Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / «Масад» сураси: Набий алайҳиссалом ҳақида турли бўҳтон ва туҳматлар тарқатган Умми Жамил

«Масад» сураси: Набий алайҳиссалом ҳақида турли бўҳтон ва туҳматлар тарқатган Умми Жамил

Бу сураи карима Маккада нозил бўлиб, 5 оятдан иборат. Ушбу сурага ўзининг охирги «Масад» сўзи ном бўлиб қолган. Суранинг иккинчи исми «Лаҳаб»дир. Кўпчилик уни суранинг аввалидаги биринчи ибора – «Таббат ядаа» билан ҳам атайди. «Масад» сўзининг маъноси «арқон»дир. Сурада Абу Лаҳабнинг хотини бўйнида арқон ила дўзахга кириши таъкидланган.

Ушбу суранинг қаҳрамони Абу Лаҳабнинг асл исми Абдулуззо ибн Абдулмуттолиб бўлиб, икки ёноғи оловдек қизариб тургани учун Абу Лаҳаб деган куня олган эди.

Аллоҳ таоло «Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир» деган оятни нозил қилганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овоз билан:

– Эй Қурайш жамоаси! – деб нидо қилдилар. Шунда улар тўпланишди. Ул зот уларга қараб: – Агар сизларга ҳозир «Водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибдилар», десам, ишонасизларми? – дедилар.

Тўпланганлар:
– Ишонамиз, сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч кўрмаганмиз, – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан қўрқитувчи (пайғамбар) бўлиб келдим, – дедилар. Шунда Абу Лаҳаб:

– Ҳалок бўлгур! Бизни шунга йиғдингми?! – дегандан сўнг Аллоҳ таоло «Масад» сурасини нозил қилган.

Абу Лаҳаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва энг ашаддий душманларидир. Уни бойлиги, мол-мулки ғурурга кетказган. У шундай синф вакилики, улар ўзларига вазифа юкловчи барча ҳаракат ва тузумларга қарши чиқаверишади.

Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил ҳам Исломнинг ашаддий душманларидан бири бўлиб, Набий алайҳиссалом ҳақида турли бўҳтон ва туҳматлар тарқатиб юрарди. У ҳам чақимчилик, ғийбатчиликка ўч, фитначи аёллар тоифасининг вакиласи.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок!
Ушбу оятдаги «икки қўл»дан мурод уларнинг эгасидир. Арабларда бир нарсанинг бўлагини зикр қилиб, ўзини қасд қилиш услуби бор. Бу ояти каримада худди ўша услуб қўлланган («Бошинг омон бўлсин» деганда умуман тананинг соғлиғи назарда тутилганга ўхшаш).

Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитиб туриб, кўпчилик ичида, «Ҳалок бўлгур!» деганига қарши ўлароқ, бу оятда унга икки марта ҳалок тиланмоқда.

2. Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади.
Яъни, Абу Лаҳабга мол-дунёси ҳам, касб-кори ҳам фойда бермади. «Касб қилган нарсалари» дейилганда, обрў-эътибори ва фарзандлари кўзда тутилган.

Ушбу оят ҳам Абу Лаҳабнинг куфр йўлида айтган гапига раддиядир. Аллома Исмоил ибн Касир ушбу оят тафсирида қуйидаги маълумотни келтирганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавмларини иймонга даъват қилганларида, Абу Лаҳаб «Агар акамнинг ўғли айтаётган нарса ҳақ бўлса, мен молу дунёим ва болаларимни фидо қилиб, ўзимни азобдан қутқариб оламан», – деган экан».

Имом Олусийнинг ёзишларича, Абу Лаҳабнинг учта ўғли бўлиб, Утба, Миътаб ва Утайба деб аталар эдилар. Уларнинг биринчи иккиси Фатҳ куни мусулмон бўлдилар ва Ҳунайн, Тоиф ғазотларида қатнашдилар. Утайба эса мусулмон бўлмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумга уйланган эди. Утба эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа қизлари Руқияга уйланган эди. Ушбу сура нозил бўлганидан кейин Абу Лаҳаб икки ўғлига: «Агар Муҳаммаднинг икки қизини талоқ қилмасангиз, менинг бошим икковингизнинг бошингиз билан бир жойда туриши ҳаромдир», – деди. Бас, улар хотинларини талоқ қилдилар.

Сўнг Утайба отаси билан Шомга сафар қиладиган бўлиб қолди ва: «Албатта бориб, Муҳаммадга озор бераман, – деди. У бориб: – Эй Муҳаммад! Мен тушган юлдузга кофирман, яқинлашиб, зоҳир бўлганга ҳам кофирман», деб туриб, туфурди ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумни талоқ қилди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари келди ва: «Унга Ўз итларингдан бирини ҳукмрон қилгин!» – деб дуо қилдилар. Утайбани шер еб кетди. Абу Лаҳаб бўлса, Бадр урушидан етти кеча ўтгандан сўнг, Адаса номли юқумли вабо касалидан ўлди. Унинг ўлигининг олдига ҳеч ким бормай, уч кун ётиб, сасиб кетди. Унинг қариндошлари ор-номус қилиб, бир чуқур қазишди ва жасадни таёқлари билан суриб, чуқурга тушириб, устидан тош отиб, кўмишди. Шундай қилиб, Абу Лаҳаб ҳақида Қуръони Карим берган хабарнинг бу дунёдаги қисми юзага чиқди. Охиратдагиси эса қуйидагича бўлади:

3. У тезда алангали ўтга кириб, куядир.
Бу қизиб турган олов жаҳаннам оловидир.
Уламоларимиз «Масад» сурасида, хусусан, унинг ушбу оятида улкан мўъжиза борлигини таъкидлайдилар. Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина душманлари у зотга узоқ муддат адоват қилганларидан сўнг, ҳузурларига келиб, ўз Исломларини эълон қилганлар. Улар орасида Умар ибн Хаттоб, Холид ибн Валид ва Амр ибн Осс розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобийлар ҳам кўп эди. Энг ажабланарлиси, Қуръони Карим ўша душманлардан бир кишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қариндош бўлган кишини, амакилари ва қудалари бўлмиш Абу Лаҳабни танлаб олиб, унинг куфрда абадий қолиши, кофир ҳолида ўлиб, дўзахга тушиши хабарини берди.

Бундай қатъий ҳукмни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қилиши мумкин. Чунки Абу Лаҳаб хоҳлаган лаҳзада калимаи шаҳодатни айтиб, иймонга келиши мумкин эди. Ҳеч бўлмаса, душманлик учун, қасддан иймон келтириб, одамлар ичида Қуръонни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи деган гап тарқатиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани, келажакда бўладиган ишларни ҳам ипидан-игнасигача яхши биладиган Зот. Шунинг учун ҳамма нарсани олдиндан очиқ-ойдин айтиб қўйди ва иш ўшандоқ бўлди. Абу Лаҳаб кофир ҳолида ҳалок бўлди, энди қиёматда дўзахга киради.

4. Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам.
Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамилнинг «Ҳаммаа латал ҳатоб» – «ўтин кўтарган» деб сифатланишига уламолар бир неча хил фикрлар айтадилар.

1) Эри куяётган жаҳаннамга ўтин кўтариб киради ва иккови яна ҳам қаттиқроқ куядилар.

2) Умми Жамил чақимчилиги, динга қарши фитнаси билан машҳур эди. «Ўтин кўтарган» деган ибора фитнани аланга олдириш учун чақимчилик қилиб, гап ташиб юришига ишорадир.

3) Бу аёл тиканли ўтинларни кўтариб келиб, Муҳаммад алайҳиссаломга озор бериш мақсадида, йўлларига сочар эди, бу ибора ўша қилиғига ишорадир.

5. Унинг бўйнида эшилган арқон.
Дўзахда азобланаётган Абу Лаҳабнинг хотини бўйнидаги эшилган арқоннинг қандай бўлиши ҳусусида кўп гаплар айтилган. Жумладан, ўша арқон хурмонинг пўстлоғи ичидаги майин толалардан яхшилаб эшилган ёки жундан, теридан, темирдан, оловдан бўлади, дейилган. Нима бўлганда ҳам, ўша арқон уни азоблаш, хўрлаш учун ишлатилади.

Яъни, бу дунёда ёмонлик йўлида ўтин кўтарган арқони ўрнига қиёматда унинг бўйнига эшилган арқон ўраб, судралади.

Абу Лаҳабнинг хотини Аврооу бинти Ҳарб деб аталиб, унинг куняси Умми Жамил эди. У Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглисидир. Умми Жамилнинг ҳам худди эри каби, Набий алайҳиссаломга адовати кучли эди. Ул зотга қарши турли-туман душманликларни қилар эди.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси амалга ошди. Абу Лаҳаб хор бўлди. Кишиларни Исломдан қайтариш учун қилган ҳаракатлари бекор кетди.

У асрлар оша Қуръон орқали лаънатланмоқда. Абу Лаҳабнинг йўлига юрганлар ҳам шу оқибатга эришадилар.

«Тафсири Ҳилол» асосида тайёрланди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan