Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Катта Ҳанафий уламоларнинг аҳли бидъатлар такфири ҳақидаги таҳқиқлари

Катта Ҳанафий уламоларнинг аҳли бидъатлар такфири ҳақидаги таҳқиқлари

Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобида қуйидагича келтирилади: Ҳар бир ўрганиш ва амал қилиш қатъиян вожиб бўлган далилга хилоф  бидъат – куфрдир. Ҳар бир бунга хилоф бўлмайдиган ва унга амал қилиш зоҳиран вожиб бўладиган  бидъат эса – куфр эмас, бидъати залолат бўлади.    

“Расоилу ибн Обидин”.

Аҳли бидъатларни куфрга ҳукм қилишда турфа сўзлар бор. Баъзи уламолар уларнинг биронтасини ҳам куфрга ҳукм қилмаганлар.  Баъзи уламолар эса  уларнинг баъзиларини куфрга ҳукм қилиб шундай деганлар: Ҳар бир қатъий далилга хилоф бўлган бидъат – куфрдир. Ва ҳар қатъий далилга хилофлик қилмайдиган бидъат –  залолат бидъатидир. Аҳли сунна ва жамоа эътимоди шундайдир”.

“Биноя, буғот бўлими”.

“Фатҳул қодир” да у ҳақида сўзлашилган масъала эса – унинг билан заруриёт бўлмаган нарсалар ҳақида бўлган. Бу ҳақида Ибн Обидин ўз рисолаларида айтган.

Бизнинг ҳанафий мазҳабининг улуғ китобларидан бўлмиш “Бадоеъ” да қуйидагича келтирилган: “Бидъат ва ҳаво аҳлинниг имомати макруҳдир”. Имом Абу Юсуф “Омолий” да шундай далил келтиради: “Имомнинг ҳаво ва бидъат аҳли бўлишини ёқтирмайман. Зотан, инсонлар бундай одам ортида намоз ўқишни ёқтирмайдилар.

Баъзи машойихларимиз эса бидъатчи ортида намоз ўқиш ножоиз, деганлар.

“Мунтақо” китобида Абу Ҳанифанинг мубтадиъ ортида намоз ўқишда бирон бир зарар кўрмаганлари келтирилган.

Саҳиҳ қавл шуки, агар аҳли ҳаво бўлса, уни куфрда айблаш жоиз бўлмайди. Ва агар куфрда айблаш ножоиз бўлса, намози кароҳият билан жоиз бўлади.

“Мусоирот”.

Агар бу кимсалар мубтадиъ фирқа аҳли қибла бўлиб, тоинки диний заруриётлардан бирини, ёки аҳкоми шаръийя мутавотирларидан биронтасини қабул қилмасалар, ёки бўлмаса қабул қилиш зарурий амаллардан бири бўлган амални инкор қилмагунларича, аҳли қиблани куфрга ҳукм қилишга журъат қилмаслик лозим”.

“Мактуботи имом Раббоний”.

 

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳнинг  “Икфорул мулҳидин фий заруриёти дин” рисоласи.

Мусулмонларни такфир қилиш – куфрда айблаш ўта хатарли ишдир. Куфрга тушган инсоннинг эса – Аллоҳ асрасин – ҳолати жуда аянчли бўлади. Барча ибодатлари ҳабата – бекор бўлиб, никоҳи бузилади. Такфир  хусусида иложи бор тийилиш, уламоларимизнинг бу ҳақида  айтган фатволарига асосан иш олиб бориш лозим.  Ҳозирги кундаги мусулмонлар бошига тушган бало-ю мусибатларнинг асосий сабабларидан бири – мана шу такфирдир.

Бидъатчи кимсанинг ҳолати қанчалар оғир бўлиши ҳадисларда келтирилган бўлсада, уламоларимизнинг аниқ куфрга сабабчи бўладиган иш  қилинмаса, уларни куфрда айблаш нотўғри бўлиши ҳақидаги фатволари юқорида келтирилди.

Бугунги кунда мусулмонларни куфрда айблаб, қонини ҳалол санайдиган тоифалар сабабли Ислом динига нафрат кучаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бундайин разолатлардан эса, илм ва маърифат билан қутулиш мумкин.

Аҳли сунна ва жамоанинг энг асосий белгиларидан бири, аниқ далил бўлмагунча ҳеч кимни куфрда айбламасликдир.

 

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ