Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Муҳим асар тақдимотидан сўнг…

Муҳим асар тақдимотидан сўнг…


( Чирчиқ шахрида бўлиб ўтган «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китоби тақдимотидан кейин…)

Ҳаммамизга маълумки ҳозирги кунда интернет маълумотларидан фойдаланиш тобора оммавийлашиб бормоқда. Бу албатта жуда яхши. Аммо, интернет тармоқларида фақатгина фойдали маълумотлар эмас, балки ёшларни онгини захарловчи, уларни маънавиятига катта рахна солувчи, бузғунчи ғоялар билан тўлган зарарли сайтлар ҳам мавжуд. Мана шундай зарарлардан ёшларни, нафақат ёшларни балки, интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини яхши билмайдиган кишиларни интернетдаги тахдидлардан химоя қилишимиз лозимдир. Бунинг учун эса юртимизда аниқ режа асосида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар махкамасининг 2015 йил 11 февралида бўлиб ўтган мажлисида ёшларни интернетдаги ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш вазифаси белгиланган эди.  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий  ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг «ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ» китоби айнан белгиланган вазифага жавоб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Бу ўқув қўланма 10 та бобдан иборат бўлиб, хар бир бобида хозирги куннинг энг муҳим ва асосий тахдидлари тўлиқ ёритиб берилгандир. Хулоса қисмида эса 10 та бобга доир асосий фикрлар билан бир қаторда огоҳликка чорловчи ояти карималар ҳам келтириб ўтилган. Китоб сўнгида берилган тест саволлари эса китобхонга ушбу қўлланмадан олган билимларини мустахкамлигини яна бир бор синаб кўришига ёрдам беради. Ушбу китоб долзарб тахдидларни тўла ёритиб бера олганлиги, мавзулар ҳаётий баён этилганлиги ва хар бир бобга мос суратлар билан бойитилганлиги билан ҳам жуда қизиқарли манба бўла олган. Китобни очиб ўқишни бошлаган китобхон уни охирига етказмай ёпиб қўйиши амри махолдир. Чунки, бу китобни ўқиган сари атрофимиздаги бўлаётган, аммо биз охиридаги аёнчли оқибатларни хали тўла тушуна олмаётган ҳодисалар акс эта бошлайди. Шунда тушунамизки, хар бир интернетдан фойдаланаётган киши аввало интернетдан фойдаланиш маданиятини яхши билиб олиши лозим. Бу маданиятни шакллантиришда эса «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китоби бизга катта ёрдамчи бўла олади.

Китобнинг ёшларимиз ҳаётида нақадар муҳим қўлланма эканлигини ҳисобга олган ҳолда «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китоби йилнинг энг яхши китоби деб топилди. Ушбу ўқув-услубий қўлланма Ўзбекистон матбуоти ва ахбороти томонидан ўтказилган Республика кўрик танловининг «Ижтимоий-сиёсий адабиёт» номинациясида ғолиб бўлиб, 1-даражали диплом билан тақдирланди.

Ушбу ёрдамчи ўқув қўлланма хозирги кунда интернетдан фойдаланувчилар учун жуда муҳим дастур эканлигини ҳисобга олган холда 2016 йилнинг сўнгида бу китоб янада бойитилган холда иккинчи нашри чоп этилди. Тўлдирилган янги нашрда яна қўшимча 5 та боб киритилиб умумий 15 та бобдан иборат маълумотлар жойланди. Бу бобларнинг ичига замонамиз ёшларига катта тахдид уйғотаётган «Лудомания» (виртуал ўйинларга мубтало бўлиш) боби ҳам қўшилгандир. Бундан ташқари янги нашр «Интернет имкониятлари», «Замонавий ахборот воситалари», «Интернетдаги блоггерлар фаолияти», «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг қонуний асослари» каби бобларни ҳам ўз ичига олгандир.  Қисқа қилиб айтганда, янги нашр китобхонга янада кўпроқ сабоқ олишга ва маълумотларга эга бўлишга ёрдам беради.

Жорий йилнинг 18 апрель куни Чирчиқ шахар ҳокимлиги ташаббуси билан Чирчиқ шахар офицерлар саройининг мажлислар залида  бўлиб ўтган «Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя» китоби тақдимотида сўзга чиққанлар ва иштирок этганларнинг ҳар бирлари ушбу китоб ёшларимиз онгини зарарли таҳдидлардан ҳимоя қилишда, соф ўзбек маънавиятини сақлаб қолишда улкан маънавий бойлик бўлди, деб таъкидладилар. Шунинг учун ҳам бизлар ушбу китобни нафақат ўзимиз ўқиб чиқишимиз, балки оила аъзоларимиз орасида ҳам ўрганиб, баҳс қилишимиз лозимдир. Бу китоб улкан маънавий бойлик сифатида китоб жавонларимизда доимо туришга лойиқ бўлган, интернет тармоқларидан фойдаланаётганимизда барчаларимизга оқ-қорани ажратишга ёрдам берадиган қўлланма десак муболаға бўлмайди.

                                                              Қибрай тумани бош имом-хатиби
М.Миржалилов