Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / МЕНИНГ ИСМИМНИ  АЙТИШГА ҲОЖАТ ЙЎҚ

МЕНИНГ ИСМИМНИ  АЙТИШГА ҲОЖАТ ЙЎҚ

Бизлардан бирортамиз – Аллоҳ таоло бизни ва барча мўминларни кечирсин – бирон бир эзгу амал ёки диққатга сазавор амал қилсак, нафсимизда  ужб ва кибр пайдо бўлиб, буни билишларини, мақташларини, исмимизни айтилишини, ёдда сақлашларини яхши кўрамиз. Бу башарий табиат бўлиб, бундан бирон киши ҳоли бўлиши жуда ҳам қийиндир.

Лекин Набавий мадрасадан чиққан, Исломий тарбиянинг юқори чўққисидан таълимлар олган мусулмонларнинг шаъни бундай эмас. Уларда ихлос сабабли ажойиб ҳолатлар содир бўлган. Улар машҳурлик, худбинлик ва мақталишни севишдан узоқ бўлишган. Уларнинг воқеаларидан ҳали ҳам тарихчи ва ўқувчилар  ҳайратда қолишади.

Ушбу катта ҳажмли кўплаб ҳикоялардан кичик бир ҳикояни азиз ўқувчига тақдим этамиз.

Вақтики мусулмонлар форснинг Мадоин шаҳрини – бу форс сосонийлар давлатининг (қадимги Эрон) пойтахти эди – ишғол қилишгач, бошқа шаҳарларини ҳам фатҳ қила бошлашди. Ўша замондаги энг катта бойлик бўлган ғанима – ўлжаларни тўплашди.

Бир киши мусулмонлар қўмондони ва амирига бир идишда ўта қимматбаҳо бойликларни келтирди.

Қўмондон олдида ҳозир бўлган кўплаб кимсалар ушбу фақир кимсанинг шундайин қимматбаҳо бойликларни келтирганига ҳайрон бўлиб, шундай дейишди:

  • Бунақасини аввал ҳеч ҳам кўрмаган эдик. Бизнинг олдимиздаги тўпланган бойликлар бу кимса олиб келган бойликка асло тенглаша олмайди, балки яқинига ҳам йўламайди. Айтгинчи, сен ўзинг учун бундан бирон нарса олганмидинг?

Бойликни келтирган кимса ранжиб, шундай деди:

– Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳдан  қўрқмаганимда эди,  сизларга бирон нарса ҳам келтирмас эдим.

Шунда улар бу кишининг шаъни улуғлигини билиб:

– Кимсан? – дейишди. У:

– Йўқ. Аллоҳга қасамки, кимлигимни сизларга ҳам, бошқаларга ҳам айтмайман.  Мени мақтаб, миннатдорчилик билдирмай қўя қолинглар. Лекин Аллоҳга ҳамд айтаман ва Унинг савобидан  умидвор бўламан! – деди ва қайтиб кетди.

Бир киши унга эргашиб бориб, унинг яқинларидан исмини билиб келди. У – Омир ибн Абду Қайс экан[1].

Улуғ Аллоҳ рост сўзлаган:

“Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи Зотдир” (Аҳзоб сураси, 54-оят).

Шайх Абул Ҳасан ан-Надавий раҳимаҳуллоҳнинг “Қисасун минат тарихил Исламиййи лил атфол” китобидан.

Пискент тумани “Собирхон ота” жоме масжиди
имом-хатиби Суннатуллоҳ Абдулбосит ўғли

[1] Тарихи Табарий. 4-жилд. 16-бет.