Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Лайкомания – хатарли касаллик

Лайкомания – хатарли касаллик

Лайкомания  XXI ахборот-технологиялари асрида жуда долзарб масалалардан бўлган ва ёшлар орасида авж олган касалликдир. Ҳа-ҳа, буни  касаллик деб атадим. Бу касаллик тумов каби иситма, бош оғриғи каби инсонда кўриниб турмайди. У онгни хаста қилади.

Ҳар бир касаллик, шу жумладан, “Лайкомания”нинг ҳам келиб чиқиш сабаблари бор. Қуйидагилар “лайк”ка вас-вас бўлишнинг бирламчи белгилари ҳисобланади: ижтимоий тармоқларга қарамлик-қуллик, реал ҳаётдан узоқлашиш, ҳар қандай “ғаройибот”, масалан, ўлиб ётган калтакесак билан ҳам суратга тушиш ва энг асосийси – “виртуал авторитет” ҳамда машҳурликка интилиш…

Бошқача айтганда, Роналду ёки Мессининг ижтимоий тармоқларда миллионлаб обуначилари бор, уларнинг биргина “селфи”си ёки ҳар қандай маза-бемаза гаплари учун сон-саноқсиз “лайклар” ёғилади. Чунки улар реал ҳаётда ҳам таниқли, чин маънода “юлдуз”. Юксак истеъдоди, санъати билан эришган бунга. Бироқ ижтимоий тармоқлар ва “лайк”лар қудрати иқтидорсиз, ҳақиқий дунёда эътиборсиз қолган кишиларни ҳам машҳурлик васвасасига солиб қўяяпти. “Хасталик” тобора пандемия, яъни оммавий тус олаяпти.

“Лайкомания” вируси ҳақида биринчи бўлиб рус патриархи Кирилл гапирди. “Кўпчилик ёшларнинг “лайк” учун ҳар қандай тентакликдан тап тортмаётгани – замонавий жамиятнинг энг катта муаммоларидан бирига  айланди. Умуман, ижтимоий тармоқларда ҳақиқий касаллик тарқалган. Одамлар кимдир – “э, боплапсан” деган маънода белги қўйишлари учун, ҳатто, ўз жонига қасд қилишгача етиб боряпти”, деди патриарх. Унинг қўшимча қилишича, кейинги йилларда бу ҳаётда “лайк” тўплашдан бошқа “фазилат”ни кўрмайдиган, мабодо етарлича йиға олмаса, буни – ўзи учун дунёдаги энг катта “фожиа” деб биладиган ёшлар тоифаси шаклланди.

Ҳақиқатда, бугун шер билан “селфи” тушиб, кейин унга ем бўлаётганлар ҳам, ўша лаънати “Кўк кит” ўйини қурбонлари ҳам, ўзини эшикка скотчлаб, кейин уни тармоққа жойлаётганлар ҳам, аслида, мана шу тоифа вакиллари – “лайкомания”га чалинган беморлар, ҳақиқий ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмаган интернет қуллари,  чин маънода хаста одамлардир.

Уларга тез ёрдам керак. Вакцина керак. Зудлик билан. Реал ҳаёт билан виртуал ҳаёт фарқини англаб етишига кўмаклашиш зарур. Акс ҳолда “пандемия” мен билан сизни ҳам аямайди, фарзандларимиз онгига чанг солади, жамиятда ҳақиқий инсонлар эмас, “қуллар” етишиб чиқаверади…  “Машҳур”, “авторитет” зомбилар кўпаяверади![1].

Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим
юртининг 4-курс талабаси Мўминова Азизахон

 

[1] www.xabardor.uz  сайтидан Ўткир Қаламтебратарнинг  “Лайкомания” пандемияси ёхуд “ёқди” тугмасини босиш шарт эмас…” номли мақоласидан олинди.