Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КАСБ-ҲУНАР ВА МАИШАТ КИТОБИ. КАСБ ФАЗИЛАТИ, ТЎҒРИ МУОМАЛА ВА УНГА ТААЛЛУҚЛИ НАРСАЛАР ҲАҚИДА

КАСБ-ҲУНАР ВА МАИШАТ КИТОБИ. КАСБ ФАЗИЛАТИ, ТЎҒРИ МУОМАЛА ВА УНГА ТААЛЛУҚЛИ НАРСАЛАР ҲАҚИДА

Билинг! Чиндан ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмату-лутфи билан дунёни гоҳо бу дунё маишати ва гоҳо охират ҳаракати учун сабаб ва касб майдони қилиб қўйди. Биз қуйида тижорат, синоат одобларини, касб-ҳунар турлари ва уларнинг сабабларини зикр этамиз ҳамда шарҳлаймиз.

Касб-ҳунарнинг фазилати ва унга қизиқтириш ҳақида сўз юритар эканмиз, Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони Каримда хабар бериб айтади: «Кундузини тириклик учун яратдик» (Набъа сураси, 11-оят). Буни мамнуният тариқасида зикр этади. Аллоҳ таоло яна айтади: «Биз сизларга ер юзида ҳаётни яратдик, жуда оз шукр этасизлар» (Аъроф сураси, 10-оят). Аллоҳ таоло ҳаётни неъмат қилиб қўйди ва унга шукр этишни талаб қилди. Аллоҳ таоло яна хабар бериб айтади: «Парвардигорингиз фазлини талаб этишингизда сизларга ҳеч бир гуноҳ бўлмайди» (Бақара сураси, 198-оят).

Ҳадиси шарифда воридки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ҳалолни талаб этиш – жиҳоддир». Абу Наим «Хуля»да ривоят этган, мункар – йўқ ҳадис.

«Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани албатта дўст тутади». Имом Табороний ривоятлари, заиф ҳадис. Имом Бухорийнинг муфрад ҳадисларида келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ҳеч бир киши ўзи қўли билан ишлаб топиб еган таомидан ҳам яхшироқ таомни асло емайди». Яна бошқа бир ҳадиси муборакда ривоят этилганки: «Закариё алайҳиссалом нажжор бўлганлар». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: «Одам алайҳиссалом қўшчи бўлганлар. Нуҳ алайҳиссалом нажжор, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Иброҳим ва Лут алайҳиссалом деҳқон бўлганлар. Солиҳ алайҳиссалом тижоратчи, Довуд алайҳиссалом темирчи, Мусо, Шуайб ва Муҳаммад алайҳиссаломлар чўпон бўлишган».

Айрим осорларда ривоят этилганки, Луқмон алайҳиссалом ўғилларига тавсия қилиб бундай деган эканлар: «Эй болам! Ҳалол касбни талаб эт! Зеро, ҳеч бир одам асло фақир бўлмайди, илло унга уч хислатли мусибат етади: динида нозиклик, ақлида заифлик ва муруввати кетиши. Одамлар уни менсимай қолиши – бу салбий хислатларнинг энг улуғи бўлиб ҳисобланади».

Улуғ имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан сўрашди: «Уйида ёки масжидда ўтириб олиб, ҳеч бир иш қилмайман, ҳатто ризқим келади, деб айтадиган одам ҳақида нима дейсиз?» Имом Аҳмад жавоб бериб айтди: «Бу одам илмсиздир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Чиндан ҳам Аллоҳ ризқимни найзам сояси остида этди», деганлар». Имом Бухорий ва Аҳмад ривоятлари. Қушлар зикри бўлганда бундай дедилар: «Қушлар эрталаб уясидан оч чиқади ва кечқурун тўқ қайтади». Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг асҳоблари қуруқлик ва денгизларда тижорат этардилар, айримлари эса хурмозорларда ишлар эдилар. Улардан намуна олиш лозим.

Абу Сулаймон Дорроний айтдилар: «Бизнинг назаримизда ибодат – оёқларни йиғиб ўтириш ва бошқалар сен учун ҳориб-чарчаши эмас, лекин сен аввал икки нонингни ишлаб топиб эҳтиёт қил, сўнг ибодатга кир!»

Агар «Абу Дардонинг «Тижорат ва ибодат билан шуғулландим, иккови бирга бўлмади, сўнг ибодатни ихтиёр этдим», деб айтган сўзларига нима дейсиз?» деб айтилса, жавоб бундай: «Биз чиндан ҳам тижоратнинг ўзини ирода этмаймиз, балки тижоратдан мурод одамларга муҳтож бўлмаслик, оила эҳтиёжини қондириш ва ортиқча мол-дунёни дўстларга сахийлик билан тарқатиш деб биламиз. Аммо тижоратдан мақсад мол тўплаш ва у билан фахрланиш бўлса, бундай тижорат ёмон ва рад этилгандир. Ҳалол йўл билан мол касб этиш учун бўлган шартнома ўз ичига тўрт нарсани олиши лозим: тўғрилик, адолат, эҳсон ва қарздорларга шафқат этиш.

Биринчи иш – тўғрилик. Агар шартнома олди-сотди бўлса, унинг уч аркони бўлади: шартнома тузувчи, шартномада зикр этилган нарса ва шартномадаги ийжоб, қабул сўзи.

Шартнома тузувчи: тижоратчи ҳеч қачон мажнун билан муомала этмаслиги лозим, зеро, унга бирон-бир масъулият юкланмайди. Унинг олди-сотдиси тўғри (саҳиҳ) бўлмайди. Тижоратчи қул билан ҳам тижорий муомала этмайди, агар қулнинг соҳиби изн берган бўлса, у вақтда муомала этади. Шунингдек, ёш бола билан ҳам олди-сотди этилмайди, лекин ёш боланинг отаси ёки валийси унга рухсат берган бўлса, унда тижорий муомала этади. Ёш бола изн берилган қул даражасида бўлади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ назарларида ёш боланинг тузган тижорий шартномаси тўғри бўлади. Кўзи ожиз кишининг тижорий муомаласи бизнинг назаримизда саҳиҳдир. Унинг олди ва сотдиси қабул. Аммо Имом Шофеъий мазҳабларида кўзи кўр кишининг тижорий муомаласи тўғри эмас.

Адолатсизлик. Ким ҳаромдан мол-дунё тўплаган, асосий моли ҳалолдан бўлса, муомала этиши мумкин.

Иккинчи рукни. Шартнома тузиладиган нарса. Бу бир қўлдан иккинчи қўлга ўтувчи молдир. Оддий итни сотиш жоиз эмас, чунки у айни нажасдир. (Ов ёки бошқа хизматларга ўргатилган итлар бундан мустасно.) (Моида сураси, 40-оят).

Аммо хачир ва эшак олди-сотдиси жоиз. Иккови тоҳир ёки нажас, деб айтсак ҳам, баробардир. Ҳашаротлар сотилмайди. Уд (чолғу асбоби) ва сурнай ҳам олди-сотди этилмайди. Лой ва шунга ўхшаш нарсалардан ясалган суратларни сотиш ҳам жоиз эмас. Ҳиссий ва шаръий жиҳатдан қўлга олиш мумкин бўлмаган нарсаларни сотиш ман этилади. Масалан, ҳиссий нарсаларга осмондаги қуш ва хўжасидан қочган қул кабилар киради. Шаръий нарсаларга эса гаровга қўйилган, ёш боласини қолдириб она чўрини ёки боласини онасидан айириб сотиш. Буларни бошқага бериш шаръан ман этилган.

Учинчи рукни. Тижоратда «сотдим» ва «олдим» деб айтишлик. Агар «олдим», деган сўз «сотдим», деган сўздан муқаддам айтилса, бир ривоятда тўғри бўлмайди, иккинчи бир ривоятда тўғри бўлади. Лафзлар ўтган замон феълида ёки амр лафзида бўлса, ҳаммаси баробардир. Агар бериш ва олиш билан олди-сотди этилса, Имом Аҳмад сўзининг зоҳирига қараганда, олди-сотди тўғри бўлади.

Қози Абу Яъло розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бундай олди-сотди майда-чуйда нарсаларда бўлади. Бу энг муносиб сўз. Мен қиймати оз бўлган арзимас нарсалардагина олди-берди тариқасидаги тижорат деб биламан, чунки урф-одатда шундай кечади. Хилоф шубҳасидан чиқиш учун эҳтиёткорлик нуқтаи-назаридан «сотдим» ва «олдим» сўзларини тарк этмаслик зарур».

Аллоҳ таоло рибо ишида қаттиқ йўл тутган. Унга тушиб қолишдан хазар этмоқ лозим бўлади. Рибо икки қисмдир:

  1. Фазл рибоси. Бунда юз сўм қарз беради ва олишда юз ўн сўм қилиб олади.
  2. Насия рибоси. Бунда қарз берувчи шарт қўяди. Агар айтилган вақтда қарздор қарзини адо этмаса, шунча сўм маблағ зиёда беради. Буни билиш лозим. Нима нарсаларда рибо бўлишини билиш даркор. Бундан ташқари «Топшириш», «Ижара», «Музораба», «Шерикчилик»ларнинг шартларини билишга киши муҳтож бўлади, зеро, касблар мана шу битим-иттифоқлардан холи бўлмайди.

Иккинчи иш – адолат. Муомалада зулмдан эҳтиёт бўлиш. Биз зулм, деганда бошқа одамнинг зарар топмаслиги деб биламиз. Бу зарари умумий ва зарари хос қисмларга бўлинади:

  1. Ихтикор – монополия, яъни ҳамма нарсани ўзи сотиб олади-да, кейин хоҳлаган нархда сотади. Бундай тижорат нарх-наво ўсиши ва одамлар ризқ-насибаси торайишига олиб келиши мумкинлигидан ман этилган.

Бунинг сифати шундай: кўп миқдорда олдиндан сотиб олинган дон-дун маҳсулотлари ва бошқаларни нарх-наволари кўтарилишини кутиб туриб қимматчилик вақтида сотади. Аммо ўзига қарашли ер ёки чорбоғидан дон келиб, уни бир жойга беркитиб қўйиш бунга кирмайди, яъни ихтикор бўлмайди. Шунингдек, одамларга қимматчилик ёки танглик бўлмайдиган даражада кенгчилик ва арзончилик пайтида бир нарсани сотиб олиб қўйиш ҳам ихтикор бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, дон-дун, озиқ-овқат билан тижорат этиш маъқул эмас, чунки улар одамларнинг тирик бўлиш сабабларидир. (Баҳоси жуда баланд, одамларга маъқул даражада бўлмаган озиқ-овқат билан тижорат этиш кариҳ кўрилган, аммо муносиб ва мўътадил нархлар билан нави сифатли яхши озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо-сотиқ этиш жоиз, зеро бундай тижорат керак, ҳатто истеъмолчиларга зарур маҳсулотлар мунтазам етиб туриши лозим).

  1. Зарари хос бўлиши. Бунга мисол: бир маҳсулотни унда бўлмаган сифати билан мақташ ёки муштарийдан унинг айб-нуқсонини беркитиб сотишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Ким бизларни алдаса, бизларнинг жамоатдан эмас». Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят этишган.

Билингки, тижорат ва синоат, касб-ҳунарда қаллоблик, алдаш, фириб бериш ҳаром. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан кийимдаги билинмайдиган ямоқ ҳукми ҳақида сўрашганида, у зот жавоб бериб айтдилар: «Сотадиган одам уни бекитиши жоиз эмас».

Тижоратчи тош-тарозини тўғри тутиши лозим. Бунда у агар сотганда тарозини оғир қилиб ва ўзи сотиб олганда енгил тортиб олган тақдирда холис бўлади. Бир киши дон-дунга тупроқ аралаштириб, кейин тарозига қўйса, у тарозидан уриб қолган бўлади. Худди шундай қассоб ҳам одатга хилоф равишда гўшт орасига суякларни аралаштириб қўйса, шу ҳукмда бўлади. Шунга ўхшаш муштарийни алдаш мақсадида бир киши сотиб олишни истамаган молнинг устига зиёда нарх қўйишдан ман этилади. Шу каби сутни соғмасдан ҳайвон елинида сақлаб, сўнг уни серсут ҳайвон, деб сотиш ҳам ман қилинган.

Учинчи иш – тижоратда яхши муомалада бўлиш. Аллоҳ таоло адолатли ва ихлосли бўлишга амр этади. Сотишда бағрикенг бўлиш эҳсон ҳисобланади. Одатда одамлар бир-бирларини алдаганликларидек ҳаддан зиёд фойда кўрмаслик зарур. Аммо фойда кўришликнинг аслига рухсат этилган, зеро сотиш фойда билан бўлади. Аммо фойда асли нархга яқин бўлишига риоя этилади. Муштарий бир нарсага муҳтож ва кучли рағбати сабабидан одатдаги фойдага нисбатан зиёда фойдани таклиф этса, сотувчи бу фойдани қабул этишдан бош тортиши зарур бўлади. Сотувчининг бу иши эҳсон бўлиб ҳисобланади.

Яна сотувчи сотган молининг пулини ёки берган қарзини қайтариб олишда гоҳо бағрикенглик, гоҳо баъзи қарзни кечиш, гоҳо кутиб туриш, гоҳо енгиллик, гоҳо янги сифатли пул бериш билан олийжаноблик кўрсатади.

Эҳсон этиш йўлларидан яна бири шуки, бир киши кечиб юборишни сўраса, кечиши лозим, зеро, фақат зарар кўрган сотувчигина кечиб юборишни талаб этади. Мазкур ишларнинг фазилатига ва бунинг соҳибларига бўладиган ажр ва савобларга жуда кўп ҳадиси шарифлар гувоҳ бўлади.

Тўртинчиси – тижоратчи ўзига хос ва охиратга тегишли ишларда динига шафқатли бўлиши. Тожир кишининг ҳаётий ишлари уни охиратдан бутунлай машғул қилиб қўймаслиги лозим бўлади, балки у дин-диёнатни риоя этади. Динига бўлган шафқати олти нарсага риоя этиш билан тамомига етади:

  1. Тижорат этишда чиройли ният этиш. Тижорат этиш билан одамлардан бир нарса сўрашдан ўзини тийишни, инсонлардан таъма этмасликни ва аҳли аёли кифоясида қоим бўлишни ният этади. Бу билан мужоҳидлар жумласидан бўлади ва мусулмонлар оммасига насиҳат этишни ният этган бўлади.
  2. Синоат – касбу ҳунарда ёки тижоратида фарз кифоялардан бир фарз адосини қасд этиш. Дарҳақиқат, касбу ҳунар ва тижорат фаразан тарк этилгудек бўлса, ҳаёт равияси бузилади. Аммо касб-ҳунарларнинг айримлари муҳим, баъзилари эса, масалан, зебу-зийнат ва ҳашамдорлик талабида бўладигани жуда ҳам зарур эмас. Шунинг учун ҳам муҳим синоат – касб билан машғул бўлиб, мусулмонларнинг зарур ишида кифоя бўлишга ҳаракат этиш зарур. Заргарлик ҳунарларидан, наққошлик, гипс ва безак билан зийнатланадиган биноларни қуришдан четланиш лозим. Зеро, буларнинг барчаси макруҳдир.

Гуноҳ бўладиган ишлар қуйидагилар: тикувчи эркакларга ипакли чакмон тикиши, қассоб бўлиш кариҳ кўрилган, зеро қассоблик қалбнинг қаттиқ бўлишига олиб келади, қон олувчилик, фаррошлик ишлари нажосат билан боғлиқ бўлганидан мақбул кўрилмайди, шу маънода тери ошлаш касби ҳам шулар жумласидандир.

Қуръони Каримни, ибодатларни ва кифоя фарзларни ўргатиш учун ҳақ олиш жоиз эмас (Бу тўғрида ҳар бир жойнинг шароитига қараб иш юритилади. Шунга биноан Қуръони Каримдан таълим бергани бадалида ужра олиш жоиздир).

  1. Дунё бозори ундан охират бозорини ман этмаслиги. Охират бозори – масжидлар. Эртасининг аввалини то бозорга кириш вақтига қадар охиратига бериши лозим. Ўзига вирдларни ўқишни вазифа этади. Салафи солиҳ тижоратчилари куннинг боши ва ниҳоясини охиратларига, ўртасини эса тижоратларига бағишлар эдилар. Агар пешин ва аср намозларига айтилган азонларни эшитса, фарзни адо этиш учун тирикчилик ишлари билан шуғулланишни тарк этиш лозим.
  2. Бозорда бўлган вақтда Аллоҳ таоло зикрини лозим тутиш. Тасбеҳ («Субҳаналлоҳ») ва таҳлил («Ла илаҳа иллаллоҳ»)ни айтиш билан машғул бўлиш.
  3. Бозор ва тижоратга жуда қаттиқ ҳирс қўймаслик. Бозорга биринчи бўлиб кирмаслик ва ундан охирги бўлиб чиқмаслик.
  4. Ҳаромдан четланишни қасд қилиб қолмай, балки шубҳа ва гумонли нарсалардан тақво этиш, фатво билан чегараланиб қолмай, қалбдан ҳам фатво сўрайди. Бас, қалбни қорайтириб қўядиган нарсадан четланади.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота»
жоме масжиди имом-хатиби Эшонхўжаев Саидроҳим
манбалар асосида тайёрлади