Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / МИСР АҲЛИГА ҲАМДАРДЛИК

МИСР АҲЛИГА ҲАМДАРДЛИК

Бугунги глобаллашув жараёнида инсоният олдидаги муаммолар аввалги шакли ва хусусиятини бироз ўзгартириб, янгича маъно-мазмун касб этган ҳолда қаршимизда намоён бўлмоқда. Барчамизга маълумки, терроризм ва экстремизм бутун дунёни ташвишга ва хавотирга солаётган ана шундай муаммолардан биридир. Ҳозирги кунда мусулмон оламида содир бўлаётган воқеа – ҳодисалар инсонни чуқур қайғуга солади. Мусулмонлар оламини ларзага солаётган мудҳиш хунрезликлар ҳақидаги хабарлар кишининг ғам – қайғуга ботишига сабаб бўлмоқда. Ана шундай аянчли хабарларнинг келиши эса тўхтамаяпти, улар борган сари бир – биридан даҳшатлироқ тус олмоқда.

Шулардан бири, 24 ноябрда Мисрнинг Синай яриморолидаги “Равза” масжидида мусулмонлар учун муборак саналган жума намози ўқилаётган пайтда портлаш юз берди. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтга қадар теракт натижасида 300 дан ортиқроқ киши ҳалок бўлди. Яна 128 киши жароҳатланди. Хабар берилишича, террористлар масжидда намоз вақтида бомбани ҳаракатга келтирганларидан кейин, қочиб чиқаётган мусулмонларни ўққа тутишди. Бош прокуратуранинг таъкидлашича, жангариларда ИШИДнинг байроғи бўлган.

Ушбу хабарни чуқур қайғу билан қарши олдик. Бу нафақат Миср аҳлининг, балки бутун мусулмонларнинг мусибатидир. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Шу муносабат билан барча уммати Муҳаммадийга чуқур таъзия изҳор қиламиз, вафот этганларга шаҳидлик даражаси берилишини, уларнинг оила аъзолари, яқинлари ва бутун дунё мусулмонларига сабри жамийл ато этишини Аллоҳдан сўраб, дуолар қилиб қоламиз. Аллоҳнинг уйи ҳисобланмиш масжидда, яна мусулмонлар учун муқаддас ойлардан бири саналадиган Мавлидун Набий ойида, муборак жума кунида, фарз ибодатини бажараётган инсонларга нисбатан ана шундай ваҳшиёна қотилликни содир этганларни қандай аташ мумкин?! Уларнинг ҳаракатлари қайси дин таълимотларига, қайси эътиқод қоидаларига, қайси миллатнинг қадриятларига тўғри келади?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 

مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ بَعْدَ ذَلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

 

Яъни: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир (Моида сураси, 32-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз ораларингизда шу кунингиз, шу ойингиз, шу шаҳрингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир”, – деганлар (Имом Бухорий).

Ҳадиси қудсийда эса бундай келтирилади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий).

Аллоҳ таолонинг душманига айланган киши қанчалар бадбахтдир.

Яратганнинг қаҳрига учраган кимса икки дунёда ҳам хорлик ва азоб-уқубатдан бўлак нарса топмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши, мусулмон кишининг ўлдирилишидан енгилроқдир”, дея марҳамат қилганлар (Имом Насаий).

Бундай хунук воқеаларга ислом ва мусулмонларнинг мутлақо алоқаси йўқ эканини барчамиз тўлиқ тушунмоғимиз ва динимизда мустаҳкам туриб, уни ёмонотлиқ қилувчиларнинг фитналаридан ҳимоя қилмоғимиз лозим.

Аллоҳ золимларга кифоя қилиб, мазлумларга нажот берсин! Мусибат аҳлига сабр – қаноат, матонат, ирода ато этиб, чеккан азиятларини юксак ажру – савоблар билан мукофотласин!

Роббимиз қилаётган дуоларимизни қабул қилиб, бизларни ҳидоятдан адаштирмасин, мустақим йўлдан бенасиб қилмасин! Юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, осойишталик, аҳиллик, тотувлик ҳукм суришини таъминласин!

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!

 

Тошкент вилояти бош-имом хатиби
Хайрулла Турматов