Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Китоблар улуғликка   элтувчи йўлдир

Китоблар улуғликка   элтувчи йўлдир

Бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос эта олиши барчага маълумдир. Ва мана шу илму маърифат китоб ўқиш, илм олиш билангина бўлади. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-харишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Дарҳақиқат, илм олишлик, онг, англаш ва тафаккур қилиш, биз инсонларни Аллоҳ таоло томонидан яратилган бошқа махлуқотлардан ажратиб турувчи меъзон, инсонни улуғловчи неъмат саналади.

Кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккур доираси ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. У оламни, ҳаёт ҳақиқатини, яхши-ёмонни терангроқ англайди. Нима учун дунёга келгану, нима билан ўзининг қадрли бўлган умрини ўтказмоқда, қайси амали фойдали ва қайси иши нотўғри экани борасида мушоҳада этади. Китобхон бўлган одам нафақат ўзи, балки оила аъзолари, фарзандлари ва атрофдагиларни ҳам китобнинг сирли олами томон чорлайди. Секин – аста эса жамиятда китоб ўқишга бўлган истак ортиб бораверади.

Ислом динида ҳам илм олишга, китоб ўқишга кучли тарғиб этилади. Ахир, Қуръони каримнинг илк ояти карималари ҳам «Ўқи!» деган буйруқ билан нозил бўла бошланган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам  илмни талаб қилиш вожиблигини айтиб, «Илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз», дея таъкидлаганлар. Чунки, китоб мутолаа қиладиган, илмли, чуқур мулоҳаза этадиган кишини нотўғри йўлларга бошлаш, вақтини беҳудага сарфлашга ундаб бўлмайди.

Китоб ўқишлик, илм олишлик Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бўлишлиги билан бир қаторда, китоб ўқишликнинг кўпгина фойдали жиҳатлари ҳам мавжуддир. Қуйида уларнинг бир нечтасини санаб ўтамиз:

  1. Атиги 6 дақиқа китоб мутолаа қилишлик асабни тинчлантиради.
  2. Эмори университети олимлари тадқиқотлари натижасига кўра, айнан китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонининг ошишига ёрдам беради
  3. Инсонларни яқиндан тушуниб, қалб кечинмаларини англашга, ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбат олиб бориш имконини беради.
  4. Статистик маълумотларга қараганда умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшар экан, китоб ўқийдиган кишиларнинг эса атиги 4 фоизи қашшоқликда яшайдиганлар сафига кирар экан.
  5. Мутолаа яхшиликка ундайди ва ёмонликдан қайтаради. Шу билан жиноятчиликни олдини олишга ёрдам беради.

Фатҳ Мусалий эса китоб ўқиш, илм олишга тарғиб этиб шундай деганлар: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» – деб сўрадилар. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», – дейишди. Айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади». Демак, илм- бу қалбнинг озуқаси.

Муоз ибн Жабал эса илмга шундай таъриф берганлар: «Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлиг-у хафалик пайтда кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг минорасидир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  олим ва обиднинг фарқи ва улар эришадиган мақомлар қандай улуғ эканини қуйидаги ҳадиси шарифларида айтиб ўтганлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳун айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар:

«Олим ва обид қайта тирилади. Обидга «Жаннатга кир!» дейилади. Олимга эса «Сен тўхтаб тур. Одамларга шафоат қиласан», дейилади» (Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган).

Бундан кўриниб турибдики, олимнинг мартабаси обидникидан баландроқ экан. Чунки, обид киши Аллоҳдан қўрққанлиги учун, жаннат умидида ибодат қилади ва бу ибодати ўзига фойда беради. Олим эса аввало игна билан чуқур қазигандек машаққат билан илмни олишга йиллаб умрини сарф этади ва илмга эга бўлгач атрофдагиларга ушбу билимларини тарқатиб, шогирдлар етиштира  бошлайди, келажак авлодни ҳам илмли бўлишлари, ўқиб-ўрганишлари учун китоблар ёзади. Қарабсизки, унинг илмидан биргина олимнинг ўзи эмас, атрофдагиларнинг бари, ва ҳаттоки, келажак авлодлар ҳам манфаат оладилар. Билимли, аммо китоб ёзмаган олимни эса Саъдий Шерозий шундай таърифлаганлар: «Китоби йўқ олим – мевасиз дарахт». Чунки, китоб бу-олим йиғган илмининг меваси, самараси ҳисобланади.

Бекон эса китобга шундай таъриф берган: «Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир».

Русларнинг буюк ёзувчиларидан бири бўлган Чехов эса китобни сўнмас зиёга ўхшатиб шундай деган: «Китоблар қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қоладилар».

Баъзилар китобни тафаккур кемаларига, баъзилар нурга, яна бошқалар қалбнинг озуқасига ёки ақлнинг мевасига қиёс этишар экан эндиликда бизни мана шундай юксак баҳо берилаётган китобдан фойдаланишга, уни янада кўпроқ мутолаа қилишга нима тўсқинлик қилмоқда?! Наҳотки биз тафаккур кемасида ранг-баранг дунёга саёҳат этишни, ҳар куни қалбимизни озиқлантиришни, зиё нурларидан баҳраманд бўлишни, ақлнинг тотли мевасидан татиб кўришни истамасак?!

Юқоридаги саволларга ҳамма турлича баҳоналарни рўкач қилган ҳолда жавоб беради. Кимдур «рўзғор ташвишларидан ортиб вақтим бўлмайди», дейиши табиий. Аммо бекорчи ва бемаъно сериаллар-у киноларни соатлаб кўришга, ҳар ҳафтада гапма-гап юришга вақт топиляпти-ку?!

Яна кимдир «китоблар қимматроқда, ҳа деб олишга қурбим етмайди», дейиши мумкин. Аммо қийинчилик билан пешона теримиз орқали топган маблағларимизни тўй ва маъракаларни бировлар кўрсин дея  дабдабали қилиб ўтказишга осонгина сарф этаяпмиз-ку?!

Бошқа биров «ҳозирда ўқишга арзигулик яхши китобнинг ўзи йўқ-ку», деб баҳона қилиб қўя қолади. Аммо бугун китоб расталаримизда бир-биридан зиёда, ўқиганимизда руҳий озуқа бўладиган китоблар тўлиб ётибди. Шундай баҳона излаётганлар китоб расталарига бир бор бўлса ҳам бориб айланиб кўрмаганлар, фақатгина олдидан ўтиб кетишлик билан кифояланиб қолганлар холос.

Нима бўлганда ҳам, бугун китоб ўқимасликка ҳеч қандай баҳона йўқ. Бунга хоҳиш, истак бўлса бас.

Фарзандларимизнинг китоб ўқишга иштиёқи йўқ, улар китоб ўқишни истамайдилар, дея нолишимиз мумкин. Аммо бирор маротаба биз уларга ўзимиз ўрнак бўлдикми? Бирор байрамда фарзандларимизга китоб совға қилдикми?! Вақт ажратиб бирор китобни уларга ўқиб бердикми?! Табиийки, бу саволларга «йўқ», деб жавоб берамиз.

Эндиликда юртбошимизнинг раҳнамоликларида китобхонликни ривожлантириш борасида катта амалий ишлар олиб борилмоқда.  Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 январ куни «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишни имзоладилар.

Бугунги кунда мактабларда, турли ўқув масканларида, аҳоли гавжун бўлган жойларда китоб ярмаркалари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, «Йилнинг энг яхши китоби», «Энг яхши китобхон оила», «Йилнинг энг яхши болалар китоби», «Йилнинг энг яхши аудио китоби», «Йилнинг энг яхши электрон китоби» каби танловлар ўтказиш, китоб байрамларини уюштириш орқали ёшларни китобга бўлган муҳаббатини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Албатта буларнинг бари келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларни китоб ўқишга бўлган муносабатини яхшилаш учун қилинаётган ишлар сирасига кириб ва ҳозирда бу ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Чунки барчаларимиз биламизки, Дидро айтганидек: «Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар».

Аллоҳ таоло доимо бизни илмий, маънавий, маърифий, диний китобларга, илмга бўлган меҳримизни зиёда қилиб, ўқиган ҳар бир китобимиз нафақат бизга, балки атрофдаги барчага манфаатли бўлишини насиб этсин. Қалбларимиз асло китобнинг тафаккур озуқасидан узилиб қолмасин. Амин!

Қибрай тумани бош   имом-хатиби ,
«Дўрмон» жоме масжиди   имом-хатиби
М.Миржалилов