Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / КАМТАРЛИК – МЎМИННИ КОМИЛЛИККА ЕТАКЛАЙДИГАН ФАЗИЛАТ!

КАМТАРЛИК – МЎМИННИ КОМИЛЛИККА ЕТАКЛАЙДИГАН ФАЗИЛАТ!

Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Агар инсон ўз сийратини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Муқаддас динимиз таълимоти бандаларини камтар, хокисор ва тавозели бўлишга тарғиб қилади.

“Тавозе” луғатда “камтар, хокисор, оддий, сипо, камсуқум, ювош” каби бир неча сўзлар билан изоҳланса-да, кўпроқ бу камтарликни, кибрнинг зиддини англатади. Камтарлик ва кибрнинг ҳам бошқа хулқлар каби икки тарафи мавжуд. Ортиқчаликка мойил бўладиган хулқ “такаббурлик” деб номланади. Ноқисликка мойил бўладиган хулқ “пасткашлик ва хорлик” деб аталади. Буларнинг ўртаси “тавозе” деб номланади. Тавозе – бу севимли хулқдир. Тавозе – камтарлик, гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло менга: «Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди» (Муслим ривояти).

Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқ бўлади. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиши билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди», деганлар (Муслим ривояти).

Камтарликнинг зидди манманлик ва такаббурлик бўлиб, у коинотни йўқдан бор қилган, барча нарсаларни яратишга қодир бўлган Зот, буюклик соҳиби Парвардигоргагина хосдир.

Инсон ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик иззат ва шарафларга сазовор бўлади. Чунки банда учун белгиланган мақом – хокисорлик, қулликдир. Банда шу мақом томон одимлар экан, унинг қадамларига ҳасанот ѐзилади, ўзи иззат ва шараф соҳибига айланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам камтарлик ва хоксорликда бутун умматга ибрат бўлганлар. У зот ҳаммага биринчи бўлиб салом берганлар, ҳатто болаларни ҳам ҳурматлаганлар, аҳли аёлларининг хизматини қилганлар, поябзалларини ўзлари ямаганлар, қўйларини ўзлари соққанлар.

Тавозе сифатига эга инсонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна шундай ҳадислари бор: “Мискин бўлмагани ҳолда ўзини хокисор тутувчи, маъсиятсиз йиққан молидан инфоқ эҳсон қилувчи, мискину фақирларга раҳм қилувчи, фиқҳ ва ҳикмат аҳлига аралашиб юрувчи кишилар қандай яхши!” (Табароний ривояти).

Жунайд Бағдодий айтадилар: “Тўрт нарса бандани олий даражаларга кўтаради, гарчи унинг амали ва илми оз бўлса ҳам: тавозелик, ҳалимлик, сахийлик ва чиройли хулқ. Булар эса имоннинг мукаммаллигидир”. Донишмандлардан бири шундай деган: “Ким ўз нафсини бирор қийматга эга деб ҳисоблар экан, демак, у тавозедан бенасибдир. Барчанинг тавозели бўлгани яхши: агар бой тавозели бўлса, ҳаммасидан ҳам яхши!”

Аллоҳ таоло барчаларимизни камтар ва тавозели бандалари қаторида қилиб, улкан гуноҳ ҳисобланган ва банданинг жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган кибр балосидан паноҳида асрасин! Камтарлик, тавозе ва ҳалимликдан бутун умматга ибрат ва намуна бўлган комил хулқ соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ тарзда юришни ҳаммаларимизга насибу рўз айласин.

Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди имом хатиби