Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Кеч англанган ҳақиқат

Кеч англанган ҳақиқат

1999 йилларда бир қанча ёшлар илмсизлик сабаб ёт ғоялар таъсирига тушиб, ўзга юртларга чиқиб кетди. Бир куни бир тадбирда шундай йигитлардан бирининг акалари билан гаплашиб қолдим. Ўтмишдаги воқеани қуйидагича баён қилиб берди:

Истиқлол туфайли динга эътиқод қилишга барча шароитлар муҳайё қилинди. Ёшлар ичида намоз ўқувчилар ҳам кўпайди. Менинг укам ҳам олий маълумотли намозхонлардан эди. Отам укамни намоз ўқишидан хурсанд, бизларни намоз ўқимаганимиз учун маломат қилар, укамдан ўрнак олишга чақирарди. Отам ўзлари собиқ шўролар даврида дин-диёнатдан бебаҳра ўсганликлари учун ҳам, укам тимсолида ўзининг ёшлигини эслар эди. Шунинг учун ҳам укамни тергашимизга йўл қўймас, уни ҳимоя қилар эди. Катта акам Ички ишлар академиясида дарс беришларига қарамасдан укамни тергашига отам йўл бермасди. Йиллар ўтди, катта акамнинг иккита фарзанди отасининг изидан бориб Ички ишлар академиясида ўқиди. Менинг ўғлим ҳам институтга кирди… Ҳаммамизнинг болаларимиз турли соҳаларда олийгоҳларга ўқишга кирди. Барчамиз ҳаётимиздан хурсанд эдик. Кутилмаганда 1999 йил укам ғойиб бўлди… Билсак, бир нечта гумашталар билан юртимиздан чиқиб кетибди. Оиламиз саросимага тушиб, катта иснодга қолди. Айниқса, ота-онамнинг аҳволи жуда ёмон эди… Ёмоннинг касри ҳаммамизга урди. Руҳий изтироблар, қўни-қўшни, қуда-анда, ошна-оғайни, халқ олдидаги юзқароликни гапириб беришга бугун ҳам тоқатим етмайди. Кўпчилик бизга ёвқараш қиларди… Аввал акам, сўнг фарзандлари Ички ишлар тизимидан четланди. Менинг фарзандим ҳам ишлаб турган лавозимидан кетди… Бўлаётган дилхираликларни кўриб, ота-онам бизни олдимизда ўзларини айбдордек ҳис қила бошлади. Фарзандининг беўхшов қилиғидан куйиб, 2006 йил онам минг хасратда оламдан ўтдилар. Отамга яна оғир бўлди. Энди ҳамма ишлар учун бир ўзларини айбдор деб ҳис қила бошлади… Укамни тергашга  бизларга йўл бермаганларидан минг афсус чекарди. Кунлардан бирида мени олдига чақириб: “Дилшод мендан рози бўл! Ҳаммасига мен айбдорман. Илмсизлигим боис укангни залолат йўлини ҳидоят деб ўйлабман. Мен сабаб оилаларинг, болаларинг бошига қанча иш тушди. Аканг мени кечирмаса керак. Сен мени кечиргин…”, – деб йиғлаб юборди. Мен: “Ота ўз фарзандингиздан ҳам кечирим сўрайсизми?!” -деб, отамнинг аҳволини кўриб, чидолмай дод солиб йиғлаб юбордим…

Суҳбатдошим ўтмишдаги бу воқеани эсларкан яна йиғидан ўзини тутолмай гапини тугатди.

Мен эса ундан ортиқча нарса сўрашга журъат қилолмадим…

Хулоса ўрнида айтамизки, Ислом динининг моҳиятини англаш учун, аввало, илм керак. Бежизга Исломда илм ҳар бир мусулмонга фарз қилинмаган.

Минг афсуски, бугун аксар ёшларимиз юқоридаги «қаҳрамонга» ўхшаб динда ҳиссиётга берилган. Илмий асосга эга маърузаларни эмас, ҳиссиётга берилган маърузаларни эшитишга кўпроқ қизиқувчан… Кимлигини билмаган «олимларга» эргашиб, уларга ўзича ихлос қилиб юрибди.

Халқимиз «Ҳар бир ялтираган нарса олтин бўлавермайди», деб бежиз айтмаган. Бугун бутун дунё эътироф этган олимларимизнинг эътиқодий, фиқҳий китобларини ўқишимиз ва фарзандларимизга ҳам ўқитишимиз ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ.

Болаларимизнинг тарбиясига бефарқ бўлмайлик. Гарчи намоз ўқиётган бўлсалар  ҳам…

«Беш-каппа» жоме масжиди имом-хатиби Миршавкат Тўйчиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan