Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КЕЧИРИМЛИЛИК – МУСУЛМОННИНГ МУҲИМ СИФАТЛАРИДАН

КЕЧИРИМЛИЛИК – МУСУЛМОННИНГ МУҲИМ СИФАТЛАРИДАН

Динимиздаги энг улуғ, энг азиз амаллардан бири кечиримли бўлишдир. Кечиримли бўлиш имоннинг шўъбаларидан саналади. Аллоҳ таоло ўта кечиримли Зотдир. Аллоҳнинг 99 та исми бўлиб, 15-исми – Ғоффаар (кечиримли), 35-исми – Ғофуур (ўта кечиримли) ҳисобланади. Парвардигори олам кечиримли бўлганда, нега энди бандаси кечиримли бўлмасин. Демак, банда ҳам кечиримли бўлмоги, гина сақламаслиги лозим ва лобуддир. Агар банда кечиримли бўлмаса, нафақат хато, балки катта гуноҳ амални содир этган ҳисобланади.

Яқиндагина Рамазон ойини кузатдик, бутун дунё мусулмонлари Ийд ал-Фитрни нишонлади. Ҳайит байрамидан олдин барча мўмин-мусулмонлар бир-бирларидан узр сўрашди, аразлашганлар ярашди. Лекин, афсуслар бўлсинки, ана шу онлар ўтганига ҳали ҳеч қанча вақт ўтмасдан орамизда, у ер-бу ерда, ҳамон аразлашганлар борлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Энг ёмони, ўша аразлашганлардан бири ярашув қўлини чўзганида нариги томоннинг кечирмай келаётгани ҳам қулоқларимизга чалиниб қолмоқда. Бу сўзсиз, ўта ҳунук, жуда қайғули ҳолатдир.

Парвардигори олам кечиримли Зот. Бандаларига ҳам кечиримли бўлишни қатъий буюрган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кечиримли бўлганлар. Анас бин Моликдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Мусулмон одам ўз диндош биродаридан уч кундан ортиқ аразлашмасин“.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Кечиримли бўлишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўзингизнинг нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у асл душманингиздир!”

Шундай экан, азизлар, шундоқ ҳам гуноҳимиз кўп, яна гуноҳимизни кўпайтирмайлик-да, кечиримли бўлайлик. Акс ҳолда, рамазон рўзаси, кўплаб хайрли амалларимиз, масжид, маҳалла, кўнгилларни обод қилиш йўлидаги хизматларимиз савобларидан маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ таъоло Рамазон ойининг рўзасини жумлаи мўминдан бенуқсон қабул қилган бўлсин. Зеро, қабул қилинганининг аломати хайрли ишларда бардавом бўлишимиздир!

Яратган барчамизни ғазабдан, ғурбатдан, ғийбатдан, ғафлатдан, ғараздан сақласин. Имонимиз, ихлосимиз, илмимиз, амалимиз, аҳиллигимиз, тотувлигимизни зиёда айласин. Ўтганларимизни ғариқу раҳмат, шоистайи жаннат айлаб, ҳаёт бўлганларимизни Ўз паноҳида, ҳифзи-ҳимоясида асрасин!

Янгийўл тумани “Гулбаҳор” жоме масжиди

имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов