Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Кийиниш одоблари

Кийиниш одоблари

Кийим – инсон зийнати. У киши маьнавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган турли либосларни бичиш, тикиш, тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Бугунги кунда жамиятимиз аъзолари орасида кийиниш маьданиятига бўлган талаб кескин ўзгараётганини кўриш мумкин. Бу мавзулар асосан ёшлар учун эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда товланиб, кўзни қамаштирувчи атласу адраслар нозик хилқат вакилларининг кўркига кўрк қўшишда катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади. Бугун маданий ва қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам маьлум бир маьнода ўз таьсирини ўтказгани ачинарлидир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши шубҳасиз.

Маданияти тўғри шаклланмаган ёшлар орасида турли хил чет мамлакатларга тақлид қилишнинг авж олганлиги, оқибатда ўз миллийлигимизнинг қадрсизланиб бораётгани ачинарли ҳол албатта. Айрим ёшларнинг кийиб юрган кийимлари ҳатто ҳеч қандай маданиятга тўғри келмайди.

Кийиниш маданияти борасида буюк мутафаккир ва алломалар ҳам ўз асарларида турли фирк-мулоҳазаларни баён этишган. Сўз мулкининг султони Алишер Навиой “Маҳбуб ул-Қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безаниши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таькидлаб ўтган. Шунинг учун ҳар бир фарзандни тарбиялаб, вояга етказаётган оилаларнинг ўз фарзандининг тарбияси ва кийинишга бўлган эьтибори муҳим ахамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланади.

Янгийўл шаҳар бош имом-хатиби 

                                А.Пазлитдинов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan