Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Карантин қоидаларига беписанд бўлмайлик!

Карантин қоидаларига беписанд бўлмайлик!

Барчамизга маълумки, бугунги кунда бутун дунё аҳли коронавирус касаллиги билан курашиб ўзининг қўлидан келган барча чораларни кўрмокда. Бу касаллик Аллоҳ таоло томонидан биз бандаларга берилган синовдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз».

Дунёда мавжудлигимиз сири ҳам балоларга дучор бўлиб туришимиздир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Қачонки Аллоҳ бандасига яхшиликни хоҳласа, унга дунёда уқубат, яъни жазони шошилтириб беради, агар бандасига ёмонликни хоҳласа, унга гуноҳига яраша берадиган жазо, яъни уқубатни тўхтатиб туради, хатто қиёмат куни тўла-тўкис жазо берилиши учун Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини давом эттириб айтдилар: «Албатта жазо, яъни мукофотни каттаси балонинг улканлигига қараб бўлади. Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса уларни балолантиради. Бас, кимики рози бўлса (ушбу ўзига келган балолардан) унга Аллоҳнинг розилиги бўлади. Ва кимики ёмон кўрса, унга Аллоҳнинг ғазаби бўлади».

Имом Термизий ривояти.

Юқоридаги оят ва ҳадисдан шу нарса ойдинлашадики, демак бутун дунёда бугунги кунда воқеъ бўлаётган барча нарсалар Аллоҳ таоло ирода қилган нарсалардир. Жумладан коронавирус эпидемияси ҳам, бизларни диёримизда бўлиши бу бир синовдир. Бундай синовли вазиятда мўъмин- мусулмон бардошли, сабр-тоқатли бўлмоғи лозим. Баъзиларни кўрасиз «Лаънати коронавирус» дейди, баъзилар эса истеҳзо қилади. Бу эса чин мўъминнинг ҳулқи эмас. Ҳақиқий мўъмин бундай вазиятда хушёр бўлиб, барча сабабларни ушлайди, гўё ҳамма нарса эътиборидан четда қолмаганидек. Сўнг Аллоҳ таолога таваккул қилади. Гўё ушлаган сабаблари Аллоҳ таолога қилган таваккул олдида ҳеч нарсага баробар бўлмагандек. Бу борада пайғамбаримиз алайҳиссалом Бадр жангида тайёргарлик кўриб, сўнг Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо ва тазарруъ қилдиларки, елкаларидаги ридолари тушиб кетди. Ҳазрати Абу Бакр «Кифоя қилди ё Расулуллоҳ! Албатта, Аллоҳ сиз учун ваъдангизни рўёбга чиқаради» дедилар.

Бугунги кунда юртимизда барча мутасадди ташкилотларнинг хоссатан шифокорларнинг бу вабо касаллигини тарқалишини олдини олиш бўйича олиб бораётган ишлари тахсинга сазовордир. Бироқ, айримлар шундай қалтис вазиятда ҳам барча карантин қоидаларини бузиб, қўштирноқ ичидаги айрим савдогарларнинг халқга, жамиятга енгиллик қилиш ўрнига сунъий равишда нарх-наволарни оширишлари, ёқлаб бўлмайдиган холдир.

Карантин жараёнида раҳбарият томонидан жорий қилинган барча тартиб-қоидаларга амал қилиб риоя этишимиз барчамизнинг бурчимиз.

Карантин қоидаларига беписанд, риоя этишни хоҳламай беодоблик қиладиганларни инсофга чақириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга итоат қилинг ва ўз ичларингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Сизлардан бирингиз мункар (шариатда қайтарилган иш)ни кўрса қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, қалби билан, ана шу иймоннинг заифроғи» дедилар. Яъни, қалби билан рад этиши иймоннинг энг заиф нуқтаси демоқдалар.

Аллоҳ таоло барчамизни, дуода, тавбада, тазарруъда, истиғфорда бўлиб, хақларимизга ғойибона хайрли дуолар қилишимизни насиб айласин!

Тошкент тумани «Зиннурайн» жоме масжиди имом хатиби Ашурмухаммад домла Камолиддин ўғли