Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Масжидлар фаолиятидан

Масжидлар фаолиятидан

Ҳозирги кунда интернетда кенг тарқалган ижтимоий тармоқлар масаласи долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Шуни айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқлар ёшлар орасида оммалашиб доимий машғулотга айланиб улгурган.

Ёшлар бебаҳо умрларини на дунё ва на динларига фойда бермайдиган ҳар хил бўлмағур нарсаларга сарф этаётганлари ачинарли ҳолат, албатта. Айниқса, “В контакте” тармоғида яқинда пайдо бўлган “Кўк кит” ўйини глобал муаммога айланди, ундаги бажариладиган вазифалар иштирокчини бирма-бир ўзини ҳалок қилишга чорлайди. Ёшларни бундай офатлардан огоҳлантириш мақсадида тадбирлар ташкил қилинмоқда. Шундай тадбирлардан бири 4 апрель куни Юқоричирчиқ туманидаги 7-умумтаълим мактабида “Интернетдаги тахдидлардан ҳимоя”, “Диний экстремизм ва терроризм”, “Эрта никоҳнинг олдини олиш”, “Ўз жонига қасд ва суиқасд қилишни олдини олиш” мавзуларида бўлиб ўтди. Унда Юқоричирчиқ тумани “Абу ханифа” масжиди имом-хатиби Акилхонов Сирожиддин, туман Камолот ЁИХ раиси Б.Умаралиев, туман Манавият тарғибот маркази рахбари М.Тўхтаназаровалар иштирок этишди. Имом-хатиб томонидан мавзуга доир маъруза қилинди. Тадбирда мактаб маъмурияти, ўқитувчилари ва 250 нафар ўқувчи иштирок этди. Тадбирда ўқувчиларга “Кўк кит” ўйинининг зарарли оқибатлари, ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳ эканлиги ҳамда интернетдаги бошқа таҳдидлардан эҳтиёт бўлиш, диний оқимлар таъсирига тушиб қолмаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўз навбатида мактаб директори Н.Ёқубов бундай тадбирлар хайрли самара бераётганини таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг 6 апрель куни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» муносабати билан Пискент тумани, “Тараққиёт” МФЙ, “Пиллакорлар” кўчаси 1-уйга туман бош имом-хатиби З.Қудратов, “Тараққиёт” МФЙ раиси М.Мусаев, маслаҳатчи Г.Усмондиёрова, ҳудуд профилактика нозири Ж.Субанов ва посбон К.Ортиқовлар ҳамкорликда кириб, хонадон соҳиблари билан суҳбат қилишди. Ташриф чоғида  аниқландики, ушбу оиланинг қизи турмуш ўртоғи билан муроса қила олмай келиб қолган экан. Оила муқаддас даргоҳлиги, оилада эр-хотинни ҳақлари, қуда-андалар ўртасида меҳр-оқибат ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Қизнинг отаси А.Ғаффоров қудаларига яхши муомалада бўлиб, қизларини яраштиришга рози бўлди. Ҳамкорликда олиб борилган хайрли иш натижасида бир оила тикланди.

Яна шундай тадбирлардан бири 3 апрел душанба куни Пискент тумани, “Файзобод” МФЙ ҳудудидаги 17-мактабда бўлиб ўтди. Унда Пискент тумани “Ўсмат ота” жоме масжиди имом хатиби М.Сирожов, “Файзобод” МФЙ диний-ахлоқий маънавий-маърифий тарбияси бўйича маслаҳатчи А.Муспенова билан ҳамкорликда “Диний экстремизм ва ақидапарастликни олдини олиш”, “Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш” ва “Саломлашиш одоби” мавзуларида тадбир ўтказди. Унда ўқувчилар 20 нафар жамоа ишчи ходимлари ва 90 нафар ота-оналар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар ота-оналарга мазкур мавзуларга оид масалаларда тушунтириш ишлари олиб бордилар. Айниқса, ёшларнинг одоб-ахлоқига ва дарсларга қатнашишдаги тартиб интизомига эътиборли бўлишга урғу берилди. Мактаб директори М.Юнусова тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдирар экан, бундай тадбирлар бардавом бўлиши ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Тошкент вилояти ахборот хизмати