Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ!

КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ!

Яъқуб алайҳиссалом cевикли икки ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ва Бинёминдан маҳрум бўлдилар. Бу воқеа қандай бўлган эди. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари оталарининг Юсуфга бўлган муҳаббатига ҳасад қилишиб, қудуққа ташлашади ва оталарини алдашади. Бу воқеани деярли барчамиз эшитганмиз. Орадан кўп йиллар ўтади. Юсуф алайҳиссалом бошларидан ўтказган оғир машаққатлардан кейин Миср подшоҳининг молия вазири этиб тайинланадилар. Мисрдай юртнинг хазинабонига айланадилар. Юсуф алайҳиссаломнинг тирикликлари ҳақида ҳеч ким билмасди. Фақат оталари Яъқуб алайҳиссалом фарзандининг тирик эканлигидан умид қилардилар. Акалари ўз қишлоқларида егулик етишмовчилиги сабаб Юсуф алайҳиссалом ҳузурларига келишади. Юсуф алайҳиссалом акаларини танийдилар. Бироқ улар орасида кенжа укалари Бинёминни кўрмайдилар.  Уларга ўлчовларни тўла қилиб егуликлар берадилар, ўзлари билан олиб келган тижорат молларини ҳам қайтариб берадилар. Кетишаётган пайтида: “Кейинги сафар ота бир инингизни олиб келинг. Акс ҳолда, сизлар учун ўлчаб бериш йўқ”, дейдилар. Акалар ҳайрон қолиб: “Бунинг уддасидан чиқишга ҳаракат қиламиз”, дейишади. Яъқуб алайҳиссалом ҳузурларига егуликлар билан қайтган фарзандлар вазир яхши кутиб олгани, ўлчовни тўла қилиб бергани ва кейинги сафар яна бормоқчи бўлишса, укаларини қўшиб олишларини тайинлагани, акс ҳолда, улар учун ўлчов йўқлигини айтишади. Шунда Яъқуб алайҳиссалом: “Токи менга, албатта, уни ҳузуримга қайта келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан аҳду паймон бермагунингизча, уни зинҳор сиз билан юбормасман”, дедилар. Кейинги сафар акалар ўзлари билан Бинёминни олиб боришади. Бу сафар Юсуф алайҳиссалом чиройли тадбир қилиб укалари Бинёминни ўзлари билан олиб қоладилар. Бу ҳолатдан акалар жуда ҳам оғир ҳолатга тушиб қоладилар. Эшиклар улар учун ёпилди, бундан буёғига таом егуликлар берилмайди. Оталари Яъқуб алайҳиссаломга Бинёминни қайтариб олиб боришга ваъда беришган эди. Укалари ҳам олиб қўйилди. Оталари олдида шарманда бўлиб қолишди. Акаларда қўрқув, танг аҳвол, шармандалик, хавотир каби ҳиссиётлар жамланган. Бошларини эгиб, укаларисиз оталари ҳузурига келганларида Яъқуб алайҳиссалом нима дедилар? Эътибор беринг ва ибрат олинг! Яъқуб алайҳиссалом фарзандларини урушиб ёки койиб бермадилар, уларнинг танг аҳволга тушганларини ҳис қилган ҳолда, тушкунликка тушмасликка, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмасликка чақириб шундай дея қалбларида умид учқунларини пайдо қилдилар:

يَا بَنِيَّ اذْهَبُواْ فَتَحَسَّسُواْ مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلاَ تَيْأَسُواْ مِن رَّوْحِ اللّهِ إِنَّهُ لاَ يَيْأَسُ مِن رَّوْحِ اللّهِ إِلاَّ الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ {يوسف/87}

Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг инисини яхшилаб изланглар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатан, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар” (Юсуф сураси, 87-оят).

Яъқуб алайҳиссаломнинг дин ва эътиқодлари бизга нимани ўргатмоқда?!

Танг аҳволга тушганда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслик, тушкунликка тушмасликни таълим бермоқда.

Шу ўринда бир нарсани айтмоқчиманки, алҳамдулиллаҳ, биз мусулмонмиз. Борлиқда содир бўлаётган барча нарса яратган Эгамиз Аллоҳ таолонинг изнисиз бўлмаслигига ишонамиз. Ҳадисларда баён қилинганидек, Аллоҳ таоло барчамизнинг тақдиримизни осмонлар ва ерни яратишидан 50 минг йил олдин битиб қўйган.

Бу тарқалаётган вабонинг эгаси ҳам ёлғиз Аллоҳ таолодир. Вабо Аллоҳ таоло унга белгилаган чизиқдан юрибди. Ўзбошимчалик қилишга ҳаққи йўқ. Чунки у ҳам Аллоҳ таолонинг махлуқидир.

Шундай экан, бу вабо ёки бошқа ҳар хил касалликлар ё ташвиш ва муаммолар бўлсин, барчасининг Холиқи, эгаси Аллоҳ таоло ҳисобланади. Демак, биз Аллоҳ таолога суянишимиз, Аллоҳ таолодан қўрқишимиз, Аллоҳ таолога ёлвориб тавба-тазарру қилишимиз керак.

Қиёматдаги ҳолимиз қандай бўлишидан қўрқайлик. Қиёматга қандай амаллар тақдим қилаётганимизга боқайлик. Тафаккур қилайлик!

Атрофдан ибрат олиш вақти келди! Шу вақтгача қўл урган гуноҳларимизга астойдил тавбалар қилсак, Ул Зотга тоат-ибодатда, дуою зикрларда бардавом бўлсак ва эҳтиёт чораларини кўрсак, Аллоҳ таоло бизларни паноҳида сақлайди!

Қолаверса, ҳақиқий мўмин мусулмон барча чора тадбирларни қилиб, шариатда буюрилган дуою зикрларни бажариб юрган ҳолида бирор хасталикка дучор бўлса, Аллоҳ таолодан ажру савоб, гуноҳлари мағфират қилинишига умид қилади, бордию, оғир ҳолатга тушиб, шу дард билан вафот этса, шаҳид мақомини олишини билади. Чиройли сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлади.

Шундай экан, азиз юртдошлар, барчамиз мўмин-мусулмонмиз. Тушкунликка тушмайлик, эшитаётган воқеларимизни яхшиликка йўяйлик, ёмон гумонлар билан ваҳимага берилмайлик. Имкон қадар эҳтиёт чораларини кўрсак, ТЕЗ ОРАДА БУ КОРОНАВИРУС БУТУН ДУНЁДАН ДАФ БЎЛАДИ, ИНШААЛЛОҲ!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз паноҳида асрасин!!!

Давоми бор…

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ