётган аёлларга хос фиқҳий масалалар)

Мубтадаа(ҳаётида биринчи бор ҳайз ёки нифос кўраётган аёлларга хос фиқҳий масалалар)

«Мубтадаа – ҳаётида биринчи бор ҳайз ёки нифос кўраётган аёл».

а) биринчи бор ҳайз кўрган қиз 10 кун ёки ундан камроқ қон кўрса, бу унинг ҳайзи ҳисобланиб, ундан кейин энг ками 15 кун ва ундан зиёда қанча пок бўлса, бу унинг поклиги бўлади;

б) агар унинг кўрган қони 10 кундан ошиб кетса, 10 куни ҳайз бўлиб, қолгани истиҳоза бўлади;

в) икки ҳайз ўртасига тушган поклик бу ерда ҳам эътиборга олиниб, 15 кундан кам бўлса, «Дами мутаволий — кетма-кет келган қон» ҳукмида бўлади. Агар поклик 15 кун ёки ундан зиёда бўлса, «Туҳри фосил – икки қоннинг ўртасини ажратувчи» ҳақиқий поклик ҳисобланади;

Дами мутавoлийга мисол: биринчи бор ҳайз кўраётган қиз 1-кунидан 4-кунгача қон кўрди, 5-кундан 18-кунгача, яъни 14 куни пок бўлди, сўнг 21-кунгача қон кўрди, бу суратда аввалги 10 кун ҳайз бўлиб, қолгани истиҳозадир. Бу ўринда қизнинг ҳайз кўриши қон билан бошланиб, ҳайзининг охири поклик билан тугади.

г) биринчи бор нифос кўрувчининг ҳукми ҳам шу кабидир. 40 кунгача неча кун қон келса ҳам, нифосдан ҳисобланади. 40 кундан кейин кўрилган қон истиҳоза саналади. Икки қон ўртасига тушган поклик бу ерда ҳам қон деб эътиборга олинади.

Масалан аёл фарзанд кўргач, 4 кун қон кўрди. Сўнг қон тўхтаб, туққанига 38 кун бўлганда яна қон кўра бошлади. Бу икки кун давом этди. Бу нифос муддати бўлган 40 кун ичида иккита қон ўртасига тушган поклик тўхтамай келган қон ҳукмига саналиб, нифос қони 40 кун деб эътиборга олинади. Мабодо қон тўхтаб турган кунларида рўза тутган бўлса, 40-кундан кейин рўзaсини қайта тутади.

Биринчи бор ҳайз ёки нифос кўрган қизнинг намоз, рўза ва эрига яқинлик қилиш ҳукмлари

Бунинг 3 сурати бор:

1. Биринчи бор ҳайз кўрган аёлнинг қони 3 кун тўлиқ бўлишидан олдин тўхтаб қолса:

а) ғусл қилмасдан, таҳорат билан намоз ўқийверади. Лекин намозни мустаҳаб вақтига қадар кечиктириши вожиб бўлади;

б) 3 кундан кам қон кўриб, шаръий нисфи наҳордан (куннинг ярмидан) илгарн пок бўлса, субҳи содиқ кирганидан бери бирор нарса еб-ичмаган бўлса, рўза тутиши дурустдир;

в) 3 кундан олдин қон тўхтаган суратда одатий аёллар ҳайз кўргандан кейин келадиган оқлик келиши шарт эмас;

г) 3 кундан кам қон келиб, тўхтаб колди, сўнг 10 кун ичида бир томчи бўлса ҳам қон кўрса, намоз ва рўзасини тарк қилади, яъни бу кунлар ҳайзга ҳукм қилинади;

д) биринчи бор ҳайз кўраётган қиз эрга теккан бўлса, қон кўришни бошлагач, 3 кунга етмай тўхтаган бўлса ҳам, 10 кунгача эрига яқинлик қилиши ҳаромдир.

2. Биринчи бор ҳайз кўрган қизнинг қони 3 кундан кейин, 10 кундан олдин тўхтаса:

а) зудлик билан ғусл қилиб, намоз ўқишга киришади. Лекин намозларини мустаҳаб вақтига қадар кечиктириши мустаҳабдир, вожиб эмас;

б) агар қон намознинг охирги вақтида тўхтаб, ғусл қилиб, «Аллоҳу акбар» лафзини айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози зиммасига фарз бўлади, кейин қазосини ўқиши зарурдир. Қон тўхтагандан намоз вақти чиқиб кетгунча ғусл қилиб, «Аллоҳу акбар» лафзини айтиш миқдоридан камроқ вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози унинг зиммасига фарз бўлмайди;

в) субҳи содиқдан аввал ғусл қилиб, «Аллоҳу акбар» лафзини айтиш миқдоридан илгари қон тўхтаган бўлса, ўша куни рўзани тутиши дурустдир. Бундан кам вақт қолганда ёки субҳи содиқдан кейин қон тўхтаган бўлса, ўша куннинг рўзасини тутиши жоиз эмас;

г) 3 кундан кўпроқ ўтгандан кейин қон тўхтаган суратида одатий аёлларда ҳайз кўргандан кейин келадиган оқлик келиши шарт эмас;

д) 3 кундан кўп қон кўргач, қон тўхтаб, 10 куннинг ичида бир томчи қон кўрса ҳам, намоз ва рўзаларни тарк қилиб туради;

е) биринчи бор 3 кундан кўпроқ ҳайз кўрган ва 10 кунга етмай ҳайзи тўхтаган қиз эрга теккан бўлса, ғусл килиб, эрига яқинлик қилиши мумкин, чунки унинг ҳайз кўриш одати маълум эмас.

Эслатма: Ғусл ва «Аллоҳу акбар»ни айтиш миқдорича вақт ичига сув иситиш, кийимларни ечиб-кийиш учун кетадиган вақт ҳам киради.

3. Биринчи бор ҳайз кўраётган қизнинг қони 10 кун тўлиқ келганидан кейин тўхтаса:

а) ғусл қилиб, зудлик билан намозга киришади;

б) намоз вақти чиқиб кетишига «Аллоҳу акбар»ни айтиш миқдорича вақт қолган бўлса, ўша вақт намозининг қазоси зиммасига лозим бўлади. Ғусл қилиш учун вақт қолган бўлиши шарт эмас;

в) субҳи содиқдан бироз олдин қон тўхтаган бўлса, ўша куннинг рўзасини тутиши жоиз бўлади. Субҳи содиқдан олдин ғусл қилиш муддатича вақт қолган бўлиши шарт эмас;

г) 10 кун ёки ундан кўпроқ муддатда қон тўхтаган суратида одатий аёллар ҳайз кўргандан кейин келадиган оқлик келиши шарт эмас;

д) 10 кун ёки ундан кўпроқ муддатда қон тўхтагач, гусл қилмасдан эри билан яқинлик қилса ҳам жоиз. Лекин яқинлик қилишдан олдин ғусл қилиш мустаҳабдир.

Пошшахон Эшонхон қизи. “Аёл – мўътабар зот”
(Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар).

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan