Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / КАТТА БАДР ҒАЗОТИДА МУСУЛМОНЛАРГА АЛЛОҲНИНГ ЁРДАМИ

КАТТА БАДР ҒАЗОТИДА МУСУЛМОНЛАРГА АЛЛОҲНИНГ ЁРДАМИ

Катта Бадр ғазоти ҳижратнинг иккинчи йилининг Рамазон ойида содир бўлган. Бу ғазот мусулмонларнинг Қурайш билан тўқнашган дастлабки ҳал қилувчи уруши бўлган эди.

Раҳмат ёмғири

Аллоҳ азза ва жалла шу кеча шундай бир ёмғир ёгдирдики, у мушрикларга катта бало бўлиб, (турган жойлари балчиққа айланиб) улар ўринларидан қимирлай олмай қолишди, мусулмонлар учун эса раҳмат ёмғири ўлароқ, улардан шайтоннинг васвасаларини ювиб кетди ва ерни улар учун юришга қулай қилиб қўйди, қумлар қотиб, оёқлар ботиб кетмайдиган бўлиб қолди.

Мусулмонларнинг тунни ўтказиши

Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкар тайёргарлигини кўздан кечирдилар. Бўлажак жанг майдонида юриб, ўз қўллари билан ишора килиб: «Иншааллоҳ мана бу ер фалончининг эртага ҳалок бўладиган ери, мана бу ер эса, фалончининг ҳалок бўладиган ўрни», – дедилар. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тунни ўша ердаги бир дарахт танасига юзланиб намоз ўқиб ўтказдилар. Мусулмонлар хотиржам, эртанги кунга ишонч билан, қалблари имонга тўлиқ ҳолда тунни тонгга уладилар, сўнгра Парвардигорлари берган хушхабарга шоҳид бўлиш умидида ётиб, уйқуга кетдилар: «Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун, дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув ёмғир ёғдирган эди» (Анфол сураси, 11-оят).

Ушбу кеча ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон ойининг ўн еттинчиси, жума кечаси эди. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадан чиқишлари шу ойнинг саккизинчи ёки ўн иккинчи куни бўлганди.

Фаришталарнинг тушиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир зум мудрагандек ҳолатга тушдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Хушхабар, ё Абу Бакр, ана Жаброил кўринди, елкаларига чанг қўнган», – дедилар. Ибн Исҳоқ ривоятида: «Хушхабар, ё Абу Бакр, сизга Аллохнинг нусрати келди. Мана, Жаброил отининг тизгинидан тутиб турибди, унинг елкаларига чанг қўнган», – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совут кийган ҳолларида, «Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар сураси, 45-оят) оятини ўқиганларича чодир эшигидан шитоб билан чиқиб келдилар, бир ҳовуч майда тош-тупроқ олиб, Қурайшликлар томонга юзланиб: «Бу юзлар расво бўлсин», деб уларга қарата отиб юбордилар. Биронта ҳам мушрик қолмай, юз-кўзига, оғизларига ўша тош-тупроқлар бориб тегди. Бу ҳакда Аллоҳ таоло оят нозил қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тошчаларни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди» (Анфол сураси, 17-оят).

Шундай қилиб, мусулмонларнинг сонлари кам бўлишига қарамай Аллоҳнинг ёрдами билан мушрикларни тор-мор этдилар.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Шарофиддинов Илёсбек