Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Кўмиб ташланган зам-зам

Кўмиб ташланган зам-зам

Исмоил алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида зам-замнинг тасарруфи у кишининг қўлларида бўлган. У зот вафот этгач, у кишининг ўғли Нобит, ундан кейин эса Журҳум қабиласи эгалик қилди. Вақт ўтиши билан Журҳум қабиласи одамларга ёмонлик қилувчи, зулм эгаларига айланишди. Уларнинг бу ёвузлигини кўрган Кинона ва Хузоъа қавмлари уларга қарши биргаликда курашиб, Журҳум қабиласини Маккадан чиқариб юбордилар. Журҳумликлар мағлуб бўлгач, биздан сўнг зам-замни ҳеч ким топа олмасин, деб ҳажарул-асвадни ҳам, мақоми Иброҳимни ҳам, зам-зам булоғини ҳам кўмиб, сўнгги ғаламисликларини ҳам амалга ошириб, сўнгра шаҳардан чиқиб кетишди.

Улардан кейин Хузоъа қабиласи маълум муддат Байтуллоҳга бошчилик қилди. Бу қабиланинг сўнгги вакили Хулайл ибн Каъб ибн Амр ал-Хузоъий эди. Кейинчалик пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бешинчи боболари Қусой ибн Килоб Хулайлнинг қизи Ҳуббога уйланади ва ундан тўртта фарзанд кўради. Шундан сўнг, Қусойни мол-давлати ва обрўси, мартабаси ортиб, қайнотаси Хулайлнинг вафотидан сўнг, Байтуллоҳга бошлиқ этиб тайинланади.

Бу мутасаддилик у кишининг болалари Абдуманноф, Ҳошим, Абдулмутталибларга ўтиб келади. Бу муборак зотларнинг барилари Байтуллоҳ зиёратига келувчи ҳожиларга мислсиз хизматлар кўрсатишган. Сув ва егулик борасида ёрдамларини аяшмаган. Шу ўринда, “Улар ҳожиларга бериладиган сувни қаердан олишган, зам-замданми?” – деган ўринли савол туғилиши, табиий. Йўқ, албатта. Чунки Журҳум қабиласи зам-зам қудуғини кўмиб ташлагандан, то Абдулмутталиб уни топиб, қайта чиқаргунича бўлган муддат орасидаги ҳожиларга Макканинг маҳаллий суви берилган. Аллоҳ бу мўъжизавий қудуқни қайта очишни Абдулмутталибга насиб этди. Дарҳақиқат, Абдулмутталиб бу шарафли хизматга, таъбир жоиз бўлса, бундай улкан мукофотга лойиқ зот эди.

У ўзининг кучлилиги, ҳусни-хулқи билан Қурайш қабиласи ичида эътибор қозонганди. Кунларнинг бирида у Каъбаи муаззаманинг соясида ухлаб ётган эди. Тушида биров келиб, унга зам-замнинг кўмилган жойини кўрсатади ва уни кавлашга буюради. У бу тушни тўрт бор такрор кўрганидан сўнг, уни Раҳмоний туш эканидан ҳеч шак қилмай, ўша жойни кавлаб, зам-зам қудуғини топишдек бахтга сазовор бўлади. Шу билан IV аср давомида ном-нишонсиз йўқолган ва Жобир розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ва Ибн Можжалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: “Зам-зам суви нима ниятда ичилса, худди шундай бўлади”, деб марҳамат қилган муборак ва шифобахш сув қудуғи қайта топилади.

Пискент тумани “Мўминобод” МФЙ отинойиси
Хайруллахонова Дилнозахон

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan