Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КОНСТИТУТЦИЯМИЗДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТИ

КОНСТИТУТЦИЯМИЗДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТИ

Айни даврда мамлакатимиз фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил қадамлар билан илгарилаб борар экан, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, бу борада юксак эътибор талаб этадиган устувор йўналишлардан бири бўлиб қолиши, шубҳасиз. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ халқимиз ичида турли миллат ва дин вакилларининг тинч ва осуда, ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳи билан яшашларига ҳар томонлама қулай шароит яратишга алоҳида эътибор берилди.

Маълумки, дунё мутафаккирлари қадим замонларданоқ юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган, ўз фуқароларини доимий тинчлик ва осойишталик билан таъминлай оладиган идеал ҳуқуқий давлат ғоясини илгари сурадилар. Табиийки, бундай ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари, хусусан, эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган бўлиши зарур. Чунки давлат тараққиёти ва халқ фаровонлиги нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки кўп жиҳатдан маънавий ҳамда диний омилларга ҳам боғлиқ. Бу эса Ўзбекистон каби мустақил тараққиёт йўлига эндигина қадам қўйган, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган, тоталитар тузум исканжасидан чиқиб, халқи миллий ўзлигини англашга интилаётган ёш давлатда, айниқса, муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бундан ташқари, буюк бобокалонларимиз миллатлараро тотувликка, турли динларга эътиқод қилувчилар ўртасида бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада сўз кетганда соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсатини ва маъноли сўзларини эслаш ўринлидир. Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция қиролига ёзган ҳамдўстликка чақирув мактуби фикримизни тасдиқлайди.

“Бирликсиз куч бўлмас”.

Соҳибқирон Амир Темур салтанатига қарашли барча шаҳар ва қишлоқларда фуқароларга эркин яшаш, ўз динларининг урф-одатларига риоя қилиш ҳуқуқи таъминланган.

Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзга халқларда олиб борган одилона сиёсати мобайнида турли дин вакилларига бағрикенглик билан муносабатда бўлгани тарих китобларида олийжанобликнинг гўзал намунаси сифатида қайд этилган.

Шу билан бирга халқимизнинг софдиллиги ва муросалилигидан фойдаланиб қолишга уринган айрим жоҳил кимсаларнинг мамлакатимиз тинчлигига раҳна солувчи хатти-ҳаракатларга бот-бот уриниб келганлиги, кишини доимо огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Шуни назарда тутган ҳолда, мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари, тегишли қарор, фармон ва фармойишлар ўз вақтида ишлаб чиқилди ҳамда тегишли тартибда ижро ҳокимияти муассасалари томонидан амалиётга татбиқ этилмоқда.

Даставвал, 1992 йилда қабул қилинган давлатимиз Асосий қонуни – Конституциямизнинг 18-моддасида фуқароларнинг динидан қатъий назар қонун олдида бир хил ҳуқуқ ва имтиёзларга эга эканликлари, 31- моддасида эса виждон эркинлиги ҳамма учун кафолатланиши ҳамда диний қарашларнинг зўравонлик асосида сингдирилишига йўл қўйилмаслиги ўз ифодасини топган. Бу эса ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари  мустаҳкамлиги гаровидир. Шунингдек, Конституциямизнинг 61-моддасида диний ташкилотлар тузиш ҳуқуқининг мавжудлиги алоҳида кўрсатилган: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди”. Бу эса ўз навбатида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларнинг асосий ва устувор йўналишларини белгилаб берди.

Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда диний ташкилотлар томонидан тузилган умумтаълим муассасалари давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди.

Асосий қонунда адолат, иймон, олижаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик каби улуғ ҳислар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, суд органлари томонидан ишларнинг кўриб чиқилишида ҳам ҳар томонлама тенгҳуқуқлилик принципларига асосланилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 6-моддасида қуйидаги кўринишда ўз аксини топган: “Фуқаролик ишлари бўйича одил судлов фақат суд томонидан ҳамда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади”.

Шуни ҳам эслаб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни Конституциямиз қабул қилинишидан-да анча муқаддам, 1991 йил 14 июнда қабул қилиниши жамиятда диннинг нечоғлиқ улкан таъсирга эга омил эканлигидан дарак бериб турибди. Мазкур қонун бир неча йиллик синовлардан сўнг янада такомиллаштирилган ҳолда 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинди. Қонун шу жиҳати билан ҳам аҳамиятга моликки, у ўзида давлат, дин, фуқаролар ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи энг муҳим ҳуқуқий меъёрларни акс эттиради ҳамда эътиқод дахлсизлиги масаласида ҳар бир фуқаро, жумладан, диний соҳа вакиллари дастлаб мурожаат қиладиган юридик ҳужжат вазифасини ўтайди. Турли дин вакилларининг ўз эътиқодларига нисбатан асоссиз равишда аралашувларнинг олдини олишда ҳуқуқий таянч бўлиб хизмат қилади.

Қонун яна шу томони билан ҳам эътиборга сазоворки, у ўзида юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, фуқароларнинг диний таълим олиш тартибини ҳам белгилаб беради, шунингдек, диний ташкилотлар қонунда кўзда тутилган тартибда ўз мулкларига эга бўлишларини кафолатлайди.

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўладики, айни дамда юртимизда фуқароларнинг исталган динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик, диний камситишлардан ҳимояланиш, умуман диний барқарорликнинг етарлича ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада эришилаётган натижалар юртимиздаги ислом динидан бошқа диний конфессия раҳбарлари, вакиллари томонидан ҳам юксак баҳоланаётгани бунинг ёрқин далилидир.

“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Исомов Ниғматулла