Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Карантин тартибларига амал қилиш мусулмонлик бурчимиз

Карантин тартибларига амал қилиш мусулмонлик бурчимиз

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ““Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, деганлар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадисни келтиришимиздан мақсад, саломатликни сақлаш муҳим неъматлардан бири эканини таъкидлашдир. Жонни сақлаш фарз амал. Бугунги карантин мажбуриятларига амал қилмаслик, бошлиқларнинг амрини бажармаслик гуноҳ орттиришга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинглар. Агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангизлар, бирор нарсада тортишиб қолганингизда уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилинглар. Ана шу яхши иш ва оқибати хайрлидир” (Нисо сураси, 59-оят).

Эътибор берадиган жиҳат шундаки, жорий этилган карантин қоидалари энг аввало бизнинг соғлимиз, оилавий хотиржамлигимиз учун жорий қилинди. Ҳар биримиз ўзимизни ҳимоя қилиш орқали ён-атрофимиздагиларни, бутун жамиятни муҳофаза қилган бўламиз. Аллоҳ асрасин, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилмай, ўзбошимчалигимиз натижасида касалликни юқтириб олсак ва бу аянчли оқибатларга олиб келса, ўз жонига қасд қилгандек бўлиб қолишимиз мумкин. Бу эса, албатта, оғир гуноҳлардан бири саналади.

Уйда қолиш сўраляптими, заруратсиз кўчага чиқманг!

Жамоат жойларига борманг дейилмоқдами, борманг!

Кўпчилик бўлиб йиғилманг дейилмоқдами, йиғилманг!

Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Миллий гвардия, Санитария эпидемиология марказлари ва бошқа кўплаб ташкилот ходимлари кечани кеча, кундузни кундуз демай фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Аллоҳ барчаларига қувват берсин. Сизу бизнинг вазифамиз эса – ана шу инсонлар заҳматини қадрлаш, уларга янада кўпроқ муаммо туғдирмасликдир.

Минг афсуски, орамизда мутасадди ходимлар карантин қоидаларига амал қилиш лозимлиги ҳақида кўрсатма ва танбеҳ берган пайтда ўзини бошқара олмаётган, ахлоқсизлик билан муносабатда бўлаётганлар ҳам учраб турибди. Аслида саломатлик ўзимизники, уни муҳофаза қилиш ўзимизга керак. Мусулмонман, қалбимда имоним бор деган киши ўзига ва ўзгаларга зиён етказмайди. Зеро, динимиз таълимотлари шундай.

Аллоҳ барчамизни бало офатдан сақласин. юртимизни ва халқимизни Ўз паноҳида асрасин!

«Усмон Зиннуройн» жоме масжиди имом хатиби Қ.Қамбаров

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan