Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мажлиснинг ҳам ўз одоби бор

Мажлиснинг ҳам ўз одоби бор

Мулоҳаза

Маълумки, инсоният азалдан давлатни идора қилишда мажлис ва йиғинлар ўтказишдан фойдаланган. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, мажлис ва йиғинларни ўтказишнинг ўз одоби бор. Унга амал қилиш эса маданият белгисидир.   

Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир», деган (Мужодала сураси,11-оят).

Бу ояти кариманинг тушиш сабаби ҳақида бундай ривоят қилинади:

«Бу оят жума куни тушган. Пайғамбар алайҳиссалом ўша куни суфада, тор жойда ўтирган эдилар. Шу мажлисга Бадр уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи кеч қолдилар. У кишининг одатлари, аҳли Бадрни иззат-икром қилардилар. Келганлар жой берилишини кутиб тик туриб қолишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларнинг нимага туриб қолганларини билдилар. Лекин уларга жой берилмади. Шунда У зоту бобаракот атрофларида ўтирган кишиларга «Ҳой фалончи, фалончи», деб бирма-бир ўринларидан турғизиб, аҳли Бадрни ўтқаздилар. Бу эса, ўрнидан турғазилганларга оғир ботди. Пайғамбар алайҳиссалом буни уларнинг юзларидан сездилар.

Мунофиқлар бу ҳолатдан усталик билан фойдаланиб, «Пайғамбаримиз кишилар орасида адолат ўрнатади, деб юрар эдинглар-ку?! Аллоҳга қасам, анавиларга ҳеч адолат қилмади. Бир хил одамлар ўз Набийларини яхши кўриб унга яқинлашганди, уларни турғазиб юбориб, ўринларига ўзгаларни ўтқазди», дейишга ўтдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом «Ўз биродарига жой берган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. Шундан сўнг одамлар ўринларидан шошилиб тура бошладилар ва биродарларига жой бўшатдилар».

Инсон ҳаёти давомида турли давраларда ва турли мажлисларда иштирок этади. Мажлиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга айтиб кетган бир нечта одоблари мавжуд.

1. Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан обод қилиш. Яъни бирорта даврада ўтирса, ўша даврада, албатта, Аллоҳнинг зикри бўлиши керак.

2. Яхши ҳамсуҳбатни танлаш.

3. Мажлисга кириб келганида ва ундан кетаётганида салом бериш.

4. Қўл бериб кўришиш. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”.

6. Мажлисга келиб ўтирганида иккита одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириб олмаслик. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”.

7. Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.

8. Чап қўлни орқага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик.

9. Мажлисга келган киши бўш жойга ўтириши.

10. Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Чунки бундай ҳолатда учинчи одам мен ҳақимда гаплашишяпти деган гумонга бориб қолади.

11. Ёнидаги суҳбатлашаётган одамларнинг гапини пойламаслик.

12. Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтиришга энг ҳақли одам унинг ўзидир.

13. Мажлисдан кетиш учун изн сўраш.

 14. Мажлис омонатини сақлаш. Яъни мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик, фақатгина мажлисдагиларга зарар етмайдиган ва эшитганларга манфаати бор гаплар бундан мустасно.

15. Дуо мажлиснинг каффоротидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисда содир бўлган гуноҳлар ва камчиликларга каффорот бўладиган дуони бизга ўргатганлар. У зот мажлис тугаганида шундай дуо қилар эдилар: «Субҳанака Аллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирук ва атувбу илайк».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл четида ўтиришдан қайтарганлар.

Саҳобалар: – Эй Расулуллоҳ, Мажлисларимиз лозим нарсалар. Биз уларда суҳбатлашамиз, – дейишди.

«Агар ўтиришдан бошқа илож топа олмасангиз, йўлга ўз ҳаққини беринг», дедилар.

«Унинг ҳаққи недир?» – дейишди.

«Кўзни тийиш, озор бермаслик, саломга алик олиш ҳамда амру маъруф ва наҳйи мункар», дедилар».

Одил АНВАРОВ

Оққўрғон тумани бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan