Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КИБР ШАЙТОНГА ХОСДИР

КИБР ШАЙТОНГА ХОСДИР

Аллоҳ таоло Ислом динини инсониятни яхшиликка бошлаш, инсонларни энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган. Киши Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшар экан, унда энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлиб боради, ўз ўзидан иллатлар, ёмон феъл атворлар йўқолиб боради.

Ўз навбатида, Ислом дини таълимотида инсонга номуносиб бўлган, инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепилишига сабаб бўладиган иллатлар қаттиқ қораланади. Инсонларни бундай салбий феъл атвордан зудлик билан ўзни асраш, акс ҳолда оқибати аянчли бўлиши муқаррар эканлигидан огоҳлантирилади.

Кейинги пайтларда халқимиз ҳаётида бўлаётган воқеаларни кузатадиган бўлсак, кимўзарга қилинаётган тўй-ҳашамлар, кўплаб оилавий тадбирларимизда кибр, манманликнинг ҳиди келиб турганлигини сезишимиз мумкин.

Президентимизнинг тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ҳақида чиқарган фармон ва қарорлари бу масалада халқимизнинг масалани тўғри тушуниб, ҳаётга тадбиқ қилинишига сабаб бўлмоқда.

Бир ривоятда: «Ҳазрат Умар Шомга келганларида одамлар у кишининг истиқболига чиқдилар. У киши бир туяга миниб олган эдилар. Шунда: «Бир арғумоққа миниб олсангиз бўларди, Шомнинг энг катта ва обрўли кишилари сизни кутиб олишга чиқишган», дейилди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Менинг сизлар билан ишим йўқ, менинг ишим уёқ билан – шундай деб осмонга ишора қилдилар – қани, туямнинг йўлини очиб қўйинглар», дедилар» (Абу Нуъайм: «Ҳилятул-авлиё» (1/24), Ибн Касир: «Ал-бидая ван-ниҳая» (7/70)).

Қуръони Каримда хабар берилишича одам зоти яратилганда ер юзида биринчи содир бўлган гуноҳ кибрдир. Бақара сурасида бу ҳақда шундай дейилган: “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” (34-оят). Демак, такаббурлик куфр билан баробар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Салафлардан бирлари бир кимсанинг калондимоғлик билан: «Менинг кимлигимни биласанми?!» деган саволига: «Ҳа, биламан, куни кеча нопок сув эдинг, яқинда бадбўй жасадга айланасан, ҳозир эса ичинг тўла ахлатни кўтариб юрибсан», деб жавоб берган эди.

Агар банда калондимоғлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимай тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни кўрмайдиган, қулоғини ҳақиқат гапни эшитмайдиган қилиб қўяди.

Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Азизлик изорим, кибриё эса ридоимдир. Ким менинг бу хусусиятларимда менга шерик бўлмоқ истаса, мен уни азоблайман”.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло мақтанчоқ ва мутакаббир кимсани ёқтирмаслигини шундай баён қилган:

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).

Кибр шунчалик улкан гуноҳ экан, биз мўмин мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ўзимизни хамиша хоксор, камтар, Аллоҳга куллик, бандаликда тутишимиз, мутакаббир кимсалардан йироқда бўлишимиз, ҳаётимизни Аллоҳга чин бандалик қилишимиз билан безашимиз лозим.

Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса, эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек кибрли кимса, албатта, мақтанчоқ бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг даражасини юқори кўтаради», деб марҳамат қилганлар. Инсон такаббурликдан қутилиш учун, аввало, Аллоҳнинг буюклигини эсга олмоғи лозим бўлади. Зеро, унга кибру ҳаво қилишига сабаб бўлаётган барча нарсани ҳам Аллоҳ таоло ато этган. У нарса мол-дунёми, обрў-мансабми ёки бошқами, ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мулки, ҳатто ўша кишининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ожиз ва нотавон кимса эканлиги маълум. Шундай экан, у такаббурликни тарк қилиши, аксинча Аллоҳнинг берган бу неъматларига тавозелик билан шукрона қилмоғи лозимдир. Ўзгаларни ўздан ортиқ билмоқлик, бошқаларга паст назар билан боқмаслик кибру ҳавони даф қилади. Такаббурлик ўзгаларга нисбатан инсоф қилмаслик, сўзда ва амалда зулм қилишга ундайди. Инсофсизлик ва зулмкорликнинг оқибати эса дунё ва охиратда хорликка сабаб бўлади.

 Муҳаммади РАҲМОНОВ,
Тошкент тумани “Акбар ота Раҳбар ўғли”
жоме масжиди имом-хатиби