Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Масжидлардан таралаётган Хатми Қуръон таровати

Масжидлардан таралаётган Хатми Қуръон таровати

Барчамизга маълумки, Рамазон ойи Республикамиз бўйлаб ўзгача шукуҳу тароватда давом этмоқда. Бу айниқса масжидларда ўтказилаётган таровеҳ намозлари ҳамда уларда ташкил этилиб, поёнига етаётган Хатмоналар сабаб янада кўтаринки кайфият улашилишига сабаб бўлмоқда.

Ана шундай Хатми Қуръон кечалари Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг вилоятимизнинг чекка ҳудудларига бориб, Хатмоналарда иштирок этишлари, аҳоли ўртасида жуда ҳам хурсандчилик билан кутиб олинмоқда. Хайруллоҳ домланинг суҳбатларидан, қилган маърузаларидан дилларга ажиб сакинат иниб, кўзлар намланмоқда.

Хусусан, ана шундай кечалар 28 май куни Янгийўл туманидаги «Усмон Зиннурайн», 29 май куни Бекобод туманидаги «Амир Ҳамза», 30 май куни Оққўрғон туманидаги «Нодирхон қори» жоме масжидларида бўлиб ўтди.

Сўз аввалида, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Рамазон ойи барчага баракотли бўлиб, мустажоб дуолар билан якунланишини Аллоҳ таоло муяссар қилишини тилаган ҳолда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг муҳаббатли, ихлосли халқимизга саломларини ва хайрли тилакларини етказдилар.

Шундан сўнг, Рамазон ойи, унинг фазли, тақво, Ислом, имон неъмати ҳақида маърузалар қилинди. Дилдан айтилган сўзлар, қилинган хайрли дуолар сабаб қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар юмшади, кўзлардан шашқатор ёшлар оқди. Хатмоналар таомилга кўра эзгу дуолар, мўмин-мусулмонларнинг бир-бирини қутловлари билан якунланди.

Вилоятимиз бўйлаб Хатми Қуръон кечалари давом этади. Тошкент вилояти вакиллиги ахборот хизмати томонидан улар ҳақида маълумотлар тақдим этилиб борилади.