Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ ЛОЗИМ

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ ЛОЗИМ

Фарзандимиз хасталанса, иситмаси кўтарилса,  дарҳол шифокорга олиб борамиз. Ярим тун  бўлсин, кун  бўлсин машина керак бўлса машина, вақт керак бўлса вақт, пул керак бўлса пул, таниш керак бўлса таниш – ҳаммасини топамиз. Нима қилиб бўлсада, боламиз танасидаги дарддан халос бўлиши керак. Фарзандларимиздан кўра кўпроқ азият чекамиз. Дилбандимиз соғайгач  эса ҳамма ташвиш, азоблар бир зумда унутилади, ҳотиржам тин оламиз.  Аммо фарзандларимизнинг ахлоқи хасталаниб, одоби шикастланганда нима қиляпмиз?

Лабини буриб гап қайтарса, ҳурматсизлик қилса, итоатдан бош тортса, бу иллатлардан халос этиш учун қанчалик шошиляпмиз? Бугунги воқелик қандай, кўпчилигимиз фарзандларимизнинг ахлоқи бузилаётганидан, онасига гап қайтариб, ёлғон гапираётганидан танасига дард етганичалик ташвишланаяпмизми? Бунинг учун елиб югуриб ҳаракат қиляпмизми? Ҳолбуки, маънавий дард жисмоний дарддан анчайин оғир эканлигини кўпчилигимиз англаб етганмиз. Жисмоний дарддан қутилгач унинг асоратлари йўқолади, маънавий дард эса фарзандимиз то ҳаёт экан унга умри давомида ҳамроҳлик қилади. Энг хатарлиси, у ўзидан оғирроқ дардларни, оқибатларни етаклаб келади.

Фарзандларнинг одоби яхши ёки ёмон бўлишининг асл сабабчиси ота-онадир. Улар болани қаровсиз қўймаслиги, унга одоб-ахлоқ, илм, ҳунар ўргатиши лозим. Бу борада ота-она жонбозлик кўрсатмоғи, меҳрини, дуосини, тарбиясини аямаслиги керак. Бу йўлда чарчаш нималигини билмай ҳаракат қилмоғи лозим. Вақтини яхши ишларга сарфлаган, тийиб тергаб турилган фарзандлар солиҳ бўладилар. Ёшликда олган одоби умрининг сўнгига қадар унутилмайди. Зеро, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани мерос қолдира олмайди” (Термизий ривояти).

Оҳангарон тумани «Чилқори» жоме масжиди

имом-хатиби Орифжон Ҳусенов