Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!

Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!

Ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик дунёга танита  олмайди.

И.Каримов.

Яшилликка бурканган қишлоқ. Виқорли, салобатли тоғлар ҳам қишлоқнинг кўркига маҳлиё бўлаётгандек. Мустақил , озод  юртнинг  бургутлари, қушлари қанотларини кенг ёйиб, самода тинчлик нашидасини сураётгандек.  Обод юртнинг  ўйинқароқ капалаклари ҳам ёш болалар билан қувлашмачоқ ўйнаётгандек. Қишлоқ марказига қурилган муҳташам  спорт мажмуаси унинг чиройига чирой қўшаётгандек.

Қишлоқ бўлсада, шаҳардан ҳе-еч қолишмайди. Бунёдкорлик ишлари, кенг равон кўчалар, янги ётқизилган асфальт иси димоққа гуп этиб урилади.

Олимжон ака қишлоққа кириб келаркан, катта ариқ ёқасидаги кўҳна чархпалакка кўзи тушди.. Чархпалак ғийқ-ғийқ деб айланар, чўмичларидан тарновга ҳовучлаб-ҳовучлаб сув тушарди. Сув ариқчаларга, ариқчалардан боғга тушиб, боғни  яшнатарди. Сал нарида болалигидаги ўша қадрдон мажнунтол. Ёз мазза. Болалар мажнунтолга чиқиб  сувга калла ташлар, балиқдек шўнғиб қайта-қайта чўмилиш билан овора . Баъзи болалар сувдан чиқиб, қирғоққа ялпайиб ётиб, офтобда исинишмоқда.

-Ҳа-а умрим чархпалакдек ўтмоқда. Мен шундай бир ниҳол экай-ки, келажакда мажнунтол бўлсин, унинг соясидан эл-халқ манфаат кўрсин. Шогирдларим ичидан чемпионлар чиқсин-ки, дунё шохсупаларида “Ўзбекистон” деб байроғимизни юқори кўтариб ҳилпиратсин.

Олимжон ака ҳаёллар оғушида кетаркан, узоқдан болаларнинг қий-чуви эшитилди. Намунали уйлар ёнидаги ўйингоҳда болалар ўйнашмоқда.

-Ўттиз, ўттиз бир…

Олимжон ака беихтиёр қаради.

Ёш бола турникда чархпалакдек айланарди.

-Қирқ бўлдими?

-Бўлди-и.

Мушукни тепадан ташлаганда тўрт оёқлаб тушгандек, ёш бола икки оёқлаб тушди. Шижоати келиб яна йигирма марта “отжимания” ҳам қилди.

Ҳа, халқимизда бўладиган бола бошидан маълум, деб бежизга айтишмаган

Онаси узоқдан қўли билан чақирди:

-Ҳо-ой, Хасан ўғлим, чойга ке-ел.

Олимжон ака назарида бўлажак чемпионни кўргандек эди, гўё.

Олимжон аканинг таклифи билан Хасан “бокс” тўгарагига қатнай бошлади.Хасаннинг кундан-кунга очилмаган қирралари очилар, унинг чапдастлиги, тезлиги, устоз ўгитларига сўзсиз амал қилиши унга бокс мактабида ёрқин йўлни очиб бераётганди.

Қишлоқда баъзи уйларда девор бўлмайди. Шогирдининг  уйининг олдидан ўтаётган Олим ака таққа тўхтади. Хасан томорқа этагигача кўмилган тўнкаларнинг устида югуриб борар, қайтишда қирқ қадамча қилинган турникка  қўли билан осилиб келарди,   устозини кўриб,  ҳузурига югуриб келди. Бокс тилида саломлашишди.

-Хасан, нега бундай қилдинг?

-Устоз, ўзингиз айтасизку, машқда қийналсанг, рингда осон бўлади, деб.

Излаган имкон топар деганларидек, Хасан гоҳида қўй боққани чиққанида, ўртачароқ қўйни елкасига олиб эллик марта ўтириб-турарди.

-Хасан, бугун навбатдаги “чақмоқ” усулини ўрганамиз.

-Бу қандай усул?

-Рақибинга яшиндек ҳужум уюштириш ва “накаут” қилиш усули. Мен рақиб бўламан, сен менга “ҳужум” уюштирасан.

-Устоз, ахир сизга…

-Мени енгсанг , рақибингни ҳам енга оласан.

Устозининг ўгитларига амал қилган Хасан кетма-кет мусобақаларда зафар қучиб, “олимпия” ўйинига йўлланмани қўлга киритди.

Олимпия ўйинлари…

Хасан ўзига ўхшаган бақувват, чайир рақибларини кетма-кет мағлубиятга учрата бошлади.

Навбатда сўнгги рақиби…

Рақиби ўнг ва чап қўлини моҳирона ишлатиб, эпчил ҳаракат қилар, Хасан унинг қолипига тушишга бироз қийналарди. Учинчи раундга ўтганда устоз Хасаннинг қулоғига секингина деди:”Хасан, ўзингни қўлга ол, тезликда рақибингдан устунсан, “чақмоқ” усулини қўлла, бутун Ўзбекистон халқимизнинг кўзи сенга қадалган”.

Хасаннинг кўзи мошдек очилди. Хасан рингда шамолдек енгил ҳаракат қилар, яшиндек ҳужум уюштирар, рақиби нима бўлаётганини гоҳо сезмай қоларди ва ниҳоят…

Бир…,икки…,уч… .

Хасан рингда икки қўлини юқори кўтарди, бу қўллар Ўзбекистон тимсолида кўтарилган қўллар эди…

Хасан қувончдан байроғимизни юқори кўтариб, ҳилпиратиб рингда гир айлана бошлади.  Бу манзарани кўриб турган Олимжон аканинг кўзларига юрагидан отилиб чиққан севинч ёшлари келди. Чунки бу манзара  мустақил Ўзбекистонимизнинг ёш авлодга оталарча бўлган ғамхўрлиги, эътибори , устоз Олимжон аканинг меҳнатлари,  ўгитлари, сабр-бардоши, машаққатларининг меваси эди.

Чиноз тумани “Ҳазрат Али” жоме масжиди
имом – хатиби Тунгатов Тойиржон.