Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳақ келдию, ботил кетяптими?

Ҳақ келдию, ботил кетяптими?

Диний ва маънавий эътиқод соҳасидаги ислоҳотлар бошланганига бир йил тўлиши муносабати билан

Инсоният пайдо бўлганидан буён тинмай такрорлаб келинадиган ва ҳеч қандай исбот талаб этмайдиган бир ҳақиқат бор: инсон зоти руҳ ва жисмдан иборат. Инсон фақат еб-ичиш каби жисмоний талабларини қондираверса, унинг инсонлиги йўқолиб боради, охири ҳайвондан фарқи қолмайди. “Кимнинг ғами қорнига кирадиганда бўлса, қиймати қорнидан чиқадиганчалик бўлади”, деган экан донишмандлардан Абу Нуъайм. Фақат руҳий озуқани ўйлаб, жисмининг истакларига бефарқ бўлса ҳам унинг инсонийлигига путур етади ва бу нарса Аллоҳнинг яратиш ҳикматига зиддир. Агар Аллоҳ буни хоҳлаганида инсонни яратиб ўтирмай, фаришталарни халқ қилиш билан кифояланган бўларди. Демак, одам бу икки унсурнинг истакларини баравар қондириб борсагина у комил инсонга айланиб, Парвардигорининг яратиш иродаси ва ҳикматига муносиб иш тутган бўлади.

Гапни узоқдан бошлаганимизга ҳайрон бўлманг, муҳтарам ўқувчи. Инсоннинг руҳиятини, маънавиятини ўнгламай туриб, ҳеч қандай ютуққа эришиб бўлмаслигини тарих аллақачон исботлаб қўйган. Иқтисод, мудофаа, маданият бобида ҳар қанча юксак даражаларга эришилгани билан инсоннинг маънавияти, ахлоқи, эътиқоди ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бунинг оқибати ўта аянчли ва хатарлидир. Бунинг мисоли ғарб дунёсининг бугунги тажрибасида очиқ кўриниб турибди.

Бу фожиани кечагина ўзимиз ҳам бошдан кечирдик. Аҳолисининг тўқсон фоиздан ортиғи мусулмон бўлган юртда яқингача мусулмонларнинг энг хўрланган, энг камситилган табақа бўлгани ёш болага ҳам аён бўлиб қолганди. Маҳаллада ароқ ичиб, ҳар куни жанжал чиқарган алкашга “ҳой, сен” деб пўписа қилиб қўйиш билан чекланишган бир пайтда мусулмоннинг бирор “айби” топилиб қолса, қолди балога! Унинг “айб”лари эса ниҳоятда кўп: “масжидга мунтазам қатнайди”, “хотини ва қизлари бошига рўмол ўрайди”, “бошқаларга ўхшаб замонавий (яъни ярим яланғоч) кийинмайди”, “ароқ ичиладиган ошхоналарга кирмайди”, “боласига Қуръон ўргатади” ва ҳоказо ва ҳоказо. Мусулмон киши вилоятларга бормоқчи бўлса, рўмол ўраган аёлига “пост”ларда тирғилишлар, телефонидан Қуръон суралари чиқиб қолса, идораларга судрашлар, қизи мактабга рўмол ўраб чиқса, уйигача қувиб келишлар, бирор безори ёки бузуққа танбеҳ бермоқчи бўлса, унинг “сан ваҳҳобийни қаматиб юбораман” деб дўқ уришлари… кечагина одатий ҳол эди.

Мусулмон бечора ўзининг мамлакат Асосий қонунида муҳрлаб қўйилган соф эътиқодий эркинлигини талаб қилиб қолса ҳам дарров “қора рўйхат”га тушади. Ўзининг ибодатига боғлиқ ҳурриятини истаса ҳам, ҳар намозга масжидга келса ҳам, азоннинг баралла янграшини орзу қилса ҳам маломатга қолади. Лекин бундай таъқиб-тазйиқлар, рўйхат тузишларни маҳалладаги, “дом”даги ароқхўрларга, нашавандларга, фоҳишаларга, ўғриларга, товламачиларга, жамият осойишталигига ҳақиқатан раҳна солаётган бошқа тоифаларга нисбатан қўллаш эса негадир ҳеч кимнинг “хаёлига келмайди”. Ғижиллашиб қолиб, қўшнисининг мусулмонлиги учунгина устидан туҳмат ёзиб қаматишлар ҳам, фарзандига диний таълим бергани учунгина уни айблашлар ҳам, мусулмонлиги учунгина ҳар жиҳатдан камситишлар ҳали унут бўлганича йўқ! Бу юртда яшайдиган бошқа диндагиларнинг ҳақ-ҳуқуқи бу юртнинг эгаси бўлган мусулмонларникичалик камситилмасди. Мусулмон одам ўз юртида сарсона, ўз динига бегона, ўз эътиқодини яширар даражада ҳайрона эди.

Иш шунга бориб етдики, мусулмоннинг фарзанди дини ва эътиқодидан тамоман узоқлашди: масжидга қатнашни гуноҳ деб тушунадиган бўлди, ўз эътиқодини очиқ айтишдан қўрқувга туша бошлади, бошқа бир мусулмоннинг хонадонига, аёллар ҳузурига изн сўраб киришни ўзига ҳақорат санади, ҳатто динсизлиги билан фахрланиш даражасига борди. Бу қўрқув ва ҳадик ҳуқуқ органлари ходимларига ҳам кўчиб, кўзларига арабий ҳарфли китоб эгаси ёки соқолли киши ёхуд рўмол ўраган аёл кўринса, террорчини ё “экстремист”ни учратиб қолгандай, дарров сергак тортадиган бўлишди. Олис Испания деган юрт метросида портлаш юз бергудай бўлса, тошкентлик йигитнинг юраги пўкиллайдиган бўлди. Мусулмон одам яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш ўрнига ҳатто ёнгинасида жиноят қилаётганларга бир оғиз танбеҳ беришга ҳам ҳуркадиган бўлди. Бу нарсалар эса жамиятда турли жиноят ва ахлоқсизликларга катта йўл очиб берди.

Инсоннинг ташқи муҳит таъсирлари ва турли хасталикларга қарши фитрий қаршилиги (иммунитети) йўқолса, у жиндай табиий ўзгаришлар ёки арзимас касалликлар олдида ожиз бўлиб қолади, тезда ўша дардга таслим бўлади ва охири ҳалокатга юз тутиши мумкин. Ҳар қандай мафкура ёки тузум ҳам ўз шаъни ва яшовчанлигини ҳимоя қилиш учун қаршилик кўрсатиш иммунитетига эга бўлиши керак. Дин жамиятни турли иллатлар, қабиҳлик ва жиноятлардан, бузуқлик ва жаҳолатдан ҳимоя қилувчи кучли иммунитетдир. Жамият ҳам ўз навбатида қаршилик иммунитетидан ажраб қолмаслик учун динини, эътиқодини асраб, ҳимоя қилишга бурчли. Агар жамиятда  бошқарув низоми, эътиқодий дастур йўқолса, инсонлар асл фитрий қиёфаларини йўқотиб, ҳайвонга айланишган ва алал-оқибат инсонийликдан маҳрум бўлиб, ҳалокат сари кетишган бўлур эди. Аммо ўша пайтда юрт оғаси бўлганлар ана шу хатарли йўлнинг оқибатларини билиб туришса ҳам буни одамларни бўйсундиришнинг асосий қуроли қилиб олишган эди.

“Динга қарши ғолибона юриш”нинг, одамларни “дини билан қўрқитиш”нинг аччиқ мевалари тез орада ўз “жамоли”ни кўрсатиб қўйди. Асосий таянч нуқтасидан узиб олинган жамият ахлоқсизлик, жиноятчилик ва уятсизликнинг ифлос кўчаларига қараб от солди. “Моддапарастлик ва молпарастлик”, мол-дунё билан фахрланиш, орзу-ҳавас ва ҳашамга қул бўлиш эътиқод даражасига кўтарилди. Бу эса қанчалаб қарсиллаган йигитларни “пул топиш”га бегона юртларга судраб кетди. Қанча ёш жувонлар “пул топиш” учун ўзимизда ва хорижий юртларда танфурушликни бошлаб юборишди. Ёшларга таълим-тарбия бериш ўчоғи ҳисобланган коллежларда пичоқбозликлар, одам ўлдиришлар одат тусига кира бошлади. Юрт тарихида ҳозиргача учрамаган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган жиноятлар урчий бошлади: ака синглисини зўрлаб қўйган, қайнота келинини йўлдан уриб, ишратга чорлаган, келин  қайнонасини уриб ўлдирган, хотин эрини болта билан чопиб, яширинча кўмгач, эртасига тўй қилиб кўнгилхушлик қилган, мактаб ўқувчиси зинодан туғиб қўйган… “Наҳот шу ишлар ота-боболари минг йиллардан буён мусулмон бўлиб келган халқнинг зурриётларидан чиққан бўлса?” деб ёқа ушлайсан, истиғфор айтасан, юрагинг инграйди, асабларининг қон қақшайди…

Бундай хатарли ва аянчли ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмасди. “Зулмнинг эртаси бўлмайди” дейишади донишмандлар. Аллоҳ қон-қонигача мусулмонлик сингиб кетган, юксак салоҳиятли ва мустаҳкам эътиқодли бу халқнинг сабрига яраша мукофотини ҳам ато этди. Юрт бошига эътиқодли, миллат, дин, ватан учун жон фидо қила оладиган бир йўлбошчини келтирди. Ҳақиқатан унинг қадами қутлуғ бўлди: ана шундай мусулмонлар учун ўта аламли кунларда имон-эътиқоднинг ўзгариш насимлари эса бошлади. Мусулмонлар қалбида эртанги кунга ишонч туйғулари ғимирлаб қолди. Ниҳоят уларнинг бағрига чин ҳуррият шамоли теккандай бўлди.

Янги президент давлат раҳбари сифатидаги биринчи ишини халқда эртанги кунга ишонч уйғотиш, унинг қалбидаги маънавий жароҳатларга малҳам қўйиш, эътиқоднинг асл чашмаларидан сув ичмай туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини атрофидагиларга англатишдан бошлади. Халқимиз ўз раҳбарига қатъий ишонди, унинг рост гапларига эргашди. Мусулмоннинг душман эмас, шу юртнинг тенг ҳуқуқли бир аъзоси эканини тушунган раҳбарнинг мамлакат тепасига келгани ниҳоят диллардаги ҳадик ва қўрқувларни суриб чиқара бошлади. Президентнинг халқ диний-маърифий саводхонлигини ошириш, соф Исломни тарғиб қилиш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, диний эркинликларни чинакамига бериш, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик борасидаги оламшумул ғоялари халқ қалбининг тўр-тўридан жой олди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги саммитида ўз нутқини “Бисмиллаҳ” билан бошлаганиёқ унинг эътиқод соҳасидаги ўзгаришларга жиддий ва астойдил киришганининг бир рамзи бўлди. Шундан кейин Президентнинг халққа “ўз динини чинакамига қайтариб бериш”га киришганига ҳужжат-далил бўлувчи бир-биридан гўзал ташаббуслар бирин-кетин рўёбга чиқа бошлади: барча вилоятларда диний мадрасалар очилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди; Тошкентда Ислом академияси очилди; Тошкентда Ислом цивилизация маркази қуришга киришилди; Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди; бир неча янги масжидларни очишга, айримларини қайта таъмирлашга киришилди; ҳаж ва умра қилувчилар сони оширилди, биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари  ҳажга бепул юборилди; вилоятларда Қуръон, ҳадис, ақидани ўрганиш мактаблари ташкил этилди; диний ўқув юртлари қошида Қуръон ўргатиш курслари очилмоқда ва мамлакат миқёсида кўп босқичли Қуръон мусобақалари ўтказишга қарор қилинди ва ҳоказо. Соф Исломни ўрганишга тааллуқли бундай катта ташаббуслар ва хайрли ишларни санаб тугатиш қийин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мамлакатдаги эътиқодий ислоҳотларнинг гултожи бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Жаҳон ҳамжамиятининг олий минбаридан туриб ҳозирги  долзарб халқаро муаммолар қатори Ислом динининг ҳимоясида айтилган бу оламшумул ва дадил сўзлар дунё мусулмонларининг ҳақиқий олқишига сазовор бўлди. «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», деди Президент БМТ минбарида. Ўзбекистон давлати раҳбари “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш таклифи билан сессия иштирокчиларига мурожаат ҳам қилди.

Юрт раҳбарининг бу оташин нутқи дунёдаги барча мусулмонларнинг фикрини ифодалагандай бўлди. Ўшанда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзбекистонлик ҳамкасбини маҳкам қучган ҳолда бежизга ушбу дил сўзларини айтмаган эди: «Имом Бухорийнинг номини тилга олганингиз учун сизга ташаккур ва  бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Бу ўзига хос буюклик. Бундай катта минбардан бизнинг боболаримиз ҳақида гапириш – катта жасорат. Айта билиш учун шижоат керак ва халқни севиш керак». Ўшанда Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зоид Наҳаён бежизга “Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган муҳим халқаро ташаббуслар мусулмон уммасининг жипслаши учун янги имкониятлар очади” демаган эди.

Ҳақиқатан, жамиятимизда кенг миқёсда бошлаб юборилган туб ислоҳотлар қаторида одамларнинг диний-эътиқодий ҳаётида тўпланиб, қалбларга, онгларга, вужудларга сиғмай, тошиб кетган муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳам ўтган бир йил мобайнида катта ишлар қилинди. Улкан режалар тузилиб, аста-секинлик билан бўлса-да, амалга оширилмоқда. Қуръон таърифлаганидек, ҳақ келиб, ботил чекина бошлади (Истилоҳда шаръий асоси йўқ нарса, ўйлаб топилган ёлғон «ботил» дейилади). “Ҳақ”, яъни илоҳий таълимот келганидан кейин инсонлар ўйлаб топган барча ботил нарсалар ўз ўрнини ҳаққа иложсиз бўшатиб беради.

Аммо ҳақнинг келгани рост бўлса-да, ботилнинг кетиши, йўқолиши жуда секин, машаққатли ва озорли кечяпти. Бунга мисол ахтариб, бош қотиришнинг асло кераги йўқ. Одамлар кўз ўнгиларида содир бўлаётган ишларга сал сергакроқ, ҳушёрроқ, ақл  билан назар ташлашса, ботилнинг жон бериши осон бўлмаётганига ишонч ҳосил қилишади.

Президентнинг талабига ва кўрсатмасига биноан бу соҳада бошланаётган жуда кўп хайрли ишлар аксар ҳолларда қандайдир “кўринмас” тоифаларнинг қаттиқ қаршилигига учраяпти. Кўпгина тадбирлар туғилмай туриб, йўргагидаёқ бўғилиб қоляпти. Юрт раҳбарининг кўрсатмаларини чин дилдан маъқуллаб, ғайратга кираётган ёшларни пўписа ва таҳдидлар билан қўрқитишга уринишлар ҳам кузатиляпти. Айрим ҳал бўлмаётган муаммолар ҳақида гапирмоқчи бўлганларни “буни ҳеч ким тақиқламаган, қаердан олдинг бу туҳмат гапларни?” деб оғзига уришяпти. Ҳатто эътиқод соҳасида бошланган катта ислоҳотларнинг олдинги ўринларида туриши керак бўлган айрим дин ходимларини ҳам ўз тизгинларида ушлаб туришга, эҳтиёткорлик, ҳадик, эртанги кунларидан хавотир билан атрофларига минг бор аланглашга мажбурлашаётганга ҳам ўхшаяпти. Аммо ортга қайтиш йўқ, танланган йўлдан чекиниш ҳам йўқ. Президентнинг ўзи Асосий Қонун йиллига бағишланган анжуманда эслатганидай, «Баъзи рахбарларимиз ўйлаяптики, бу ҳаммаси вақтинчалик, «эски тос, эски ҳаммом» қайтиб келади деб. Битта нарсани билинглар: КЕЛМАЙДИ! Кўприкларнинг ҳаммасини ёнганига ишонинглар!»

Ислоҳотлар йўлига тўғаноқ бўлиб, тарих ғилдирагини ортига бурмоқчи бўлаётганлар бир ҳақиқатни билишни исташмаяпти: тарихдан маълумки, ҳақ йўлга юрганлар ҳамиша нажот топишган, куфр ва ботил йўлини танлаганлар эса Аллоҳ азза ва жалланинг азоб-балоларига гирифтор бўлишган. Соф ва мустаҳкам имон қаршисида куфр ҳам, ботил ҳам албатта мағлуб бўлажак! Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «…Улар адашган одамлардир, сизларни ҳаргиз ҳидоятга сола олмайдилар. Уларга ишонсангиз, ё ботилни тасдиқ қилган бўласиз, ё ҳақни ёлғонга чиқарган бўласиз…”, деганлар (Абу Яъло ривояти).

Аҳмад МУҲАММАД,
Azon.uz шарҳловчиси

Манба: Azon.uz