Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / “Маслаҳатгўй”нинг нотўғри кўрсатмаси

“Маслаҳатгўй”нинг нотўғри кўрсатмаси

Оила бу Аллоҳ таълонинг инсониятга берган неъматларидан биридир.

Инсон ўз оиласини ҳимоя қилиши, кўз қорачиғидай асраши лозим.

Афсуски, ҳозирги пайтда оилавий ажримлар сони ортиб бормоқда. Ажрим оқибатида нафақат бир оила, балки жамият ҳам бузилади.

Бизнинг урфда “касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши”, деган ҳикматли нақл бор. Шунга биноан биз ажримга олиб борадиган иллатлардан қутилишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ажримга сабаб бўлаётган иллатлардан бири – келин ва куёвни янги ҳаётга тайёрламоқчи бўлган “маслаҳатгўй”ларнинг нотўғри кўрсатмаларидир.

Ҳали оила нималигини билмаган, ҳаётни ачиқ – чучигини татимаган қизга “маслаҳатгўй”ларнинг: “Сен у хонадонга чўри бўлиб бормаяпсан, сен уларни малайи эмассан, биринчи кундан бошлаб сўзингни берма, яъни (гапига гап қайтар), агар шундай қилсанг оилада айтганинг айтган, деганинг деган бўлади” қабилидаги кўрсатмаларни беришини тасавур қилиб кўринг…

Аслида хизмат қилиб ҳеч ким кам бўлган эмас . Яқин тарихни бир эсга олайлик. Тахминан бундан 35-40 йил аввал юртимизда ажрим жуда кам бўлган. Ажраб кетиш ор, номус масаласи ҳисобланган. Ўша даврда қизини узатаётган ота-оналар: “Қизим чиққан қиз чиғириқдан ташқари, қайтиб келадиган бўлсанг, мени унақа қизим йўқ, эрингни, қайнота-қайнонангни хизматидан қочма!” – деб насиҳат қилишган. Қиз ҳам шу насиҳатларни олиб, оғир шароит бўлишига қарамай хизмат қилган. Ҳозирда келинларимиз бизнинг оналар қилган хизматни ўндан бирини ҳам қилмаяпти. У пайтларда шароит анча оғир бўлган, эрталаб туриб нон ёпишми ёки сув иситиб, кир ювишми ёки далада кетмон чопишми, ҳамасига чидаган. Ана шуни мукофоти ўлароқ ҳозирда қарилик гаштини суриб, набира келинларини қўлидан чой ичиб ўтиришибди. Яратганга шукурки, бугун ҳамма нарса муҳайё, кирни кир ювиш машинаси ювса, далада ишламаса, яна қанақа хизмат бўлиши мумкин. Келинларга қоладигани – чой дамлашу, таом тайёрлаш. Агар энди шунга ҳам чидамаса ношукурлик томонига ўтган бўлади, Аллоҳ таоло эса ношукурларни яхши кўрмайди.

Зангиота тумани “Эшонгузар” жоме
масжиди имом-хатиби У.Содиқов.