Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / МАҚТУЛ СЎЗИ ҚОТИЛНИНГ ИСЛОМИГА САБАБ БЎЛДИ

МАҚТУЛ СЎЗИ ҚОТИЛНИНГ ИСЛОМИГА САБАБ БЎЛДИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг бир неча нафарини баъзи инсонлар талабига  кўра, уларни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. Улар мусулмонларнинг етмиш нафар яхшиларидан тузилган эди. Қўшин ичида Ҳаром ибн Милҳон ҳам бор бўлиб, уни  Жаббор ибн Сулмо ўлдирган эди.  Жабборнинг мусулмон бўлиши жуда ҳам қийин туюлар эди, лекин у тез орада мусулмон бўлди. Ундан мусулмон бўлгани сабабини сўрашди ва у  бунинг сабабини айтиб берди:

 “Менинг мусулмон бўлишим қиссаси бундай бўлган эди: Ҳаром ибн Милҳон исмли  мусулмон кимса билан уруш майдонида юзма юз келиб урушдик ва мен унинг икки кураги орасига найза санчдим. Кўкрагидан тешиб чиққан найза учига боқар эканман уни “Каъбанинг Роббига қасамки, зафар топдим”, деб айтаётганини эшитиб қолдим. Бунинг маъноси не, мен туш кўраяпманми ёки бу одам ёлғончими, деб ўйлаб қолдим».

Инсон гарчи баъзан ёлғон гапириб юрган бўлсада, ўлими онларида ёлғон сўзламайди.  Жаббор ибн Сулмонинг ҳайрону таажжубда қолишга ҳаққи бор эди. Ўзига: «Бир кишининг орқасидан найза урдим, ўқ унинг бир тарафидан кириб, иккинчи тарафидан чиқди. У шу заҳоти йиқилиб, ўз қонига беланиб қолди. Ҳаётининг охирги онларида эса ўзига ўзи “Каъбанинг Роббига қасамки, нажот топдим”, деди.

У киши энди аёли бева бўлиб қолишини, фарзандлари етимга айланишини, унинг ўзига дунёнинг барча неъматлари ҳаром (фойдалана олмаслик маъносида) бўлишини, таом ва шароб истеъмол қилолмаслиги, қуёш нурларини кўролмаслиги, ой шуъласини томоша қилолмаслиги, гапира олмаслиги, энди фақатгина қабрда ётишини яхши билар эди. Ундай бўлса, бу ютуқ нима бўлиши мумкин?!

Шунда баъзи мусулмонлардан унинг сўзлари ҳақида сўрадим. Улар: “У шаҳодат топишлик сабабли шундай деган. У Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, Аллоҳ йўлида шаҳодат топган кимсанинг қандайин бахту саодатли бўлиши, Аллоҳ розилигини топиши, жаннат неъматлари ила сийланишини билар эди. У буларни гўёки ўз кўзлари билан кўриб, “Каъбанинг Роббига қасамки, ғалаба қозондим”, деган эди”, – дейишди.

Мен: «У Аллоҳ учун яшаб ғалаба қилибди», – дедим.

Жаббор ибн Сулмо бу дунё ортида бошқа дунё ҳам борлиги, дунё лаззати ва хурсандчиликлари ортида бошқа унданда лаззатлироқ ва улуғроқ бўлган дунё борлигини билиб олди. Бу неъмат йўқ бўлиб кетмайдиган, ундаги ҳаёт тугамайдиган эканини тушуниб етди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда  шундай марҳамат қилади:

“Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас” (Сажда сураси, 17-оят).

Ва яна:

“Аллоҳнинг йўлида  қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар. Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар…” (Оли Имрон сураси, 169-170-оятлар).

Мана шундай, мўмин қалбидан отилиб чиқиб, тили ила сўзлаган биргина самимий сўз Аллоҳга, Унинг Расулига ва охират кунига ишонмайдиган бир иймонсиз кимсанинг иймон келтиришига ва ўз душманининг динига киришига сабаб бўлди. Ваҳоланки, у мана шу динга қарши адоватда бўлиб, курашаётган эди. Кўпинча биргина самимий қалбдан чиққан сўз ажойиб нарсаларга сабабчи бўлиб, аскарларни мағлуб ва шаҳарларни фатҳ қилади.*

* Ушбу қиссани имом Бухорий Мағозий китоби Ражиъ ғазоти бобида ва ибн Ҳишом ўз китобида ривоят қилишган.

Шайх Абул Ҳасан ан-Надвий раҳимаҳуллоҳ. «Қисасун минат-тарихил Ислам лил атфол».

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ