Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Масжид ва зиёратгоҳлар обод бўлмоқда

Масжид ва зиёратгоҳлар обод бўлмоқда

Бугун – 2019 йилнинг 5 октябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов Оҳангарон тумани масжидларида олиб борилаётган ишлар, уларда шарт-шароитларни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида “Чил-қори”, “Пайғамбарота”, “Қорахитой”, “Мулла Умар Охун” жоме масжидларига ташриф буюрдилар.

Вилоят масжидларида намозхонлар учун ҳар томонлама қулайликларни ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар таҳсинга лойиқ эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Чунки имом-хатиблар ва масжид фидойилари ҳомийларни жалб қилган ҳолда масжидларни қайта қурмоқдалар, таъмирталабларини таъмирламоқдалар, таҳоратхоналар ҳолатини яхшилашмоқда, зарур таъмирлаш ишларини амалга оширишмоқда, иситиш тизимини янгилашмоқда, гилам ва бошқа жиҳозларни замонавий талабларга мос бўлишини таъминлашмоқда ва ҳоказо. Бу, албатта, мўмин-мусулмонларни ҳушнуд этмоқда. Хайруллоҳ домла Турматов масжид ходимлари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш йўллари бўйича керакли маслаҳат ва кўрсатмаларни бердилар.

Шунингдек, “Пайғамбарота” масжидига туташ бўлган “Пайғамбарота” зиёратгоҳига ҳам ташриф буюриб, у ерда зиёратчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Зиёратгоҳга келганлар билан суҳбатлашдилар ва зиёрат одоблари ҳақида тушунтиришлар, зиёратгоҳнинг мутасаддиларига бидъат ва хурофотларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бердилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент вилоятида мавжуд зиёратгоҳларда вилоятнинг малакали имом-хатиблари ҳамда “ВАҚФ” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ходимлари томонидан Ислом ақидасига мувофиқ зиёратларни ташкил этиш, зиёрат одобларини тушунтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Зеро, Аллоҳ таолодан ўзга нарсаларга – тош, дарахт, қуёш кабиларга ибодат қилиш ширк амал ҳисобланади. Маълумки, ширк гуноҳи кабиралардандир. Қуръони Каримда: “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят), дея Аллоҳ таоло марҳамат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам ширкнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги ва у сабаб инсоннинг охирати аянчли ҳолда бўлиши ҳақида хабар берилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таборака ва таоло: “Мен шерикка энг беҳожат зотман. Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк этурман” деди”, дедилар” (Имом Муслим ривоят қилган).

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятдан бенасиб қилмасин, тўғри йўлдан адаштирмасин, фақат Ўзига ибодат қилиб, Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan