Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ким эдигу – ким бўлдик

Ким эдигу – ким бўлдик

Тун. Тошкент халқаро аэропорти. Кечаси соат миллари учни кўрсатса-да, худди кундузгидек ёп-ёруғ.

Осмондаги ой, юлдузлар ҳам бахтли талабаларга жилмайиб тургандек. Самолётлар бири қўниб, бири учаяпти. Аэропорт ҳовлиси истеъдодли йигит-қизлар ва ота-оналар билан гавжум.

-Ўғлим, бор умидим сендан, яхши ўқигин.
-Ака, тез-тез хат ёзинг, биз сизни соғинамиз.
-Қувончли лаҳзаларни би-ир расмга олсам, диққат … бўлди.

Кўзлар бир-бирларига термулган. Оналар болаларининг дийдорига тўйиб – тўйиб қараётгандек. Оталар табассуми ортида соғинч изтироби бордек.

Хайрлашув шу тарзда давом этаркан, аэропорт карнайидан овоз янгради: “Тошкент – Нью-Йорк” йўналиши бўйича йўловчилар самолётга чиқишларингизни сўраймиз.

Собир ота ва Лайло хола талаба набирасини кузатиб, фарзандлари билан машинада қайтаркан, ширин хаёллар оғушида уйларига келиб қолганини ҳам сезмай қолишди.

Эрталабки нонушта вақтида телевизор кўриб ўтирар эдилар, мухбир қиз шундай деди:” Мустақиллигимиз шарофати билан юз нафар истеъдодли ёшларимиз Америкадаги нуфузли университетга таълим олиш учун учиб кетди. Бу ёшларимиз келажакда ўз илмлари, билимлари билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшажак”.

Собир ота телевизордаги самолётни кўраркан, тарихдаги машъум воқеалар кўз олдидан худди кино лентасидек ўтди. Эҳ-ҳ, ўша мудҳиш даврлар… Колхозда оддий бригадир бўлиб ишлаб юрган кезлари “пахта иши” бўйича қатағон қилинди. Лайло опа бешта жўжабирдек болалари билан йиғлаб қолаверди. Бола – бола эканда, баъзида пахса уйининг томсувоғига чиқиб, лолаларни териб: “Ойижон, дадам қачон келадилар?” деса, Лайло опанинг юраги ўртаниб кетарди. Оёғидаги “бот”ини ҳам совуқ ўлкалардан орттирган. Ҳайриятки, озодлигимиз сабаб минглаб юртдошларимиз оқланиб келди.

Набирасининг қўнғироқдек овозидан Собир отанинг хаёллари бўлинди.

– Суюнчи, отажон суюнчи бери-инг. Ойим қиз туғдилар, Фотима-Зухра, – дея отанинг бўйнидан қучди.
– Қизим, мана сенга суюнчи. Бунга музқаймоқ олгин, хўп-ми?
– Хў-ўп.
– Лайло, тезда тайёргарлигингни кўргин. Набирамизни кўргани борамиз.

Чол-кампир, ўғлининг ишдан келишини ҳам кутиб ўтирмай, ҳассага суяниб туғруқхонага йўл олишди. Йўлда жиндек дам олиш учун ўриндиққа ўтиришди. Рўпарадан келаётган оқ халатли қизни Лайло опа гапга тутди:

– Қизим, сиз дўхтирмисиз?
– Шундай хола.
– Биз кўпайишдик. Қўшалоқ набирали бўлдик. Сиздан илтимосим, набираларимни онасининг қўлига берсангиз, сутга тўйган бола илиги тўқ, ақли расо бўлади дейишади.
– Холажон, кўнглингиз тўқ бўлсин. Истиқлолимиздан сўнг туғилган гўдаклар ўша заҳоти оналарининг қўлларига берилади.
– Ҳа-а,одам қаригандан кейин таққослайдиган бўпқоларкан-да. Бизнинг давримизда гўдаклар уч-тўрт кунлаб оналар қўлига берилмас, сутлар аралаштирилиб бериларди. Бунинг замирида бу юртдан келажакда маънавиятли инсонлар чиқмасин деган сиёсат ҳам бор эди.

Чол-кампир келини билан деразадан гаплашиб тураркан, телефон жиринглаб қолди: “Эртага Самарқандга тўйга…”

– Ўғлим…
– Ҳа, ота.
– Сафар олдидан “тойчоқ”ни би-ир устага кўрсатиб қўйгин.

Собир отанинг одати қизиқ, “Ласетти” машинасини оддийгина қилиб “тойчоқ” дейди.

– Ота, ҳеч ҳавотирланманг, бу миллий машиналаримиз доим тайёр, хоҳласангиз ҳозироқ йўлга чиқамиз.
– Ҳа, ўзимизда машина заводи қурилиб, жуда яхши бўлди-да. Ёшлигимизда сафарга чиқсак, машинани устага кўрсатиб, у ёқ-бу ёғини мойлатиб, кейин йўлга чиқардик.

Машина Жиззахнинг тоғ бағридаги йўлларидан “қуш”дек учиб бораркан, Собир отанинг текис ва равон йўлларга ҳаваси келди. Янги қурилаётган йўллар аввал бир қарич бетон, сўнг бир қарич асфальт қилинаётган эди.

– Ота, анави келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди.
Чол-кампир поезднинг фақат қорасини илғаб қолишди, холос.

– Лайло, тўйдан қайтишда “Афросиёб” поездида қайтамиз.
– Хў-ўп, дадаси.

Собир ота ва Лайло холанинг Самарқандга бориши қўшалоқ байрамга тўғри келди. Айни шу кунларда Самарқандда халқаро “Шарқ тароналари” фестивали ўтказилаётганди. Ота ва хола фестивални томоша қиларкан, ота секингина деди: “Лайло, қара, элликдан ортиқ мамлакатлардан меҳмонлар келибди, ҳали кўрасан, Ўзбекистонимизни бутун дунё танийди. Ҳаётимиз бундан ҳам фаровон бўлади.

– Илоҳим, айтганингиз келсин.
Телефон жиринглади:
– Ота, ойи! Тез қайтинглар. Ҳажга боришга навбатларингиз келди, тайёргарлик дегандай…

Собир отанинг кўзларига ёш келди, чунки ота-онаси, ҳажга бориш бизга ҳам насиб қилармикан, деб йиғлаб ўтишганди.
Истиқлолимиз сабаб ҳар йили беш мингдан ортиқ юртдошларимиз ҳажга бориб келаётганига шукроналар айтди.

Ота хола билан “Афросиёб” поездида қайтаркан, юртимиз бўйлаб қурилаётган намунали уйлар, бунёдкорлик ишларини кўриб кўзлари қувонди.

– Лайло, қариган пайтимизда намунали уйга ўтсак, иссиқ сув, совуқ сув, ҳаммом дегандек, ҳамма шароитлар муҳайё.
– Ҳа, қўшнимиз Халима опа ҳам кўчиб ўтганди, роса мақтади.
– Лайло-о, карвонбошимиз, муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан ҳали кўп хайрли ишлар қилинади. Халқимизда ”Оққан дарё оқаверади”, деган нақл бор. Ўзбекистонимиз дунёдаги энг олди мамлакатлардан бўлади.

Ҳа, азизлар, Ўзбекистонимиз дунёдаги илғор мамлакатлардан бўлиши учун, бизнинг энг катта бойлигимиз бўлган азиз фарзандларимизнинг маънавиятига эътибор берайлик.

Тунгатов Тойиржон.