Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Карбалода томган пайғамбар қони…

Карбалода томган пайғамбар қони…

Фурот дарёси водийсида, Бағдод шаҳрининг жануби-ғарбида Карбало деган тарихий шаҳар бор. Унинг номини эшитган мусулмон борки, ўтмишда бу ҳудудда юз берган машъум воқеани эслаб, қалби ғам-ғуссага ботади. Хўш, бу ерда нима бўлган эдики, инсонлар ҳали-ҳануз бу фожиани унутолмайди?

Ҳижратнинг 60 йили Ражаб ойида Муовия (розияллоҳу анҳу) вафот этди. Ундан сўнг ўғли Язидга байъат қилинди ва Язид ибн Муовия Умавийлар давлатининг янги ҳукмдорига айланди. Аммо Ҳусайн ибн Али (розияллоҳу анҳумо) Язидга байъат беришдан бош тортди ва Маккага кетди.

Ироқ аҳолисининг аксар қисми ўзларини Али (розияллоҳу анҳу) тарафдорлари деб Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни ишонтирдилар ва унга Куфага келиб куч тўплаб, сўнгра Язиддан ҳокимиятни тортиб олишни таклиф этдилар. Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) Ироқ аҳлининг асл ниятини ва у ердаги ҳолатни ўрганиш учун амакисининг ўғли Муслим ибн Ақил ибн Абу Толибни Куфага юборди. Муслим Куфага келгач, унинг келганидан хабар топган ўн икки минг киши келиб Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)га байъат бердилар. Муслим ибн Ақил Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)га Куфага келишини сўраб мактуб ёзди.

Аммо Куфанинг амалдаги ноиби Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) тарафдорлари билан Ироқда Язидга қарши куч тўплашига тўсқинлик қила бошлади ва даставвал Муслим ибн Ақилни ўлдирди. Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) эса Муслимнинг қатл қилинганидан бехабар ҳижратнинг 60 йили Зулҳижжа ойининг 8 куни аёллари ва болаларини олиб Ироқ сари йўл олди.

Язид ибн Муовияга бу хабар етиб борганида, у Убайдуллоҳ ибн Зиёдга мактуб ёзди: “Менга Ҳусайн Куфага бораётгани ҳақида хабар етди. Албатта у замонлар орасидан сенинг замонинг, шаҳарлар орасида сенинг шаҳринг билан синалди, сен эса омиллар (валийлар) орасида синалдинг (яъни Ҳусайн шаҳарлар ичида айнан сенинг шаҳрингга сен валий бўлиб турган вақтингда йўл олди демоқчи). Бу вақтда сен ё қулликдан озод бўласан, ё қул қилинасан (яъни у билан тўқнашсанг ёки ютасан ва ҳур бўласан, агар ютқазсанг, қул бўлгандек ҳурриятингни йўқотасан)”.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд қўшинига ҳеч ким Куфадан чиқиши ва унга кириши мумкин бўлмаган вазиятни тайёрлашни буюрди. Бу билан Маккадан йўлга чиққан Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) энди фақат Ибн Зиёд қўшини билан учраша олар, бошқа ерга кетиш имкони бўлмай қоларди.

Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) Куфага яқин ерга келганида Муслимнинг вафотини эшитди. Аммо унинг сафдошлари то Муслимнинг қасосини олмагунча қайтмасликларини айтдилар.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг йўлини тўсиш учун ўзининг қўмондонларидан бири – Умар ибн Саъд ибн Абу Ваққосни юборди. Умар вазиятни ўрганди ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) Куфа аҳлининг талаби билангина бу ерга келганлигини аниқлади. Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) Умарга бир неча шартни: ё Язидга байъат бериш учун Шомга боришига ёки ортга қайтишига изн беришларини таклиф қилди.

Умар ибн Саъд буни эшитиб жуда қувонди. Сабаби Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг Язидга байъат бериши – бошланажак урушнинг олди олиниши эди. Ибн Зиёдга Умарнинг мактуби етгач, у Язидга Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) унга байъат беришга рози эканлигини билдириб одам юбормоқчи бўлди. Аммо мактуб етиб келганда унинг яқин амалдорларидан Шамр ибн Зилжувшан бу фикрга қарши бўлди. У Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) келиб Ибн Зиёдга таслим бўлишини ва ўзини унинг ҳукмига топшириши кераклигини айтди. Бу фикр Ибн Зиёдга маъқул бўлди. У Шамр ибн Зилжувшанни Умар ибн Саъдга элчи қилиб юборди. У бориб Умарга Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳукмига топширишини, акс ҳолда, ўзини ўлдириб, ўрнига Шамр ибн Зилжувшан қўшин қўмондони бўлишини айтиб таҳдид қилди.

Умар ноилож Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)га Ибн Зиёдга таслим бўлиши кераклигини айтди. Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) бу талабни рад этди ва эртаси куни эрталаб унинг қўшини билан кураш учун ҳозирлик кўрди. Ўша кун ҳижратнинг 61 йили Муҳаррам ойининг 9 куни эди. У билан бирга келган 80 кишининг 32 таси отлиқ, қолганлари пиёда эди. Умарнинг қўшини эса 4000 кишидан иборат эди.

Тезлик билан бошланган жанг аввалида Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) жанг қилмади. Аммо уни ҳимоя қилган шериклари бирин-кетин ҳалок бўлгач, ўзи ҳам жангга киришди. Шундай бўлсада, қарши тарафдан бирор кимса келиб уни ўлдиришга жазм эта олмас эди, уни тезроқ таслим бўлишини истар эдилар. Шу пайт Шамр ибн Зилжувшон иш тизгини қўлдан чиқаётганидан хавфсираб қолди ва қўшинига қараб қичқирди, уларни Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни ўлдиришга буюрди. Жангчилар уни ўраб олдилар, Зуроа ибн Шарийк уни қилич билан уриб йиқитди, Синон ибн Анас Нахий эса унга найза санчди ва бошини танасидан ажратиб олди.

Ислом тарихида ўзининг қонли воқеалари ва фарёд тўла фиғонлари билан из қолдирган, сўзлашга қалб дош бермайдиган ушбу машъум кун – Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн зулмидан қутулган, Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бунинг шукронаси учун рўза тутиб, саҳобаларини ҳам рўзага буюрган, Аллоҳ таоло унда уришишни ҳаром қилган Муҳаррам ойининг 10 куни – Ашуро куни эди.

Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) билан бирга унинг сафдошларидан 88 киши ҳам ўлдирилди. Тирик қолган ягона аҳли байтга мансуб инсон – касаллиги сабабли жангда қатнашмаган – Али ибн Ҳусайн эди. Жанг тугагач, бошқа гуруҳлар қолган шаҳидларнинг ҳам бошларини таналаридан ажратиб олдилар. Улар хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки бошни бўлиб олиб, кўтариб борар эдилар. Умар ибн Саъд жангчиларига Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг аёллари ва болаларига ёмон муносабатда бўлмасликни тайинлади ва уларни Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) боши билан бирга Ибн Зиёдга жўнатди.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) боши ва унинг оиласини Язид ибн Муовиянинг олдига жўнатди. Язидга бўлиб ўтган ишлар хабари ва Убайдуллоҳнинг жўнатганлари етиб келганда у йиғлади, қўл остидагиларнинг бундай иш тутганларидан афсусланди. Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг оила аъзоларини барчасини иззат-икром қилди ва уларни Мадинага қайтариб юборди.

Юқорида бўлиб ўтган ишлардан хулоса қиладиган бўлсак, Язид ибн Муовиянинг Карбалода бўлиб ўтган ҳодисада айблаш тўғри эмас. Чунки эътибор қилинса, Муовия (розияллоҳу анҳу) ҳижратнинг 60 йили Ражаб ойида вафот этди. Ундан сўнг Язидга байъат берилди ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) бунга қарши чиқди. У Куфага Зулҳижжа ойида йўл олди. Орада эса 4 ой муддат бор: Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда. Агар Язид Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг байъат бермаслигидан ғазабланиб, унга зарар етказишни истаганида, шу 4 ой ичида амалга ошираверарди. Кўпгина уламолар (Ибн Касир, Жалолиддин Суютий, Заҳабий, Ибн Асокир) Язиднинг Убайдуллоҳга жўнатган мактубидаги «бу вақтда сен ё қулликдан озод бўласан, ё қул қилинасан» деган гап Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни ўлдиришга буйруқ берганига далил деганлар. Аслида Язид ибн Муовия бу гапи билан агар Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) Ироққа валий бўлиб олса, сени бўшатади ва худди аввал қул бўлганинг каби қул қилиб олади, шу сабаб уни тўхтат, демоқчи бўлган.

Язиднинг бу қотилликда беайблигининг ёрқин далили – ҳеч қайси саҳобаи киромдан Язидни лаънатлаш ёки уни Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ўлими билан айблаш борасида бирор ҳадис ривоят қилинмаган. Уни айбловчиларнинг аксари шиалар саналиб, улар Убайдуллоҳ ибн Зиёдга қатл буйруғини Язид ибн Муовия берган деб ҳисоблайдилар. Аслида, Ироқ аҳли Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни чақириб, у оғир аҳволга тушганида ундан юз ўгирдилар.

Тоййиб Нажжор шундай дейди: «Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ўлимидаги айбдорлар – Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Шамр ибн Зилжувшон, Умар ибн Саъд ибн Абу Ваққос. Язид ибн Муовия унинг ўлими борасида бегуноҳ». Имом Ғаззолий ҳам Язиднинг бу борада айбсизлигини айтган.

Язиднинг Карбало фожеасидаги иштироки унинг Убайдуллоҳ ибн Зиёдга ёзган юқоридаги биргина мактубидир. Лекин бу мактуб уни қатл қилишни буюрганлигига асосли далил бўла олмайди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юртининг 4-курс талабаси
Юсуфий Рокия