Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / “Муаллими соний” китобининг видео қўлланмаси ҳамда AlQuranuz номли мобил иловасининг тақдимоти бўлиб ўтди

“Муаллими соний” китобининг видео қўлланмаси ҳамда AlQuranuz номли мобил иловасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони Карим бизгача етиб келгунча не-не уламолар, имомлар кечаю кундуз меҳнат қилиб, заҳмат чекиб Аллоҳ таолонинг Каломи келажак авлодларга етиб келгунича ҳаракат қилишган. Ана шундай заҳматкаш, қироат олимларидан бири, дунёга машҳур ҳофизи Қуръон Шайх Алижон қори Файзуллоҳ махдум ўғли томонидан “Муаллими соний” китобининг янгича видео қўлланмаси ҳамда AlQuranuz номли мобил илова тайёрланди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 4 март куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг масжлислар залида мазкур қўлланмаларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Анжуманга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, бўлим мудирлари, ходимлари, юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, имом-хатиблари, Қуръон мухлислари ташриф буюрдилар.

Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг дуо қилиниб, Аллоҳ таолодан тадбирнинг чиройли ўтиши сўралди.

Ўзларининг дил изҳорларини баён этиш учун биринчи бўлиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи, узоқ йиллардан бери халқимизга Динимизни етказиб келаётган устозларимиздан Эрдон домла Эсоновни сўзга чиқдилар.  

Домла ўз сўзларида ушбу тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ўтказиш ташаббусини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари берганларини, аммо Самарқандда бўлиб ўтаётган конференция сабабли тадбирда ўзлари иштирок эта олмаётганликларини айтиб, муфтий ҳазратларининг табрик ва саломларини анжуман меҳмонларига етказдилар.

Шундан сўнг сўз навбати Убай ибн Каъб жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқуловга берилди. Қори ака Шайх Алижон қорининг хизматларини эътироф қилган ҳолда, ўзларининг самимий тилак ва дил сўзларини баён қилдилар. Ўтаётган тадбир юртбошимиз ташаббуслари билан 2018 йилда юртимизда ўтказилган Қуръони Карим мусобақасининг самараси эканини таъкидладилар.

Шундан кейин сўз навбатини Шайх Алижон қори аканинг устозлари ва сафдошлари бўлган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси катта ўқитувчиси Бурҳониддин домла Аҳмедовга берилди. Домла ўз сўзларида Шайх Алижон қори ака билан боғлиқ ширин хотираларини ёдга олдилар. Буни тинглаган барча меҳмонларнинг кўзлари ёшланди.

Шундан сўнг сўз тадбирнинг асосий қаҳрамони, ўнта қироат бўйича ижоза соҳиби, минглаб қорилар устози Шайх Алижон қорига берилди. Қори ака сўзларини тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига ташаккур айтиш билан бошлаб, йиғилганларга Қуръони Каримнинг турли қироатларидан намуналар ўқиб бердилар. Сўзлари давомида “Муаллими соний” китобининг видео қўлланмаси 27 йиллик меҳнатлари маҳсули эканини таъкидлаб ўтдилар.

Кейин кўплаб толиби илмларга Қуръони Каримдан сабоқ бераётган ва ҳофизи Қуръонлар етиштириш борасида самарали меҳнат қилаётган устозлардан бири, Шайх Алижон қори аканинг етук шогирдларидан бўлмиш Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматовга минбарга чиқдилар.

Қори ака ҳам ўз сўзида устози Алижон қорига ташаккурларини изҳор қилиш билан бирга видео қўлланма борасида айрим мулоҳазаларини эслатиб ўтдилар.

Сўнггида “Муаллими соний” видео қўлланмаси ва AlQuranuz  номли мобил иловадан фойдаланиш йўл-йўриқлари, уларнинг афзаллик жиҳатлари ва қулайликлари ҳақида батафсил сўзлаб бериш учун сўз навбати ушбу қўлланмалар устида самарали меҳнат қилган, соҳа мутахассиси Санжарбек Насирбековга берилди.

Алижон қори ака ушбу тақдимотни Миср жумҳуриятида ўтказишлари ҳам мумкинлиги, лекин у кишининг ўз халқига, она ватанига бўлган муҳаббати ушбу бебаҳо қўлланмаларни шу ерда тақдим этишга ундагани тадбир давомида алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг барча йиғилганларнинг илтимосларига биноан Шайх Алижон қори аканинг ўзлари тиловат қилиб бердилар ва якуний дуо билан тадбир ўз ниҳоясига етди.

Барча меҳмонлар кўтаринки кайфият ва ўзгача шукуҳ билан тарқалдилар.

Аллоҳ таоло юртимизда меҳнат қилаётган барча қори устозлар, уламолар, аҳли илмлардан, жумладан, Шайх Алижон қори акадан рози бўлсин! Қуръони Каримни элимиз, халқимиз орасида кенг ёйиш, ҳофизи Қуръонларни етиштириш йўлидаги хизматларингнинг ажрини кўпайтириб берсин ва меҳнатларининг самарасини мўл-кўл қилсин!

Аллоҳ таоло қилинган дуоларни ижобат қилсин! Видео қўлланмани ва мобил иловани тайёрлашда жонбозлик кўрсатган, биргаликда меҳнат қилган ва ушбу тадбирни ташкил этишда ҳисса қўшган барча инсонларнинг ажру савобларини кўпайтириб берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати