Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Китобга меҳр

Китобга меҳр

Муқаддас динимиз Исломда илм ва унинг асосий манбаи бўлмиш китоб жуда қадрланади. Шу сабаб қадимдан китоб ва китобат ишларига жиддий эьтибор берилади. Бугунгидек замонавий  асбоб ускуналар, қулайликлар бўлмаган даврда китоблар қўлда кўчирилиб кўпайтирилган ва бу иш қанчалик кўп меҳнат ва машаққат талаб этгани сир эмас. Аммо Исломда ечилмаган масаланинг ўзи қолмаган. Бу борада хайрли, эзгу иш асосий мақсади бўлмиш мусулмон жамоаси бунинг ечимини топган. Қўлда  кўчирилган китоб танқислиги ва қимматлиги сабабли устоз ва толиби илмларни китобдан баҳраманд қилиш, ўша даврнинг хайрли, савобли ишларидан бири эди. Ана шундай  ечимини  кутиб турган муаммо кутубхоналар ташкил этиш  билан ҳал қилинди. Боғдод халифаси халққа бирор ҳадя қилиш фикри билан вазирларига маслаҳат солганда, ҳаммалари бир овоздан яхши  бир кутубхона ташкил  этишни тавсия қилганлар. Кутубхона “Дорул ҳикма” номи ила машҳур бўлган. Биргина Боғдод шаҳрида юздан ортиқ кутубхона бўлганлиги тарихдан маьлум. Ўша давр мусулмонлари китобни энг катта ҳадя деб қабул қилишган.

Одил вазир Муҳаммад ибн Абдулмалик  Зайёт бир муддат уйида узлат қилади. Жохиз унинг зиёратига араб тилшуноси имом Себвайхнинг китобини совға  сифатида олиб келади. Вазир бениҳоя хурсанд  булиб: “Аллоҳга қасамки, бундан маҳбуброқ нарса менга ҳали ҳадя қилинмаган эди”, – дейди.

Ҳа, Ислом жамиятни ҳар бир аьзосини – ёшу қари, эр-аёл, уламою толиби илм, умарою фуқоро – барчасини китобга, илмга меҳр  қўйдира олганди. Шу сабаб қисқа муддат ичида бу  уммат ер юзини илму-маьрифатга кўмиб ташлади.

Подшоҳлардан бири хизматкорини бир олимни чақириб келишга юборди. Хизматкор борса, олим китоб мутолааси билан банд экан. “Подшоҳга айт, ҳузуримда уламолар бор, бўшасам бораман”, – деб жавоб килди. Подшоҳ  хизматкордан: “Қайси уламоларни кўрдинг?” – деб  сўраганди, хизматкор ҳеч  кимни кўрмаганини айтди. Бир муддат вақт ўтиб олим келди, подшоҳ қайси олимлар борлигини сўраганида, олим жавоб  берди: “Улар сўзлари малол келмайдиган, озор бермайдиган суҳбатдошдир. Ақл, одоб, фикр ва олийжаноблик илмидан бизга ўгитлар беради, унинг ёмон муомаласидан қўрқмайсан, тилидан, қўлидан чўчимайсан. Агар уларни жонсиз десанг, ёлғончи  бўлмайсан, тирик десанг ҳам инкор этолмайсан”. Подшоҳ бу сўзлардан унинг китоблар билан машғул бўлганини билди ва кечиккани учун айбламади

Жамолиддин Қифтий “Дунёда китобдан бошқа нарсага меҳр қўйиш арзимас ишдир”, деган экан. У зот ўзини китобга вақф қилиб қуйган экан. Улуғларимизнинг китобга, илмга бўлган муҳаббатларидан ибрат олишимиз керак.

Бугун юртимизда шахсан юртбошимизнинг ташаббуслари билар ёшларни китобга қизиқтириш, китобхонлик савиясини ошириш борасидаги қарорлари, рағбатлари юқоридаги биз фахр билан тилга олган тарихни яна бир бор такрорланишига сабаб бўлишига умид қиламиз. Зеро, бизгача қанча олиму уламо яшаб ўтган бўлса уларнинг шу даражага етишишига асосий сабаб китоб эканлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Чил қори жоме масжиди имом-хатиби Хусенов Орифжон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan