Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Кутилган мулоқот

Кутилган мулоқот

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастурига биноан ЎМИ Тошкент вилоят вакиллигининг ташаббуси билан жойларда семинар ташкил этилаётгани ҳақида илгари маълумот берган эдик. Ана шундай тадбирлардан бири бугун 23 декабрь куни Зангиота туманидаги “Тиббиёт” касб-ҳунар коллежида ўтказилди. Унда вилоят бош имом хатиби Ҳайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ўринбосари Д.Мўминова, туман бош имом-хатиби Н.Мавлонов, туман прокуратураси ва солиқ идораси ходимлари, шунингдек, “Тарнов” маҳалласи аҳолиси, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.

Учрашувда Ҳайруллоҳ домла “Жиҳодчи”, “Акромийлар”, “Ҳизбут таҳрир” каби турли экстремистик гуруҳларнинг ғоя ва мақсадлари ҳақида маълумот бердилар. Бундай бузғунчи ғояларнинг таъсирига фақатгина соф Исломнинг асл моҳиятини англамаган инсонларгина тушиб қолиши мумкинлиги, кейинги пайтларда шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, Ислом дини равнақи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жуда кўплаб диний-маърифий адабиётларнинг чиқазилаётганига барчамиз гувоҳ бўлаётганимиз ҳақида тўхталдилар.

“Ачинарлиси шундаки, буюк аждодларнинг авлодлари, инсон цивилизацияси ва Ислом илми ривожи учун бениҳоя ҳисса қўшган олиму фузалолар етишиб чиққан юртнинг фарзандлари илм ва маърифатда оқсаганликлари сабаб, китоб ва мутолаадан узоқлашганликлари боис динимизга ёт ғояларга эргашмоқда, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қўл урмоқда, ахлоқсизлик ва оммавий маданиятнинг асирига айланмоқда. Азизлар, келинг, ўзимизни ислоҳ қилайлик, ўзгаришни бугундан бошлайлик. Юртимиз, миллатимиз, динимиз равнақи учун бир тану бир жон бўлиб, аҳил ва иноқликда ҳаракат қилайликки, ўтган ота-боболаримизга муносиб ворис, кейинги келадиган авлодлар учун ўрнак бўла олайлик!” – дедилар вилоят бош имом хатиби.

Тадбир иштирокчиларидан бири таассуротларини изҳор қилиб, шундай деди: “Анчадан бери қалбимнинг тубида ётган ота-оналарга, маҳалладошларимга, ёшларга айта олмаган гапларимни бугун Сиз содда ва равон тилда тушунтириб бердингиз. Мана шундай учрашувни, очиқ мулоқотни ташкиллаштирганларингиз учун Сизларга ўзим, яқинларим, маҳалладошларим номидан миннатдорчилик билдираман”.