Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МИССИОНЕРЛАР ҲИЙЛАЛАРИ

МИССИОНЕРЛАР ҲИЙЛАЛАРИ

Миссионерлик лотин тилидаги «missio» сўзидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни таргиб қилиш билан боғлиқ назарий ва амалий фаолиятни билдиради.

Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишни англатади.

Миссионерлар турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб боради. Масалан таълим соҳасидаги фаолияти, миссионерлар таълим тизимида ўз фаолиятини амалга оширишда алоҳида эътибор берадиган жиҳатлари қуйидагилар:

  • мактабга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун таъмирлаш материаллари олиб берилади;
  • ибодатга қатнайдиганларнинг бевосита таъмир ишларида қатнашипш таъминланади;
  • ибодатга келувчиларнинг ахборотларига таяниб, янги ўқув йили арафасида муҳтож оилаларнинг болаларига дафтар, қалам ва бошқа канцелярия моллари олиб берилади;
  • “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига болалар кийим-бошлари ва ўйинчоқлар совға қилинади;
  • Тил ва компьютер ўргатиш марказлари, ҳатто мактаб ёшигача бўлган болалар учун шу йўналишдаги ихтисослашган боғчалар очиш орқали ҳам ёшлар орасида тегишли тарғибот ташкил этилади.

Миссионерлар ахлоқни яхшилаш билан сира шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, “дискотека”лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, “тунги кўнгилхушлик” лар уюштиришади. Уларнинг бу тадбирлардан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ишлардан кўзланган мақсад-ғоя фақат ва фақат ўзига қарам қилиб олишдир! Бу ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган? Минг йиллардан буён аждодлари мусулмон бўлиб келган, бугунги авлоди ҳам бутун ҳаёти давомида шу эътиқодга ихлос қўйган, урф- одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан хотиржам яшашга йўл қўймаслик. Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Мана, улар кўзлаган асл мақсад! Бундан ташқари ота- боболари ислом динидан бошқа динни билмаган халқлар орасига бошқа бир динни тарғиб қилиб унга эътиқод қилдириш.

Уларнинг бундай жонкуярликлари, ғамхўрликлари ортида турли-туман матбуот нашрлари ва “нодавлат ташкилот”лар воситасида ташвиқот юритиш ва ҳоказо ҳийлалар яширинган. Демак, бу ишларнинг динга, диний қадриятларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режаланган найрангларидир.

Бу масалага енгил-елпи қараб бўлмайди. Иш ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бунга жидций ва фойдали чоралар кўрилмаса, болаларимиз келажакда аянчли мушкулликларга дучор бўлишлари турган гап. Миссионерларнинг ҳийла-найрангларидан огоҳ бўлайлик.

Юсупов Ўткир

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси