Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ КУНЛАРИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗГАНЛАР

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ КУНЛАРИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗГАНЛАР

Муборак Рамазон ойи ҳам поёнига етиб бормоқда. Ибодат қилиш мумкин бўлган, лекин қилинмаганларни энди бажариб бўлмайди. Лекин, шундай бўлсада, яна озгина вақтимиз бор. Бу кунлар жаҳаннам оловидан озод бўлишимизни таъминлашга хизмат қилувчи бебаҳо кунлардир. Ислом уламоларининг фикрига кўра, Лайлатул Қадр кечаси охирги ўнкунликнинг бирига тўғри келади. Аллоҳнинг Каломида бу кеча минг ойдан яхшироқ эканлиги таъкидланади. Лекин у биздан яширилган ва унинг айнан қачонга тўғри келишини аниқлаш, жуда ҳам мушкул. Аммо чораси бор. Агарда биз ҳар тунни Қадр билиб, ибодатда ғайрат кўрсатсак, иншаАллоҳ, унинг учун бериладиган мукофотлардан баҳраманд бўламиз. Хўш, бунинг учун ўзи қандай мукофот берилар экан?

Имом Муслим ва имом Бухорий томонидан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”.

Бундан ташқари, Лайлатул Қадрда қилинган дуолар Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонида мустажоб қилинади. Ҳар биримизнинг орзу ва истакларимиз, муаммо ва эҳтиёжларимиз мавжуд, Лайлатул Қадр – Аллоҳга ана шуларни сўраб ихлос билан дуо қилиш палласидир. Бу ўз орзусини амалга ошириш ва исталган мақсадга эришишнинг ажойиб имконидирки, уни қўлдан бой бермайлик. Ҳар кечани ибодатларимиз билан жонлантириб, Аллоҳ таолонинг марҳаматига умид билан, гуноҳларимизга мағфират сўраб дуолар билан ўтказишга уринайлик.

Лайлатул Қадрнинг фазлини Аллоҳ таоло Қуръоннинг 97-сурасида баён қилган: “Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Раббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси 1-5-оят)

Ўтиб бораётган ҳар бир дақиқада Рамазоннинг тақчиллигини ҳис этаяпмиз, тез кунларда у поёнига етади, шунинг учун янада кўпроқ эзгулик қилиб қолишга шошилишимиз лозим. Бу кунларни ибодатда қоим бўлиб, хайр – эҳсонни кўпайтириб, Аллоҳни зикр қилиб, дуо билан ўтказган маъқул. Бу дамларда қилинган яхши амаллар учун бериладиган ажру – савоблар бир неча баробарга кўпайтирилади, қилинган гуноҳлар ҳам худди шундай.

Бу мисоли компьютер ўйинида муайян вақт ичида маълум бир бонусларни қўлга киритиш кабидир, ким улгурса, ўша ғолиб. Лекин виртуаль дунёдан фарқли равишда, ҳақиқий ҳаётда ўйинни бошқатдан бошлаш ва олдинги босқичга қайтиш имконияти йўқ…

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Оиша розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнкунлик кирса, изорларини маҳкам боғлаб, кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар” деганлар”.

Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. Рамазон ойида уларнинг саховати чегара билмас эди, ҳар бир эҳтиёжманддан ҳеч нарсани аямасдилар. Бунга Имом Бухорийдан ривоят қилинган ушбу ҳадис далилдир: ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда, Жаброил у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар”.

Ушбу йилги муборак Рамазон барчаларимиз учун хайрли якунланишини Аллоҳ таоло таъминласин! Саховатпешаликда суюклигимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга издош қилсин!

 

Бекобод тумани бош имом хатиби

Рисбоев Анвар

[carousel-horizontal-posts-content-slider]