Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Масжид одоби

Масжид одоби

Ҳар бир ишни одоби бўлгани каби Аллоҳнинг байтларида ҳам одоб юксак ўринда бўлмоғи лозимдир. Инсон одобни жойига қўймагунича, ҳеч қандай ишида муваффақиятга эриша олмайди. Бирон иш ёки соҳа йўқки унда одоб билан ўша амаллар зийнатланмаса.

Масжид одоблари:

  • Масжидга сакинат билан хотиржамлик билан таҳоратда боришлик.

Чунки Ҳабибимиз алайҳиссалом намозга шошиб келмоқликдан қайтарганлар. Намозни имомга эргашган ҳолда, қайси ракатда топсалар ўша ердан давом эттирмоқликни айтганлар.

  • Масжидга кираётганда ўнг оёғи билан кириб: “Эй Аллоҳим менга раҳматинг эшикларини очгин”, деб масжидга кириш дуосини ўқимоқлик.

Масжиддан чиқаётганда чап оёғи билан чиқиб: “Эй Аллоҳим мен сендан фазлу марҳаматингни сўрайман”, деб масжиддан чиқиш дуосини ўқимоқлик.

  • Масжидга кирган киши “таҳиййатул масжид” ўқимоқлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким масжидга кирса икки ракат намоз ўқимай ўтирмасин”, деганлар (Мутафаққун алайҳ).
  • Масжидда савдо-сотиқ қилишлик ва дунёвий сўзларни гапиришликлик, йўқолган нарсаларни масжидда эълон қилишлик макруҳдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ким масжидда бирон нима сотаётганини кўрса, Аллоҳ тижоратини ўстирмасин десин. Ким йўқолган нарсани масжидда эълон қилаётганини кўрса, Аллоҳ йўқотган нарсасини топтирмасин деб айтсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
  • Саримсоқ ва хом пиёз еб жамоат намозларида ҳозир бўлишлик масжид одобларига зиддир.

Расули акрам алайҳиссалом айтадилар: Ким саримсоқ ва пиёз еган бўлса, масжидларимизга яқин келмасин, одам болаларини озорлатган нарсалар малоикаларни ҳам озорлатади (Имом Муслим ривояти).

Бундай қайтариқларга ҳар қандай нохуш ҳидли истеъмол этилувчи сигарет ва шу кабилар ҳам ичига дохил бўлади.

  • Азон айтилганидан сўнг масжиддан чиқиб кетишлик ҳам одобга зиддир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар масжидда муаззин азон айтса, намоз ўқимасдан масжиддан чиқиб кетмасин”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти)

  • Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтишлик макруҳдир.

Намоз ўқувчи учун намозга киришишидан аввал бирон тўсиқ (сутра) қўйиб олмоғи мустаҳабдир.

  • Масжидни “чойхона” қилиб олмаслик.

Расули акрам алайҳиссалом: “Масжидларни гаплашиб ўтириладиган жой қилиб олманглар, масжид ибодат ва зикр учундир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

  • Масжидда овоз кўтармаслик ва намоз ўқиётган, зикру тасбеҳлар айтаётган кишиларга ҳалал бермаслик.

Қўл телефонларини ўчириб қўймаслик ҳам ҳалал етказувчи воситалардандир.

  • Масжидга киргач, қибла тарафга қараб ўтирмоқ, оёғини қибла тарафга чўзиб ўтирмаслик ва бош кийимда намозларни адо қилишлик ибодатнинг ҳам масжиднинг ҳам одобига киради.

Роббимиз барча ишларда одобга риоя этмоқликларимизни  насиб этсин. Зеро, барча иш одоби билан гўзалдир!!!

Тошкент тумани “Айри ота” жоме масжиди
имом-хатиби Икромов Дониёр

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan