Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / КОНСТИТУЦИЯМИЗДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИНИНГ АКС ЭТИШИ

КОНСТИТУЦИЯМИЗДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИНИНГ АКС ЭТИШИ

Конституциямиз – Бош қомусимизга улкан ижодий ва яратувчанлик қудрати жо қилинган. Ривожланган, тараққий этган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари, уларнинг тарихий тажрибаларига таяниб қабул қилинган. Шунинг учун ҳам Мустақиллигимиз қомуси бўлган Конституциямиз халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга эга. У Ўзбекистонда яшаётган фуқароларнинг дунёқарашини, ўзаро муносабатлар, меҳр-оқибат, ўзга миллат  ва элатларга нисбатан ҳурмат, илмга интилиш, ор-номус каби юксак олижаноб фазилатларни ўзида мужассамлаштирган.

Қомусимизда Ўзбекистон фуқароси бўлган барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, миллий анъаналарини ҳурмат қилиш кафолатланган. Бу эса ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамлигининг гаровидир. Асосий қонунда адолат, иймон, олижаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик каби улуғ ҳислар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган. Маълумки, давлатнинг ишончи, обрў-эътибори, кўрки унинг Конституциясидир. Демак, биз ҳам Конституциямиз туфайли ўз обрў-эътиборимизга эга бўлдик.

Конституциянинг  луғавий  маъносига  эътибор  қилсак, “Конституция” лотинча сўз бўлиб “ўрнатаман”, “белгилаб қўяман” деган мазмунни ифода этади. Ўзбек тилида “асосий қонун”, яъни давлатни бошқариш, унинг ички ва ташқи ҳудудларини идора қилиш каби маъноларни англатади. Бу қомусий ҳужжатларимизнинг халқчиллиги шундаки, унда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, эътиқодимиз, умуман, миллий қадриятларимиз ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилгандир.

Конституция ўзининг узоқ тарихига эга. Қадим вақтларда “конституция” сўзи “сиёсий тузум” маъносини ҳам англатган. XVII асрда Францияда ушбу сўз билан “Рента” шартномасини белгилаганлар. Кейинчалик ушбу иборага ҳуқуқий томондан ёндашиб, белгиланган давлат тузуми мазмунида қўллана бошланган. Буюк француз инқилоби арафасида эса давлатнинг аҳолиси  “конституция”  дея аталган.

XIII—XIX асрларга қадар Мовароуннаҳрда шариат билан бир қаторда маълум даражада таъсир кўрсатиб келган Чингизхоннинг Ясоқ китоби ва Амир Темур тузуклари конституциявий ҳужжатлар эди. Европа қонунлари эса бугунги кунга қадар икки гуруҳ конституцияларни ўз ичига олади. Биринчи гуруҳ эски конституциялар бўлиб, булар тарихан XX асрга қадар қабул қилинган. Мисол сифатида, 1797 йилдаги АҚШ Конституцияси, 1831 йилдаги Белгия Конституцияси, 1874 йилдаги Швейцария Конституциясини келтириш мумкин.

XX асрда қабул қилинган Конституциялар эса иккинчи гуруҳга киради. Бу Конституциялар — инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва бурчларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий муаммоларига мурожаат қилиши билан биринчи гуруҳ Конституцияларидан фарқланади.

Энди эса юртимиз Конституцияси ҳақида баён қилсак. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз манфаатларини ўзида акс эттирган. Ўзбекистон Конституцияси тарихи уч босқични босиб ўтган. Конституция Ўзбекистондаги барча қонунлар, фармонлар ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг умуртқа поғонасидир. Чиқаётган қонун ва фармонларнинг ҳеч қайсиси Конституцияга зид бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистонда Конституциявий суд мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг хоҳиш-иродаси, яъни референдум асосида қабул қилинган.

Республикамиз биринчи президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган қўшма мажлисдаги маърузасида, мамлакатимиз миллий пойдеворини барпо этишда, жуда қисқа муддатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилиб, қабул қилинганини алоҳида таъкидладилар. Бу қомусий ҳужжатда мамлакатимизда, давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойиллари аниқлаб берилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларининг давлат манфаатларидан, халқаро ҳуқуқ нормаларининг эса миллий ҳуқуқий нормалардан устунлиги Конституциямизга муҳрлаб қўйилган. Асосий қонунимизда ҳеч бир мафкуранинг давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги ва фикрларнинг хилма-хиллигига асосланиши белгиланган. Инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қилаётган кенг маънодаги ислоҳотларнинг таг маъноси ҳам Конституциядир.

Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг умумий ақл-идроки самарасидир, чунки унда унинг орзу-умидлари, ўй-ниятлари акс эттирилган. У суверен давлатимизнинг тобора ривожланиб боришида ўз ифодасини топади. Конститутсия жамиятимизда халқ манфаатлари йўлида ислоҳотларни давом эттириш учун шарт-шароитлар яратиб беради. У инсон ҳуқуқлари барқарорлигини ва ҳар бир оиланинг тинч ҳаёт кечиришини кафолотлайди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Мадрахимов Муҳаммадаъло