Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Масжидга қўйилган ғишт жаннатда қаср барпо бўлишига василадир

Масжидга қўйилган ғишт жаннатда қаср барпо бўлишига василадир

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда Ватан равнақи, миллат келажаги, дин ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида диққатга сазовор ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Ана шундай хайрли ишлардан бири, юртимиз мусулмонлари ибодат қилишлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаётганлигидир. Зеро, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, “Ким Аллоҳ йўлида масжид учун битта ғишт қўйса, Аллоҳ у учун жаннатда битта қаср барпо қилади”.

Давлатимиз раҳбари ҳам Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2018 йил 5 январь кунидаги навбатдан ташқари сессиясида вилоятдаги масжидлар ҳақида ўз фикрини билдириб, шундай деган эди:

“Тинчлик ва соғлик. Мана шу нарсаларни қилиб олсак, қолганлари яхши бўлади. Шунда одамлар бизга ишонади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов билан биргаликда бир ой муддатда барча таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни ўрганиб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш зарур”.

Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинди.

Бугун ҳам ана шундай савобли ва эзгу ишларнинг давоми ўлароқ Қуйи чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжидини қайта қуриш учун табаррукона ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва туман мутасаддилари иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, масжид замонавий кўринишда, намозхонлар учун барча шароитлар яратилган ҳолда барпо этилиши лойиҳалаштирилган.

Тадбирда одатий анъанага кўра Қуръон тиловат қилинди. Муфтий ҳазратлари пойдевор устига илк ғиштни табаррукона қўяр экан, ушбу бинонинг эртаси, бу йўлда меҳнат қилаётган ихлосли халқимиз ҳақларига хайрли тилакларни, шунингдек, бу масжидга асос солганлар, бу даргоҳда ибодат қилиб кетганлар хотирасига марҳаматли Аллоҳ таолонинг раҳматларини сўраб дуо қилди. Шундан сўнг, савобли ишга хиссаси қўшилишидан умид қилган барча иштирокчилар пойдеворга бирин-кетин ғишт тера бошладилар.

Ушбу тадбир кетидан муфтий У. Алимов ҳазрат Оққўрғон туманида қурилиш ишлари давом этаётган “Нодирхон қори” ҳамда “Эрбўта қози” жоме масжидларига ташриф буюриб, олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди. Қурилишга ҳисса қўшиб келаётган саҳоватпеша инсонлар ва усталарнинг ҳақларига эзгу дуолар қилди.