Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мазлумнинг дуоси

Мазлумнинг дуоси

Овчилардан бири бир куни эрталаб ҳалол ризқ истаб, овга чиқди. Тузоғини ташлаб қўйди, аммо тузоққа ҳеч нарса илинмади. Овчи Аллоҳ таолога илтижо қила бошлади. Чунки уйда унинг болалари очликдан азият чекаётган эди. Қуёш ботишига озгина вақт қолганда, Аллоҳ таоло унга катта бир балиқни ризқ қилиб берди. Овчи Аллоҳ таолога ҳамд айтди. Балиқни олиб, хурсанд ҳолда уйига жўнади.  Шу пайт бир подшоҳ сайр қилишга чиққан эди. Овчини кўриб унинг олдига келди, овчининг қўлидаги балиқни кўрди ва у подшоҳга ёқиб қолди. Зўрлик қилиб балиқни ундан тортиб олди ва қасрга қайтиб кетди.

Маликанинг олдига хурсанд бўлиб, балиқни олдига ушлаб олганча кирмоқчи эди, балиқ типирчилаб, подшоҳнинг бармоғини тишлаб олди. Подшоҳ кечаси билан ухлолмай чиқди. Табиблар келди, муолажалар натижа бермади ва бармоқни кесишга қарор қилишди. Бармоқ кесилди, аммо подшоҳ оғриқдан қутулмади. Чунки балиқнинг заҳари қўлидан ўтиб, танасига тарқаётган эди. Қўлини билагигача кесдилар. Лекин подшоҳ яна оғриқдан қутилмади, балки яна бақириб, фарёд сола бошлади. Табиблар яна маслаҳат қилиб, билагини ҳам кесдилар. Подшоҳ танасидаги оғриқдан қутилди. Аммо қалби нотинч эди.

Табиблар муаммо нимада эканини тушунди ва қалб табибларининг олдига, яъни ҳукамоларнинг олдига боришни маслаҳат бердилар. Подшоҳ бир ҳаким зотнинг олдига борди ва унга балиқ билан бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди. Ҳаким: “Ўша овчи сизни кечирмагунча қалбингиз хотиржам бўлмайди”, деди.

Подшоҳ овчини қидириб топди. Унга бошидан ўтганларини айтиб, кечирим сўради. Овчи уни кечирди. Сўнгра подшоҳ ундан сўради: “Балиқни олиб кетганимдан кейин нима деган эдинг?”. Овчи: “Ҳеч нарса демадим, фақатгина, “Аллоҳим у менга кучини кўрсатди, Сен ҳам қудратингни кўрсат!” – деб дуо қилган эдим”, деди.

Араб тилидан Мирзалиев Ҳакимбек таржимаси

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани

“Эртош” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan