Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Биз коронавирусни аҳиллик ва оқиллик билан енгамиз!

Биз коронавирусни аҳиллик ва оқиллик билан енгамиз!

Дунё бўйлаб долзарб муаммога айланган коронавирус пандемиясига қарши оммавий тарзда кескин кураш юртимизда кенг қамровли, тизимли оқилона тадбирлар орқали олиб борилмоқда. Мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинган. Давлатимиз раҳбари зарур бўлса, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросининг тақдири учун қайғурмоқда. Нафақат Ўзбекистондаги, балки хориждаги юртдошларимизнинг саломатлиги, хотиржамлиги йўлида бор имкониятларни ишга солмоқда. Шу мақсадда республика комиссияси иш олиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу мавзуда халқимизга кўп маротаба мурожаат қилиб, барча юртдошларимизни коронавирус пандемиясига қарши оқиллик ва аҳиллик билан иш юритишга даъват қилмоқдалар, мута-саддиларга тегишли топшириқлар бериб, юртимиздаги барқарорликни сақлаш йўлида зарур бўлган барча амалий тадбирларни қўлламоқдалар.

Юртбошимизнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаатномаси эса ана шундай оқиллик билан олиб борилаётган тарғибот ишларидан биридир. Биз ушбу мурожаатномани жиддий қабул қилиб, унда айтилган тавсияларга тўла амал қилмоғимиз лозим. Бу билан биз нафақат ўзимизни, балки яқинларимизни, қишлоғимизни, туманимизни ва юртимизни бу балодан тезроқ қутулиши учун хизмат қилган бўламиз.

Вилоят ва туман ҳокимлари ҳам президентимизнинг оқилона сиёсатини ўз ҳудудларида тўла таъминлаш ва халқимизнинг саломатлиги, тинчлик-хотиржамлигини сақлаш йўлида тизимли амалий ишларни олиб боришмоқда. Улар ҳам ўз ҳудуди халқига мурожаатнома орқали юзланиб, керакли тавсияларни бермоқдалар.

Бундай вазиятда динимиз нимани тавсия этади?

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар, агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар» деганлар.

Шуни била туриб, баъзи мусулмонлар бу тавсияга амал қилмай, «Аллоҳга таваккул қилдик, бизни Унинг Ўзи сақлайди» деб ўз билганларини қилганларида кўп мусулмонлар вафот этган эканлар. Киши Аллоҳга таваккул қилдим деб тоғдан думалаб тушаётган харсанглар тагида туриш билан оқилона йўл тутмаган бўлади, балки фақатгина ўзини хатарга қўяди, холос.

Ҳозирги кунда баъзи юртдошларимиз карантин ҳолатига амал қилмай, ўз уйларига кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Лекин бу жуда хато ишдир. Ундай кишилар нафақат ўзини, балки оиласи, қавми-қариндоши, қўни-қўшниларига ҳам катта хатар етказган бўлишади. 

Шундай экан, динимизда тавсия этилган ушбу фикрларни ҳозирги кунда юртимиз раҳбарлари, уламоларимиз халққа айтишмоқда ва бунга амал қилиш энг тўғри йўлдир. Асоссиз равишда билағонлик қилиш эса халқни саросимага солиб қўяди. Ҳар бир балони даф этиш аҳиллик ва оқиллик билангина бўлади.

Аллоҳ таоло яратган бандаларига ҳар хил синовларни беради. Айни кунда берган ушбу синовидан эсон-омонлик билан ўтишни, яна хотиржамлик кунларини ато этишни Аллоҳдан сўраб дуолар қилайлик. Албатта бу балони енгиб ўтамиз, насиб этса.

Одил Анваров Оққўрғон тумани бош имом-хатиби