Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МИССИОНЕРЛАРНИНГ БЕМАЗА МИССИЯСИ КИМГА КЕРАК?

МИССИОНЕРЛАРНИНГ БЕМАЗА МИССИЯСИ КИМГА КЕРАК?

Миссионерлик ҳақида гап кетганда, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини билмайдиганлар кам бўлса керак. Чунки бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, қолаверса, нашр этилаётган китоб ва журналларда миссионерларнинг бемаза миссияси ҳақида кўплаб маълумотлар берилмоқда. Шунча огоҳлантиришларга қарамасдан туркий миллатлар орасида ота-боболари бир ярим минг йиллардан бери эътиқод қилиб келаётган Ислом динидан воз кечиб, яъни муртад бўлиб, Аллоҳнинг  берган улуғ неъматини оёқ-ости қилмоқдалар. Миссиоенер хақиқий диндор эмас, балки қайсидир норасмий диний гуруҳларнинг югурдагидир. Бунинг исботи ҳар йили қайта нашр этиладиган «Жаҳон китоби» энциклопедиясида «Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон», деган фикр қайд этилган. Демак, миссионерлар Аллоҳнинг динига эмас, балки ўзларича тузиб олган диний гуруҳларнинг сафсаталарига даъват этишади.  Миссионерлар христиан динини тарғиб қиламиз дейишсада, бироқ Христиан дини вакиллари уларнинг бу даъволарини хеч қачон тан олишмаган. Христиан черкови ходими билан бўлган суҳбатда миссионерлар ҳақида сўрадим. У ҳеч иккиланмасдан миссионерларни Христиан динига ҳеч қандай алоқаси йўқ деди. Чунки улар ибодат учун Черковга келишмайди, балки ўзларича йиғилишиб нималардир қилишади деди. Ҳаттоки миссионерлардан бири вафот этса, Черковга эмас, балки ўзларининг тўдабошилари билан дафн этишади. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, миссионерларнинг дини номаълум экан. Ачинарлиси шуки, бугунги кунда туркий миллатлардан  бўлган баъзи юртдошларимиз миссионерларнинг ёлғон даволарига ишониб, аросатда қолишмоқда. Баъзиларини бу йўлдан қайтаришга насиҳат қилинса, дарров Конституциянинг 31-моддасини айтиб, мен хоҳлаган динимга эътиқод қиламан дейди. Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», дейилган.  Миссионерни хоҳлаган динимга эътиқод қиламан деб айтаётган гапи ғирт ёлғондир. Чунки миссионерлик  дин эмаслигини ўзлари ҳам яхши билади. Адолат юзасидан ҳам, ҳақиқатни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам, миссионерликни бирор бир дин билан боғлаш тўғри бўлмайди. Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган.

Бугунги кунда эса, миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда «Қуёшга топинувчилар»  каби янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур. Конституциянинг 31-моддасини ҳужжат қилиб келтираётган миссионер билмайдики ўз оёғига болта уриб, қонунга зид амал қилаётганини. Чунки 31-модданинг охирги жумласида “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. Миссионерлар эса  ҳудди бўри ўз ўлжасини овлашда заиф ҳайвонларни танлаганидек, инсонлар орасида имони заиф, дин ҳақида саёз маълумотга эга бўлган, моддий ва маънавий тушкунликка тушганларни танлайди. Бошида мушукдек мулойим бўлиб, вақти келса қутурган шердек ташланиши мумкин.  Бунга мисол: бир талабанинг ҳикоясига кўра, аввал унга дўсти орқали ташвиқот ишлари бошлашган, қароргоҳларига таклиф этишган. Мусиқа қўйиб беришган, енгилгина зиёфат билан сийлашган, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуришган. Кетаётганида қўлига пул тутқазишган. Бир неча марта бу аҳвол такрорлангач, ниҳоят, бирга ибодат қилишга даъват этишган. Талабани бунга кўндиролмагач, уни қаттиқ ҳақоратлаб, берган пулларини тортиб олишган. Демак, миссионерларни тўғридан–тўғри “Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган жумлага амал қилмаётганлиги яққол кўриниб турибди.

Хулоса ўрнида, дунёда барқарорликни, тинчликни таъминлаш учун миссионерларни пуч ғояларига алданмасдан, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз, қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан бефарқ, лоқайд бўлмасдан масъулиятимизни ошириб, Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчимизни унутмаслигимиз даркордир.

Бўстонлиқ тумани “Дониёр бин Озод” жоме масжиди
имом ноиби Махмуджон Абдусаитов