Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Камтарлик фазилати

Камтарлик фазилати

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тавозе сўзига камтарлик, ўзини бировдан юқори тутмаслик, дея таъриф берилади. Дарҳақиқат, инсон камтарлиги, ўзини бошқалардан юқори тутмаслиги фазилат ҳисобланиб, у билан ҳаётда ҳурмат-эътибор топади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Имом Муслим ривояти).

Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳнинг даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадру қийматларини ҳам ўз ўрнига қўядилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: Ким Аллоҳ учун камтарлик килса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Камтарликнинг акси манманлик бўлиб, унга ёмон иллат сифатида қаралади. Ислом динида инсоннинг кибру ҳавога берилиши тақиқланган. Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб: Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмайсан!(Исро сураси, 37-оят) – дея марҳамат қилган. Демак, банда ўз ўрни ва ҳаддини билмоғи лозим. Акс ҳолда, у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Кибру ҳаво ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қалбида бир дона ачитқи уруғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уруги оғирлигида кибри бор одам жаннатга кирмайди” (Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Манманлик килиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб, кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотиши аниқ.

Тавозе ва камтарлик фазилатли ва олийжаноб хулқлардан бўлиб, динимиз Ислом инсонларни мазкур хулқ билан безанишга чақирган. Набий алайҳиссалом бу борада барчага ўрнак бўлганлар.

У зот Одам болаларининг саййиди, оламлар Рабби Аллоҳнинг Ҳабиби ва Халили, пайғамбарларнинг хотималовчиси бўлсалар-да, одамларнинг энг камтари ва хулқи гўзали эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни подшоҳ пайғамбар ёки қул (подшоҳ эмас) пайғамбар бўлиш ўртасида ихтиёрли қилиб, икковидан бирини танлашни сўраганда, Ул зот қул пайғамбар бўлишни ихтиёр этгандилар.

Камтарлик хислати Набий алайҳиссалом хулқларининг ажралмас бир қисми эди. Бу нарса У кишининг юриш-туришлари, ўтиришлари, овқатланишлари ва барча ишларида намоён бўларди. У зот бундай дер эдилар: “Мен бир қулман, қулдек овқатланаман ва қулдек ўтираман” (Ибн Ҳиббон ривояти).

У зотнинг маркаблари эса оддий одамлар минадиган нарсалардан бўлган. У киши ўзлари учун бир неча одамлар кўтариб юрадиган алоҳида тахтиравон қилдирмаганлар, балки туя, от минганлар.

Тавозе ва камтаринлик ўз соҳибини олий қиладиган хислатдир. Киши қанчалик камтар бўлса, одамлар наздида шунчалик юксалади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “(Ҳеч вақт) садақа (ва хайр-эҳсон) молни камайтирган эмас, кечиримлилик билан Аллоҳ бандага азизликдан бошқасини зиёда қилмайди ва кимки Аллоҳ учун ўзини камтар тутса, албатта, Аллоҳ уни баланд қилади” (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларидаги тавозе ва камтаринликни яхши кўради, бунинг муқобилида эса манмансираган, мутакаббир ва ўзига бино қўйганларни, ўз нафси, чиройи ёхуд молу давлати ва жисмига маҳлиё бўлганларни ёмон кўради. Зеро, кибр инсонни охир-оқибатда ҳалок қиладиган ёмон хулқдир.

Шу боис ҳам киши кийган кийимида, минган маркабида бўладими, қурган уйидами, фахрланмаслиги, ўзини бошқалардан устун санамаслиги лозим. Акс ҳолда, гуноҳкор бўлади. Чиройли кийиниш, энг зўр жиҳоз ва ҳоказолардан фойдаланиш мумкин, ҳашаматли уй қуриш ва унда яшаш мумкин. Фақат ўзгалардан ажралиб туриш, улардан устунлигини намойиш қилиш ва фахрланиш учун эмас, балки шунчаки, бу неъматлардан фойдаланиб, Аллоҳга шукр қилиш учун бўлиши керак.

Аллоҳ таоло барчаларимизни кибру ҳаводан йироқ қилиб, камтарлик фазилати билан зийнатланган бандалари қаторида бўлишимизни насиб этсин.

Абдурахманова Назира

Қуйи Чирчиқ туман бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси