Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Тошкент вилоятида яна битта масжидга биринчи ғишт қўйилди

Тошкент вилоятида яна битта масжидга биринчи ғишт қўйилди

Тошкент вилоятида намозхонларнинг ибодат қилишлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, янги масжидлар барпо этиш, таъмиртаълабларини қайтадан таъмирлаш, қулайлик ва имкониятларни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугун ҳам ана шундай қувончли ҳодисалардан бири содир бўлди. Оҳангарон туманидаги “Қорахитой” жоме масжидининг янги биносига дастлабки ғишт қўйиш маросими ўтказилди. Илк ғиштни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ва мутасаддилари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар қўйиб бердилар.

Тадбирда эл равнақи, юрт тараққиёти, динимиз ривожи, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилиниб, масжиднинг қайта қурилиш ишларига муваффақиятлар тиланди. Саховатпеша, эҳсонсевар, дин ва Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларга қалбан боғланган, муҳаббатли юртдошларимизнинг хизматлари, жонкуярлиги эътироф этилди. Бу солиҳ амаллари сабаб у дунёю бу дунё буюк ажру мукофотлар соҳиби бўлишларига умид билдирилди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят).


Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди. Оҳангарон туманидаги “Қорахитой” жоме масжиди ҳам ана шу дастур асосида қайта қурилмоқда. Масжид Тошкент Ўш автомагистрали ёнида жойлашган бўлиб, йўловчилар, меҳмонлар учун ҳам хизмат қилади. Айнан шу сабали, туман ҳокимияти масжиднинг янги биноси учун бир ярим гектарга яқин жой ажратди. Эндиликда ажратилган майдонга замонавий, кўркам кўринишга эга, барча қулайликлар, шарт-шароитлари билан масжид барпо этилади.