Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Миллий бойлигимиз халқ эъзозида!

Миллий бойлигимиз халқ эъзозида!

Аллоҳ таоло бутун ер юзини одамларга яшайдиган, тирикчилик қиладиган масканга айлантирган. Ерни ўз бандалари ризқ-рўзини топиб озиқланиши учун барокатли қилиб қўйгандир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинган:

«Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингнинг истеъмоли учун (яратдик)» (Абаса сураси, 24-32-оятлар)

Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсинки, бизнинг юртимиз ҳам неъматларга бой, барокатли, ерлари серҳосил диёрдир. Еримизга дон сепсак буғдой бўлиб униб чиқади, чўп қадасак дарахт бўлиб кўкаради. Одам Атодан бизга деҳқончилик мерос бўлиб қолган. Пахта етиштириш эса бизга бир неча асрлардан бери анъана ҳисобланади. Мустақил Ўзбекистон пахта етиштиришда дунёда салмоқли ўринга эга бўлиб, унинг толаси жаҳон бозорида энг харидоргир маҳсулот хисобланади.

Дунёга баралла мақтана оладиган сариқ олтинларимиз (тилла конлари), қора олтинларимиз (нефтлар) ва ҳаттоки оқ олтинларимиз (пахталаримиз) ҳам бордир. Аллоҳнинг бизга берган мана шундай неъматларининг шукронаси сифатида биз барчамиз шу неъматларни исроф қилмай асрашимиз лозим.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Аъроф” сураси 31-оятида:

“Енглар ва ичинглар, (лекин)исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деб марҳамат қилган.

Ҳозир юртимизда куз фасли бўлганлиги сабабли далаларимизда дур каби оппоқ пахталаримиз айни теримга шай бўлиб турибди. Кўсакларида бодроқдек бўлиб очилган пахталарни кўриб бободеҳқоннинг захматли меҳнатлари самараси бунча ҳам гўзал экан деб ўйлаб қолади киши. Энди эса мана шу мўл ҳосилни бирортасини ҳам нес-нобуд қилмаган ҳолда териб олиш, сарфланган меҳнатнинг самарасини кўриш даври бошланди. Мана шу даврда эса миллий бойлигимиз ҳисобланган оқ олтинимизни исроф этмаган ҳолда йиғиб олиш учун барчаларимиз қайси соха вакили бўлишимиздан қатъий назар, бирдек масъулдирмиз. Чунки бу пахта бизга Аллоҳ томонидан берилган ризқу рўзимиздир. Пахтадан кундалик ҳаётимизда зарур бўлган жуда кўп махсулотлар ишлаб чиқарилади ва ҳаттоки, бу дунёдан олиб кетадиган бир парча матомиз ҳам пахтадан тайёрланилади.

Юртимиздаги барча соха вакиллари каби диний ташкилотлар ҳам миллий фахримиз ҳисобланган оқ олтинимизни исроф бўлмаган ҳолда териб олишимиз учун теримчиларимизга Аллоҳдан куч-қувват сўраб дуо қилиш орқали, атрофдагиларга пахтанинг қанчалик аҳамияти катта экани ва уни бирортасини ҳам исроф қилишга йўл қўймаслик кераклигини тушунтириш орқали ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Ундай савобли ишда иштирок этиш ҳар бир киши учун катта шарафдир

Юксак хирмон тўплашга енг шимарган ҳар бир киши бугун пахта далаларига ошиқмоғи зарур. Ҳозир ҳосилни нес-нобуд қилмай, бус-бутун йиғиш учун ҳар дақиқани барчамиз ғанимат билишимиз даркор. Пахта ҳосилини исроф қилмасдан териш барчаларимизнинг олдимизда турган юксак вазифадир.

Ўзини Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблаган ҳар бир одам миллий бойлигимиз саналган оқ олтинни исроф қилмасдан териб олишда ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Аллоҳ таолодан сўраймизки, пахта  ҳосили  йиғим  теримида  иштирок этаётган  фидокор  деҳқонга  ва  меҳнатсевар  ҳашарчиларга  Ўзи куч-қувват ва сиҳат-саломатлик берсин.

Қибрай тумани бош имом-хатиби М.Миржалилов